Педагоглар ҳамкорлиги
Чилонзор туманидаги 183-мактабда “Мустақил юрт педагоглари сифатли таълим сари” шиори остида “Маҳорат мактаблари” фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ходимлари ҳамда илғор ўқитувчилар қатнашган тадбирда замонавий педтехнологияларни амалиётга татбиқ этиш, ҳамкорликда ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш, “Маҳорат мактаблари” йўналишида олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
— Таълим тизимига янги метод ва технологияларнинг кириб келаётгани педагогларни изланиш, дарсга ижодий ёндашиш ва ўзаро тажриба алмашишга ундайди. Бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали илғор иш услубларини оммалаштириш ўқитишдаги мавжуд камчиликларга тўғри ечим топиш имконини бера-ди, — дейди туман ХТМФМТТЭБ мудири Т. Матёқубов. — Бугунги ўқув-амалий семинарда юқори малакали, тажрибали тренер-ўқитувчилар 17та фан бўйича “Маҳорат мактаби” дарсларини олиб борди. Машғулотлар барчада яхши таассурот қолдирди.
Семинарда жорий ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Хайриддин МУРОД,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.