Кўркам бино ва янги жиҳозлар
2015 йилги Инвестиция дастурига кўра, мамлакатимиздаги 384та мактабда 423 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари олиб борилиб, зарур ўқув-лаборатория анжомлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Ана шундай муассасалардан бири Янгибозор тумани Қаландардўрман қишлоғидаги 17-мактабдир . Жорий ўқув йили арафасида муассасанинг 240 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилган эди. Хўш, айни пайтда янги иморат ва яратилган замонавий шароитлардан ўқитувчи ва ўқувчилар қай даражада унумли фойдаланмоқда?
— 2015 йил февралда эски мактаб ўрнида янги иморат қурилиши бошланганда қишлоқдошлар қизиқиб, иншоот қачон битишини сўрашди, — дейди 17-мактаб директори ўринбосари Мурод Турсунов. — Уларга “Шу йил сентябрда ўқишни янги бинода бошлаймиз”, десам айрим ёши улуғ маҳалладошларимиз: “Илгарилари мактаб қурилиши бошланганда 1-синфга борган бола янги бинога қадами тегмай мактабни битириб кетарди”, дея эслашди, давлатимизнинг ғамхўрлигига, қурувчиларнинг салоҳиятига тасаннолар айтишди. Ҳақиқатан ҳам, икки қаватли кўркам иморат хивалик усталар томонидан июль ойидаёқ қуриб битказилди.
Иморатнинг тикланишига 643 миллион сўм сарфланиб, 76 миллион 366 минг сўмлик жиҳозлар билан таъминланди. Кўргазмали техник воситалар, фанларга доир плакатлардан кенг фойдаланиш дарслар сифатини яхшиламоқда. Хусусан, видеопроектор, принтер, DVD, телевизор ва бошқа техник жиҳозлар ҳар бир фан ўқитувчисининг дарсни қизиқарли ўтишида қўл келмоқда. Мактаб биноси жами 9 хонадан иборат бўлиб, 4та ўқув хонаси, 1тадан кимё ва физика кабинети, 2та компьютер хонаси ва ўқитувчилар хонасида ўқув-тарбия ишлари кўтаринки кайфиятда олиб борилмоқда. 3та компьютер ўқитувчилар хизматида бўлса, 12 нетбук асосан ўқувчилар ихтиёрида. Компьютерлар билан ишлаш уларнинг севимли машғулотига айланиб улгурган. Мактаб ўзининг www.yangibozor 17-m.uz/admin номли веб сайтига эга. Эндиликда ўқувчилар ҳам устозлари кўмагида ўз веб-сайтини яратиш устида изланиш олиб бормоқда.
— Янги мактабда яратилган шароитдан фойдаланиб, ўз веб-сайтимни очдим, — дейди 8-синф ўқувчиси Ўткир Қадамбоев. — Унга биринчи бўлиб мактабимиз суратини жойлаштирдим. Сайтимни синфдошларга табриклар, рефератлар, мактаб тадбирларидан лавҳалар билан бойитиб бораяпман. Яқинда синфдошим, туман шахмат турнирининг ғолиби Мақсад Тўлибоевнинг фахрий ёрлиғини сайт саҳифасига жойладим. Келгусида саҳифага мактабимиз ва ўқувчиларнинг энг диққатга сазовор ютуқларини мунтазам киритиб бормоқчиман.
7-синф ўқувчиси Рўзика Қўшчанова шундай дейди:
— Мен адабиёт фанига қизиқаман. Шеър ёзишни машқ қиламан, қўшиқ куйлашни ёқтираман. Мактабимизга атаб “Янги мактаб” деган шеър ёздим. Янги синфхоналарда замонавий жиҳозлардан фойдаланиб, ўқишга ва ижод қилишга иштиёқимиз ортаяпти. Ижодий ишларим мактабимиз веб-сайтига қўйилди. Олдин мактабимизда бундай имкониятлар йўқ эди.
Мактаб ўқувчиларининг билим даражаси, хусусан, фан олимпиадасида тўплаган баллари ҳам ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада ошганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, фан олимпиадасининг туман босқичида география фанидан тўпланган умумий баллар ўтган йилги 55 балдан 65 балга, она тили ва адабиёт фанидан 57 дан 68 балга ошган. Дарсдан ташқари ишларда ҳам ўқитувчи ва ўқувчилар янада фаоллашди. Турли мусобақа ва танловларда иштирок этиш учун қулай шароитлар яратилгани боис Рўзика Қўшчанова “Камалак юлдузлари” танловининг туман босқичида эстрада йўналиши бўйича фахрли 1-ўринни эгаллади. Мактаб ўқувчилари туман миқёсида ўтказилган “Юксак маънавиятли авлод”, “Миллий қадриятлар ўзликни англашдан бошланади” кўрик-танловларида ғолиб бўлди. Тарих фани ўқитувчиси Дилноза Тоирова “Ойнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман босқичида 1-, вилоят босқичида 3-ўринни қўлга киритди.
Мактабда 8та фан, 2та ижодий, 3та спорт тўгараги ташкил этилган бўлиб, барча ўқувчилар тўгаракларга жалб қилинган. Қишлоқ жойларда аёллар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга мос равишда янги бинода стол тенниси бўйича “Камолот маликаси” ва “Универсиада—2013” мусобақаларининг республика босқичи ғолиби Қувончой Худойназарова — спорт мутахассисининг иш бошлагани нур устига нур бўлди. Қувончой жисмоний тарбиядан дарс бериш билан бирга 3та спорт тўгарагини юритмоқда. Унинг бошчилигида стол тенниси, шахмат-шашка, енгил атлетика тўгаракларига қатнашган ўқувчилар қисқа вақт ичида муайян натижаларга эришди. Энг муҳими, ўқувчи қизларнинг спорт билан шуғулланишга ҳаваси ортган. 3-синф ўқувчиси Ҳулкар Рўзимбоева туманда 10 ёшлилар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақасида 2-ўрин соҳибига айланди. 8-синф ўқувчиси Мақсад Тўлибоев 14 ёшли шахматчилар орасида туманда 3-ўринни банд этди.
Қишлоқ болалари бадминтон ўйнашни орзу қилар, аммо бунга шароит ва мутахассис йўқлигидан орзулари амалга ошмай келарди. Янги ўқитувчи уларнинг бу орзусини ҳам рўёбга чиқарди. У шу спорт турига қизиқиши катта ўқувчиларни бир нечта мусобақаларга томошабин сифатида олиб бориб, уларга бидминтон сирларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратди. Натижада Моҳчеҳра Жумабоева ва Чарос Юсуфбоева туман миқёсида ўтказилган турнирнинг жуфтлик баҳсларида 2-ўринни эгаллади.
Ана шундай янги нафас туманнинг Оёқдўрман қишлоғида жойлашган 29-мактабга ҳам кириб келди. 464 ўринли мактаб биноси ўтган йили Инвестиция дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилди. Бу ерда жами 304 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 8та синф янги жиҳозлар билан таъминланди. Бугун янгича қиёфа касб этган иншоотни олдинги томидан чакка ўтиб турадиган, полга қопланган тўшама йиртилиб, ёзда чанги, қишда лойи чиқиб ётадиган, полига зах бетон тўшалган мактаб билан асло қиёслаб бўлмайди. Айни пайтда йўлакларга янги қопламалар, мармар ётқизилган. Синфхоналарга ёғоч пол қоқилган. Электр ва иситиш тизими янгидан монтаж қилинди. Деразаларга икки қават ойна ўрнатилди. Ҳозир хоналар шинам, тоза. Янги мебеллар ярқираб кўзни қувнатади. Спорт зали бутунлай янги кўриниш касб этди. 162 квадрат метрлик зал пол қилиниб, бўяш, пардозлаш ишлари олиб борилди.
2та чет тили кабинети учун 2та проектор, 2та DVD, 2та компьютер, фанларга доир плакатлар, 10та тикув машинаси (қирқиш столи билан), аккордеон, синтезатор, доира, рубоб келтирилгани ўқувчиларнинг билим олишга иштиёқини кучайтириб, дунёқараши кенгайишига сабаб бўлмоқда.
— 8-синф ўқувчим Индира Мадраҳимова икки йилдан бери билимлар беллашувининг туман босқичида математика фанидан 2-ўринни эгаллайди, — дейди математика ўқитувчиси Шаҳодат Шарипова. — Капитал таъмирдан кейин янги жиҳозлар келтирилиб, унинг билим олиш имконияти янада ортди. Бу йил билимлар беллашувида ғолиб бўлишига ишончим комил.
Мактаб директори Шукуржон Абдукаримованинг айтишича, замонавий шарт-шароитлар ўқитувчиларнинг мушкулини анча енгиллаштириб, фаолиятини анча жонлантирди.
— 12 нафар фан ўқитувчимиз 12та ноутбукка эга, — дейди у. — Ҳамма фанлардан электрон дарсликлар етарли. Педагоглар 4та маркерли доска, 2та видеопроектордан фойдаланиб дарс ўтади. Жиҳозланган спорт зал ва тиббиёт хонасига эга бўлдик. Ўқитувчилар бор куч ва имкониятини ўқув-тарбия ишларига йўналтираётгани натижасида фан олимпиадасининг туман босқичи натижаларига кўра, мактабимиз ҳудудий рейтингда ўтган йилгидан 5 поғона илгарилаб, 15-ўринга чиқиб олди. Миллий истиқлол ғояси фани ўқитувчиси Саломат Жабборова ўтган йил декабрда ўтказилган “Ойнинг энг яхши фан ўқитувчиси” вилоят кўрик-танловида 2-ўринни олди. Ўқитувчиларимиз ташаббуси билан иссиқхона ташкил этганмиз. Унда гул ўстириб, мактабимизни ободонлаштиришдан ташқари, сотиб қўшимча даромад орттиришни ҳам режалаштираяпмиз.
Мактабда спортнинг волейбол, футбол, шахмат, шашка, теннис турларидан тўгараклар ташкил этилган. Илҳом Йўлдошев раҳбарлигидаги волейбол жамоаси “Умид ниҳоллари” мусобақасида туман пешқадами бўлиб келаётир. Айниқса, мактабнинг волейболчи қизлари жамоаси жуда фаол. Жамоа аъзоси Азиза Рўзимбоеванинг орзулари ҳақида сўрадик.
— Келажакда шифокор бўлмоқчиман, — дейди у. — Шифокорлик билан спорт эгизак. Спорт соғлиқ гарови эканини бошқаларга тарғиб қилишдан олдин унга аввал ўзим амал қилишим керак.
Янгибозор туманидаги иккала мактабдаги ўқув-тарбия ишларида қисқа вақт ичида сезиларли ўзгаришлар, янгиликлар кўзга ташланмоқда. Бу, албатта, давлатимизнинг ёш авлод таълим-тарбиясига қаратаётган юксак эътибори ва фидойи устоз-мураббийларнинг меҳнати самарасидир.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири