Аниқ фанларни ўқитиш методикаси
уни замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида янада ривожлантириш — давр талаби
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида Халқ таълими вазирлиги, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти, Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти ҳамда Республика таълим маркази ҳамкорлигида “Аниқ фанларни ўқитиш самарадорлигини ошириш ва таълим сифати индикаторларини амалиётга самарали жорий этишдаги муаммолар ва навбатдаги вазифалар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Анжуманда юртимизнинг барча ҳудудидан келган 200 нафардан ортиқ педагог олимлар, ўқитувчилар, таълими муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров, ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг таълим сектори раҳбари А.Парси ва бошқалар юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига юксак эътибор қаратилаётгани, жумладан, ўқитиш сифати йил сайин ошиб, соҳага илғор педагогик технологиялар ва ахборот-коммуникация воситаларини татбиқ этиш кўлами кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
— Таълим самарадорлигига бағишланган анжуманлар ҳар йили кўтаринки кайфиятда ташкил этилади. Аввалги йилларда ўтказилган тадбирларда асосан бошланғич таълим ва чет тилларни ўқитишга эътибор қаратилган бўлса, бу гал аниқ фанлар билан бирга, таълим сифати индикаторларини амалиётга самарали жорий этиш масалалари кун тартибига қўйилди, — дейди Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти илмий котиби Муяссар Девонова. — Олдинги йилларга қараганда иштирокчилар сонининг ошгани, жумладан, 400га яқин долзарб мавзудаги материаллар тақдим этилгани ҳам педагогларнинг илмий салоҳияти ошиб, таълим-тарбияга ёндашуви янгича мазмун касб этаётганидан далолат беради. Бизни хурсанд қилган жиҳатлардан яна бири — иштирокчилар орасида ёш тадқиқотчилар кўпчиликни ташкил этди.
Конференцияда аниқ ва табиий фанлардан намунавий дарслар ташкил этилиб, машғулотларни ахборот-коммуникация воситалари ва педагогик технологиялар асосида самарали ташкил этишга доир илғор тажрибалар намойиш этилди.
Ялпи ва шўъба йиғилишларида аниқ фанларни ўқитишнинг долзарб муаммолари, хусусан, аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг янги методологиясини жорий этиш, компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарслик мажмуаларининг янги авлодини яратиш, таълим тизимини ахборотлаштириш, ўқитиш сифатини баҳолаш индикаторлари ва уларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган индикаторлар маъқулланиб, амалиётга жорий этиш бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Конференция якунида қатор йўналишларда аниқ тавсиялар қабул қилинди.
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбири