Тўғри танланган касб — камолотга элтади
“Таълим тизимидаги мавжуд умумтаълим ва касб-ҳунар дастурлари ўртасида узвийлик ва ворисликнинг йўқлиги сабабли таянч ва ўрта мактаб битирувчиларида касбга йўналтирганлик ва меҳнат фаолияти кўникмалари шаклланмай қолаяпти. Натижада йигит ва қизлар ўз қобилиятлари, истаклари, ижодий ва меҳнат мойилликларига монанд ҳаёт йўлини белгилаб олишда жиддий қийинчиликлар сезмоқдалар”.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан
Бундан 19 йил олдин Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш борасидаги муаммолар саналиб, уларни ҳал этиш йўллари белгилаб олинган эди. Узоқни кўзлаб амалга оширилган бу ислоҳотлар бугун рўёбга чиққанига гувоҳ бўлаяпмиз. Мунтазам олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўқувчилар 9-синфни битиргунга қадар аниқ касб-ҳунарларни танлаб, устозлари ва ота-онаси кўмагида ўз келажагини белгиламоқда.
Бу йил Жиззах вилоятидаги 543 та умумтаълим мактабининг 9-синфини 21 минг 321 нафар ўқувчи битиради. Айни кунларда бу ўғил-қизлар ўртасида тест ва сўровномалар ўтказилиб, уларнинг қайси соҳаларга лаёқати борлиги, қизиқишлари қобилиятига қай даражада мослиги ўрганилмоқда. Уларни жамиятимизда талаб катта бўлган касб-ҳунарларга йўналтириш, вилоятда фаолият кўрсатаётган 75 та касб-ҳунар коллежи ва 4 академик лицейга тўла қамраб олиш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Ўқувчиларни қуйи синфлардаёқ ўзи қизиққан, қобилиятига мос касб-ҳунарга тўғри йўналтириш таълим муассасалари зиммасидаги муҳим вазифа эканини ўқитувчилар аллақачон чуқур англаб етишган. Болаларни дарслар ва тўгарак машғулотлари орқали касбга йўналтириб бориш бўйича Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактабида ўзига хос тажриба тўпланган. Таълим масканида 5та 9-синф бўлиб, уларда 159 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда.
— Ўғил-қизларда касб-ҳунарлар ҳақида дастлабки тасаввурларни шакллантириш бошланғич синфдан бошланади, — дейди мактабнинг амалиётчи-психологи Нилуфар Исмоилова. — Савод чиқаришга оид фанларда турли касб эгалари билан таништириш асносида улар қандай юмуш билан шуғулланиши ҳақида маълумот берилади. Таълим жараёнида фанларнинг пухта ўзлаштирилиши эса ўқувчи қалбида илк уйғонган қизиқиш, касбга мойилликни мустаҳкамлаб боради. 9-синф даври ўқувчининг қайси касб соҳиби бўлишини ҳал қиладиган палладир. Шу боис битирувчилар ўртасида режа асосида касб-ҳунарга йўналтирувчи тадбирларни ташкил этаяпмиз. Хусусан, йил давомида ўқувчилар ўртасида уч марта сўровнома ўтказаяпмиз. Сўровномада ота-оналар ҳам иштирок этмоқда. Бундай сўровномалар ўтган йил декабрь ва бу йил февраль ойида ўтказилди. Навбатдаги сўровнома 10–20 апрелга мўлжалланган.
Ҳали ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб олмаган ўсмирнинг касб танлаш ҳақидаги фикрлари ўзгариб туриши табиий. Чунки касб танлашда оилавий муҳит, ён-атрофдаги кишиларга ҳавас ўқувчига таъсир кўрсатади. Мактабда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар болаларнинг касб-ҳунар ҳақидаги тасаввурларини янада мустаҳкамламоқда. Айниқса, турли касб эгалари билан учрашувлар, очиқ эшиклар куни, коллежларга саёҳат, касблар фестивали каби тадбирлардан ўқувчилар ўзларига керакли хулосаларни чиқариб олишаётир. Узил-кесил хулосалар кўпроқ учинчи сўровномада ўз аксини топади.
Амалиётчи психолог мунтазам равишда ўқувчилар ўртасида “Ким бўлсам экан?”, “Мен танлаган касбнинг келажак ҳаётимдаги ўрни”, “Касбим — фахрим” мавзуларида иншолар танлови ўтказмоқда. Шу мавзуларда давра суҳбатлари, савол-жавоблар мунтазам йўлга қўйилган. Бу тадбирларда ота-оналарнинг ҳам иштироки таъминланмоқда.
— Ўқувчиларнинг хулқ-атвори бир-бирига ўхшамайди. Ўғил болаларнинг аксарияти отаси билан, қизлар эса онаси билан фикрлашади. Яна бир тоифадаги ўқувчилар борки, улар ўзларининг фикр-мулоҳазалари, орзу-истакларини кўпроқ синф раҳбари ёки амалиётчи-психолог билан ўртоқлашади, — дейди Нилуфар Исмоилова. — Шуни ҳисобга олган ҳолда битирувчилар билан алоҳида суҳбатлар олиб бораман. Уларнинг фикрларини қайд этиш учун “Менинг болалик кунларим” мавзусида китоб ташкил этганман. Унда ҳар бир битирувчининг қайси касбни танлаши ҳақидаги мулоҳазалари қайд этилган. Муҳими, бу китобни ўқувчилар мактабни битириб кетгандан кейин ҳам келиб ўқиб кўриши, ўзининг касб ҳақидаги дастлабки тасаввурларини қайтадан эслаши мумкин.
Ўқувчиларнинг баъзиларини суҳбатга чорлаб, қайси касбни танлаётгани, соҳаларнинг қайси жиҳатлари уларга манзур бўлаётгани ҳақида сўраймиз.
Ислом Умаров: — Тадбиркорлар оиласида туғилганман. Ўтган йили электр энергияси соҳасида ўқишни давом эттиришни хоҳлардим. Аммо ҳозир фикрим ўзгарди. Оилавий муҳитимиздан келиб чиқиб, иқтисодчи-молиячи касбини танладим. Зомин қишлоқ хўжалиги ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг шу йўналишига ҳужжатларимни топширмоқчиман.
Диёра Тошпўлатова: — Шифокорлар инсон саломатлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади. 2016 йилнинг — “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳам мамлакатимизда инсон саломатлигига эътибор жуда катталигидан далолат беради. Шу боис мен туманимиздаги тиббиёт коллежининг фармацевтика йўналишида ўқимоқчиман. Зомин тоғларида шифобахш гиёҳлар жуда кўп. Келгусида шу гиёҳлардан дори воситалари ишлаб чиқаришга ўз ҳиссамни қўшиш, шу орқали жамиятда муносиб ўрин топишни орзу қилаяпман.
Асилбек Тошмирзаев: — Болалигимдан поездларга жуда қизиқардим. Тўгаракларга қатнашиб, бу қизиқишим янада кучайди. Айниқса, бир кун келиб “Афросиёб” тезюрар поездини бошқариш орзум бор. Шу боис мактабни тугаллаб, Тошкент шаҳридаги темирйўлга ихтисослашган коллежнинг механика йўналишида таҳсилни давом эттиришга аҳд қилдим.
Санжарбек Йўлдошев: — Туманимиз ҳудудидаги тоғларнинг бетакрор табиати, ҳайвонот ва наботот дунёси, ям-яшил арчазорлари нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этмоқда. Яшил бойликни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиб бериш соҳасида хизмат қилишни дилимга тугдим. Орзумни амалга ошириш учун Зомин маиший хизмат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг ўрмон хўжалиги йўналишида бу борадаги билим ва кўникмаларимни оширмоқчиман.
Фарзандлар танлови ота-оналарга нечоғлик манзур бўлаётгани билан қизиқдик.
— Қизим Мафтуна ҳамширалик касбини танлаяпти, — дейди Гавҳар Боирова. — Унинг бу истаги бизга ҳам маъқул. Чунки фарзандининг ушбу соҳа сирлари бўйича етарли билимга эга бўлиб, эл корига яраши, инсонлар саломатлиги муҳофазасига ҳисса қўшиши ҳар қандай ота-она учун ҳам ғоят шарафлидир.
Ўтган йилларда амалиётчи-психолог ва устозлари кўрсатган йўл-йўриқлар туфайли бугун танлаган касбидан мамнун ҳолда таълимни давом эттираётган, коллежни битириб, ўз ишига эга бўлаётган ёшлар талайгина. Улар жонажон мактабига келиб, устозлари билан учрашганда, ўқувчи — ука-сингилларига танлаган касби ва ўқиётган коллежлари ҳақида тўлқинланиб сўзлайдилар. Масалан, ҳозир тумандаги қишлоқ хўжалиги ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг туризм йўналишида ўқиётган Шаҳбоз Тошпўлатов ҳаётда ўз ўрнини топишида устозлари тўғри йўналиш берганидан мамнунлигини изҳор этса, Зомин педагогика коллежини тамомлаб, ушбу мактабда ёшлар етакчиси бўлиб ишлаётган Нилуфар Мелиқўзиева орзулари амалга ошишида муаллимларининг жонкуярлиги, яқиндан амалий ёрдам кўрсатишганидан хурсанд.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришда оила–маҳалла–мактаб ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Қизлар ўртасида тарғибот ишларини янада жонлантиришда Зомин туманидаги “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нурия Ўролова турли учрашувлар ташкил этиб келаяпти. “Қиз боланинг касби — бахтидир”, “Саранжом қиз — саришта қиз” каби мавзулардаги тадбирларда қизларнинг ҳаётда муносиб ўрнини топишига қаратилган маслаҳатлар берилаяпти. Бу борада мактабдаги “Ораста қизлар” тўгараги, “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. “Касбим билан жамиятга хизмат қиламан”, “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, “Диплом билан бизнесга” каби мавзулардаги касбий маслаҳат ва тавсиялар ўғил-қизларнинг эртанги ҳаётини белгилаб олишида асқотмоқда.
Жиззах туманидаги 29-мактабда ҳам ўғил-қизларнинг тўғри касб танлашида психолог — синф раҳбари — фан ўқитувчилари ҳамкорлиги муҳим рол ўйнамоқда. Мактабнинг тажрибали ўқитувчиси Гулзода Ҳазратқулова раҳбарлик қилаётган 9-“В” синфда 29 нафар ўқувчи бор. Синф раҳбари тарбиявий соат машғулотларида ўқувчиларига “Ким бўлсам экан?” мавзусида иншо ёздирди. Иншо натижалари бўйича ҳар бир ўқувчи билан нима сабабдан айнан шу касбни танлаётгани ҳақида суҳбат ўтказди. Шу жараёнда ўқувчи касб танлашда қайси омилларга таянганини муҳокама қилиб, ҳар бир йигит-қиз касб-ҳунари билан ҳаётда ўз ўрнини топиши, нафақат оиласига, балки жамиятга кўп наф келтиришини айтиб ўтди. Келажагини белгилашда иккиланиб турган ўқувчиларга қизиққан соҳаси бўйича қайси таълим муассасаларида ўқиши кераклиги хусусида тушунчалар берди. Масалан, Асадбек Турдиқулов ота касби — электромонтёрликка ҳавас қилади. Муаллима бунинг учун унга Жиззах транспорт-алоқа касб-ҳунар коллежида ўқишни давом этириши кераклигини тушунтирди.
— Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида вилоятимиздаги барча шаҳар ва туманларда амалиётчи-психологлар учун керакли методик ёрдам, тавсиялар беришга қаратилган кўчма семинар ва тренинг машғулотлари ташкил этилмоқда, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис маркази раҳбари Бекзод Бобоев. — Бу жараёнда ўқувчиларнинг касбий қизиқиш ва хоҳиш-истаклари мониторинги ҳам ўтказилаяпти. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, академик лицейларнинг аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий филология, санъат йўналишида ўқиш истагини билдирган ўқувчилар 1800 нафарни ташкил этади. Ўқишни коллежда давом эттириш ниятидаги ўқувчилар 19521 нафарни ташкил этиб, улар кўпроқ, муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларини танлаган.
Касбга йўналтириш тадбирларида ўқувчиларга коллеж ва лицейларни танлашда оилавий шароити, муассаса жойлашган ҳудуд ва масофани ҳисобга олиш зарурлиги ҳам уқтирилмоқда. Бу ўқувчининг келгусида дарсларга тўлиқ қатнашиши ва пухта билим эгаллашига ёрдам беради. Натижада битирувчиларнинг аксарияти ўз ҳудудидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларидаги қизиқишига мос йўналишларда ўқишни давом эттиришга қарор қилишаяпти.
Бугун ўқувчиларнинг муносиб касб танлашига назарий ва амалий ёрдам кўрсатиш фақат педагог ёки ота-онанинг эмас, кенг жамоатчиликнинг ҳам муҳим вазифасига айланмоқда. Натижада ёш авлод ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини тамомлаб, жамиятдан ўзининг муносиб ўрнини топмоқда, оиласи даромадига, юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири