Билимдонлар — майдонда
Умумтаълим муассасаларида соғлом рақобатни шакллантириш, ўқувчиларнинг ноёб истеъдодини рўёбга чиқариш ҳамда муносиб рағбатлантириш, энг иқтидорлиларни саралаб, халқаро олимпиада ва кўрик-танловларга тайёрлаш мақсадида ўтказиб келинаётган билимлар беллашуви ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ва таълим муассасаларининг рейтингини аниқлашда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.
Айни баҳорги таътил кунларида беллашувнинг туман босқичлари ўтказилаяпти. Умумтаълим мактабларининг 5—8-синф ўқувчилари 16та фан бўйича олган билим, кўникма ва малакаларини синовдан ўтказмоқда. Жумладан, Олмазор туманидаги 15-мактабда ҳам беллашувнинг бу босқичи қизғин ва дўстона рақобат остида ўтаяпти.
— Назорат материалларидаги топшириқларнинг 20 фоизгача қисми халқаро фан олимпиадалари талаблари асосида тайёрланди, — дейди Олмазор тумани ХТМФМТТЭБ ДТСларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳи раҳбари Нигора Мирзаева. — Туманимиз миқёсида ўтаётган беллашувда 1009 нафар ўқувчи иштирок этаяпти. Уларнинг билимини баҳолаб бориш учун малакали мутахассислар, тажрибали ўқитувчилар жалб этилган. Беллашувни юқори савияда ўтказиш мақсадида ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ