Махсус малака ошириш курсида
4-синф чет тили дарсликлари бўйича тренерлар тайёрланди
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 4-синфлар учун ишлаб чиқилган чет тили дарслик-мажмуалари жойлардаги таянч мактабларда синовдан ўтказилиб, айни пайтда мазкур қўлланмалар билан самарали ишлаш методикасини фан ўқитувчиларига етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирлигининг 2016 йил 10 мартдаги 69-сонли буйруғига биноан шу йил 28—31 март кунлари Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институтида “Бошланғич синфларда чет тилини ўқитиш методикаси” (4-синф инглиз, немис ва француз тили дарсликлари асосида) мавзусида 36 соатлик махсус тренерлар тайёрлаш курслари ташкил этилди. Унда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 200 дан ортиқ чет тили ўқитувчилари қатнашди.
— Муассасамизда тренер-ўқитувчиларга 4-синфлар учун тайёрланган янги дарслик ва ўқув қўлланмалари билан самарали ишлаш методикасини ўргатишни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароитлар яратилди, — дейди институтнинг хорижий тиллар кафедраси мудири Махфират Абдуллаева. — Тренерлар тайёрлаш машғулотларига дарслик муаллифлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб қилинди.
Тренингларда мутахассислар томонидан бошланғич синфларга мос янги педагогик технологиялар ҳамда дарслик-мажмуадаги экспериментатор-ўқитувчилар томонидан нисбатан мураккаб деб топилган мавзуларни ўқувчига тушунтириш бўйича тавсиялар берилди.
— Мазкур ўқув курсларига таклиф қилинган ўқитувчилар ҳудудлардаги энг илғор педагоглар саналади, — дейди ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказининг бўлим бошлиғи, курс тренери Нилуфар Бегибоева. — Ўқитувчиларга замонавий педагогик технологиялар, дарсликдаги янги мавзуларга ёндашув усуллари ҳақида тавсия бериш жараёнида уларнинг бу борадаги шахсий тажрибаларини ҳам ўргандик. Натижада машғулотлар жонли, баҳс-мунозараларга бой тарзда олиб борилди. Юртимизда чет тили ўқитувчиларининг тажриба ва маҳорати ортиб, улар фақатгина дарслик-мажмуанинг “Teacher book 4” — ўқитувчи учун методик қўлланмасига таяниб қолмасдан қўшимча манбалардан ҳам ижодий фойдаланаётгани, миллий педагогик технологиялар яратаётганига амин бўлдик. Махсус ўқув курси давомида ўқитувчилар билдирган ҳар бир таклифни ўрганиш, самарали деб топилганларини оммалаштириш ниятидамиз.
Машғулотларда қатнашаётган ўқитувчиларнинг аксарияти ўтган йилги курсларнинг тингловчиларидир. Жараёнга бу тартибда ёндашилаётгани тренер-ўқитувчиларнинг салоҳияти билан боғлиқ рейтингни таҳлил этишга хизмат қилмоқда.
— Ўтган йиллардаги тренинглар билан бу йилги ўқувлар бир-биридан сезиларли фарқ қилади, — дейди Учкўприк туманидаги 1-ИДУМИнинг инглиз тили ўқитувчиси Умидахон Усмонова. — Шахсан мен мутахассислар ва ҳамкасблар қаршисида чет тилида эркин мулоқотга киришишга тортинар эдим. Қисқа вақт ичида ўз устимда ишлаб, ҳар ҳафталик малака ошириш курсларида тренерлик қилдим. Бу галги машғулотларда ҳамкасблар билан бир-биримизнинг фаолиятимизни таҳлил этдик, ўзаро тажриба алмашдик.
Ўқув курсида малака оширган тингловчилар жорий йил апрель—июль ойларида ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларида 2016-2017 ўқув йилида 4-синфларга чет тилидан дарс берадиган ўқитувчилар иштирокида белгиланган ўқув режа ва намунавий дастур асосида маҳорат машғулотларини олиб борадилар.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ма’rifat” мухбири