Мактаб қуриш — савобли иш
Ҳар гал олис Деҳқонобод сафарига отланганимда юрагимни ажиб бир туйғу қамраб олади. Олис-олислардаги учи кўкка туташган тоғларга боқиб энтикаман. Кенг ва равон йўллар узра “Нексия”да шамолдек елиб бораяпмиз. Ўнгу сўлимизда гигант корхоналар, муҳташам мактаблару академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тиббиёт масканлари, намунавий лойиҳа асосида барпо этилган бир-биридан чиройли тураржой бинолари. Ҳамма-ҳаммаси истиқлол йилларида қад кўтарган. Бу бинолар — ўзимизники, фарзандларимизники. Ҳув арчазору бутазорларга бурканган азамат тоғлар бағрини қоқ иккига ёриб “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли ўтган. Дунёга мақтанса арзигулик бунёдкорлик. Обод бўлмаган масканга кўз тушмайди. Тоғлар бағридаги қишлоқлар-чи! Бешқўтон, Чилгаз, Оққишлоқ, Араббанди, Оқмасжид, Обод, Белибойли, Бошчорбоғ … Санаб адоғига етолмайсан, киши. Уларнинг барчасида янгиланиш, яшариш, ободлик, бунёдкорлик авжида. Айниқса, таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давом этаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари Қашқадарё вилоятидаги транспорт бориши мушкул бўлган энг чекка қишлоқларни ҳам қамраб олган. Тоғли ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли фарзандлари ҳам бугун замонавий талаблар асосида билим олмоқда.
Бу йил Инвестиция дастури доирасида Қашқадарё вилоятида 8 та ўқув маскани янгидан бунёд этилаяпти, 25 тасида капитал реконструкция, 10 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундай улкан бунёдкорликни кўриб, фарзандлари келажагига ғамхўрликни ҳис этган одамларнинг юрагидан шукроналик туйғулари кечиши табиий.
Деҳқонобод туманининг Чилгаз қишлоғида истиқомат қилаётган ёшу қарининг шодлиги чексиз. Сабаби, қишлоқдаги 45-мактаб учун 216 ўринли янги ўқув биноси ҳамда 9Х18 ҳажмли спорт зали қад ростламоқда. Ботирали Нормуродов раҳбарлигидаги “Узоқ чавандоз” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари тунни кунга улаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз вақтида якунлашга ҳаракат қилмоқда.
— Мактаб қуриш кўприк бунёд этиш, қудуқ қазишдек савобли иш. Мана шу хайрли ишга бизнинг ҳам ҳиссамиз қўшилаётганидан хурсандмиз, — дейди ёш тадбиркор Ботирали Нормуродов. — Бу — биз воҳада қурилиш ишларини олиб бораётган саккизинчи мактаб. Ҳар гал мактаб биносини тиклаётганимизда юрагимдан “Бугун биз қураётган таълим даргоҳларида Ватанимизнинг эртанги келажаги бўлган ўғил-қизлар ўқийди. Шунинг учун астойдил меҳнат қилишимиз, ишимизни масъулият билан пишиқ-пухта бажаришимиз керак” деган ўй ўтади. Бу ниятимни барча қурувчиларга етказиб, қурилиш сифатига алоҳида эътибор қаратишларини талаб қиламан.
Мактабда ўқитувчилар, қишлоқ фаоллари ҳамда ота-оналар иштирокида жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, қурилиш жараёнининг бориши ҳамжиҳатликда назорат қилинмоқда. Кенгаш аъзоларининг ҳам, қурувчиларнинг ҳам мақсади ягона — қисқа муддатда мактабнинг янги биноси қурилишини якунлаб, мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик тантаналари олдидан ўқувчиларга топшириш.
— Ўқувчиларимизнинг янги ўқув йилини замонавий синфхоналарда бошлашидан болалардан кўра биз, педагогларнинг ҳаяжонимиз, қувончимиз чексиз. Фарзандларимиз биз кўрмаган, фақат орзу қилган шундай кўркам бинода билим олиши, шубҳасиз, мустақиллик шарофатидир, — дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи М.Ризоқулов. — Келгусида яратилган қулайликлардан унумли фойдаланиб, билимлар беллашуви, фанлар олимпиадаси ҳамда спорт мусобақаларида сов¬ринли ўринларни қўлга киритамиз. Бунинг учун барча имкониятимиз етарли.
Арабдашт қишлоғидаги 33-умумтаълим мактабининг янги биноси энг улуғ, энг азиз байрамимизга тўёна сифатида ўқув йилига шай ҳолатга келтирилди. Шунинг¬дек, тумандаги Алмат қишлоғида ҳам замонавий таълим муассасаси қад ростлаб, ота-оналару болаларнинг мамнунлигига сабаб бўлмоқда.
— Қишлоғимиз туман марказидан икки юз чақирим узоқлигига қарамай, қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилди, — дейди Деҳқонобод туманининг “Оққишлоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Холминг Холтўраев. — Биз, ота-оналар қурувчилар билан ёнма-ён туриб меҳнат қилишга, уларга далда беришга ўзимизни бурчли деб билдик. Сабаби Алматдек тоғли ҳудудда замонавий мактаб барпо этишнинг ўзи бўлмайди. Чорак аср олдин бундай мактаб ҳақида ўйлашнинг ўзи ортиқча эди. Шукрки, мустақиллик йилларида биз орзу-ниятларимизга эришдик. Бундан буён фарзандларимиз шаҳардаги каби қулай шарт-шароитга эга мактабда таълим-тарбия олади.
Чироқчи туманининг Оқчова қишлоғида жойлашган 166-мактабнинг 315 ўринли янги биноси ҳамда 12Х24 ўлчамдаги спорт зали фойдаланишга топширилиш арафасида. Мактаб биноси ҳамда спорт зали қурилишига 3,7 миллиард сўм маблағ сарфлангани бунёдкорлик ишларининг нечоғли кўламли эканидан дарак беради.
— Қирқ йил шифокор бўлиб ишладим, эл хизматида бўлдим, — дейди мактаб жамоатчилик кенгаши аъзоси, 80 ёшли отахон Амир Тошниёзов. — Биз ҳам ўша даврда уйим-жойим, бола-чақам учун яшадим деб туну кун меҳнат қилганмиз. Бироқ чеккан заҳматларимиз эвазига ҳозиргидек эътибор, шарт-шароит бўлмаган. Қани энди бугун 8 ёшли болага айланиб қолсам-да, қайта яшасам! Қишлоғимизда янги мактаб биноси ва спорт зали қурилаётганидан беҳад хурсандмиз. Насиб бўлса, қишлоғимиз аҳли қутлуғ сана — юртимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини қўшалоқ байрам сифатида кутиб олади.
Бу каби бунёдкорлик ишлари тумандаги 145-, 162-мактабларда ҳам амалга оширилмоқда. Қарши туманидаги 37-, Яккабоғ туманидаги 98-, Касби туманидаги 51-умумтаълим мактабларининг янги бинолари фойдаланишга топширилиш арафасида.
Назаримизда, ҳаммаси шундай бўлиши керакдек туюлади. Аслида, “Ким эдигу ким бўлдик?” деган савол билан мустақилликкача ўтган ҳаётига холисона назар солган, ўша даврда мактабларимизга бўлган муносабатни кўз олдига келтирган инсон қўлга киритган ютуқларимиз ўз-ўзидан бўлмаётганини, қадр-қимматини теран англаши шубҳасиз. 1991 йили Қашқадарё вилоятида 720 та мактаб бўлиб, уларнинг 237 таси мослаштирилган, 219 таси эса таълим-тарбия бериш учун яроқсиз биноларда жойлашган эди. Лаборатория жиҳозлари билан 26,7 фоиз, ахборот-коммуникация технологиялари билан 7,9 фоиз, ўқув жиҳозлари билан 76,1 фоиз таъминланган эди. Заҳматкаш ўқитувчилар ўзлари тайёрлаган қўлбола кўргазмалар воситасида дарс ўтар, бундай машғулотларнинг самарадорлиги ҳақида ижобий фикр юритиш анча мушкул эди. Устига-устак мактабларнинг газлаштирилмагани, телефон алоқаларининг мавжуд эмаслиги таълим-тарбия самарадорлигини оширишга тўсиқ эди.
Мустақиллик йилларида Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури ва Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги мингдан ортиқ умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси замон талаблари даражасида мустаҳкамланди. Умумтаълим муассасаларининг 160 таси янгидан барпо этилди. 419 та мактаб реконструкция қилиниб, 413 таси капитал, 256 таси эса жорий таъмирланди. Мазкур таълим масканларининг барчаси замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер жамланмалари билан таъминланди. Информатика хоналари “ZIYONET” тармоғига уланиб, қулай ижара тизими орқали вилоятдаги мактаб ўқувчилари 100 фоиз янги авлод дарсликлари билан таъминланмоқда. Табиийки, бу ўғил-қизларнинг умумтаълим фанларини қунт билан ўрганишга, ўқитувчиларни иштиёқ билан таълим-тарбия беришга ундаяпти.
Халқимиз азалдан тўйга тўёна билан боришни яхши кўради. Истиқлолимизнинг қутлуғ шодиёналари арафасида ҳам бу анъана янгидан-янги иншоотлар тимсолида бўй кўрсатмоқда. Азалдан билим олишни, таълим-тарбия беришни ҳаётининг мазмуни деб билган юртдошларимиз ҳар гал қад ростлаётган мактабларни кўрганида юрагидаги севинчни яширолмайди. Давлатимизнинг ёш авлод камолотига юксак эътибори ва ғамхўрлигидан фахр-ифтихор туйғуларини ҳис этади. Бир бахти ўн карра зиёда бўлади. Қадрини англаб, кўкси тоғдек кўтарилади.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири