Таълим сифатининг комплекс кўрсаткичлари
ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари, туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ ва мактаблар фаолиятини таҳлилий ўрганишга асос бўлмоқда
Юртимизда таълим-тарбия соҳасини модернизациялаш, ўқув жараёнида замонавий педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ҳамда ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида таълим-тарбия сифатида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, Халқ таълими вазирлигининг 2014 йил 17 ноябрдаги “Умумтаълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ва таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан ҳудудий халқ таълими муассасаларининг рейтинг ўрнини аниқлаш тартиби белгилангани халқ таълими тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш орқали ўқув-тарбия самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Ҳудудларда таълим-тарбия сифати даражасини аниқлашда қуйидаги комплекс кўрсаткичлар мезон сифатида белгиланган:
► умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувида эришган натижалари;
► таълим сифати мониторинги натижалари;
► фан олимпиадасининг вилоят босқичи натижалари;
► “Инглиз тили билимдонлари” кўрик-танлови натижалари;
► “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови натижалари;
► “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови натижалари;
► таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш режасининг бажарилиши;
► “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик-танлови натижалари;
► “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танлови натижалари;
► “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танлови натижалари;
► “Энг яхши мактаб веб-сайти” кўрик-танлови натижалари;
► “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” кўрик-танлови натижалари;
► “Энг яхши таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танлови натижалари;
► “Энг яхши давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторинги методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танлови натижалари.
Анъанага кўра бу йил ҳам ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари, туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ ҳамда умумтаълим муассасаларининг фаолияти мазкур мезонлар асосида ўрганиб чиқилди, таҳлиллар асосида натижалар аниқланди. Жумладан, 2015-2016 ўқув йилида беллашувнинг ҳудудий босқичларида жами 2 млн.га яқин ўқувчи қатнашиб, республика босқичи якунлари бўйича барча ўқувчиларнинг 16 та умумтаълим фанидан ўртача кўрсаткичи 82,9 бални ташкил этди. Беллашувнинг республика
босқичида иштирок этган 392 нафар ўқувчининг 264 нафарини (67,4 фоиз) умумтаълим мактаблари, 128 нафарини (32,6 фоиз) айрим фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатлари ўқувчилари ташкил этган.
Ўқувчиларнинг фанлар бўйича натижалари таҳлил қилинганда, республика бўйича ўртача кўрсаткич давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан 92,4, иқтисодий билим асосларидан 89,7, француз тилидан 88,7, математикадан 88,5, ўзбек тилидан 86,9, тарихдан 86,3, инглиз тилидан 85,5, она тили ва адабиётдан 84,4, физикадан 84,4, кимёдан 82,2, географиядан 82,1, биологиядан 82,0, рус тили ва адабиётидан (рус) 79,3, рус тилидан 78,8, немис тилидан 67,8, информатика фанидан 67,5 бални ташкил этди.
Ушбу ҳолатни ўтган ўқув йили натижалари билан таққослаганда она тили ва адабиёт, инглиз тили, математика, кимё, таълим ўзбек ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда рус тили фанларидан ўртача баллар ўсганлиги кузатилган.
Билимлар беллашуви натижаларига кўра Андижон (87,4 балл), Фарғона (87,3 балл), Бухоро (87,2 балл) вилояти ўқувчилари юқори кўрсаткичга эга бўлган бўлса, Жиззах (78,5 балл), Қашқадарё (79,5 балл), Тошкент вилояти (79,3 балл) ўқувчилари нисбатан паст натижани қайд этган.
Фарғона ва Бухоро вилоятлари ўқувчилари 18 тадан, Тошкент шаҳри, Андижон ва Навоий вилоятлари ўқувчилари 17 тадан, Хоразм вилояти 14 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти 12 та, Жиззах ва Наманган вилоятлари 10 тадан, Самарқанд вилояти 9 та, Қаш¬қадарё ва Тошкент вилоятлари 7 тадан ва Сурхондарё вилояти ўқувчилари 6 тадан совринли (1-, 2-, 3) ўринларни қўлга киритган.
Халқ таълими вазирлигининг 2015 йил 30 октябрдаги “Халқ таълими тизимида 2015-2016 ўқув йилида таълим сифати мониторингини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан ўқув йили давомида икки марта, яъни ўқув йилининг биринчи ярим йили ҳамда якунида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мактабларнинг 4 — 9-синф ўқувчилари ўртасида 14 та умумтаълим фани бўйича таълим сифатини баҳолаш юзасидан мониторинг ўтказилди. Жараёнда 84 та туман(шаҳар)даги 252 та мактабдан 44526 нафар ўқувчи ҳамда 3717 нафар ўқитувчи иштирок этди. Мониторинг натижаларига кўра, 2015-2016 ўқув йилида ўқувчиларнинг умумий ўртача ўзлаштириш самарадорлиги ўтган ўқув йилига нисбатан 0,8 фоиз ошганлиги кузатилди.
Ўқув йили якунида умумтаълим мактаби ўқувчиларининг фанларни ўзлаштириши юзасидан кўрсаткичлари 2014-2015 ўқув йили билан таққосланганда, республика бўйича ўртача она тилидан 1,9 фоиз, математикадан 2 фоиз, рус тилидан 4,4 фоиз физикадан 2,1 фоиз, табиатшуносликдан 3,4 фоиз, кимёдан 1,9 фоиз, географиядан 1,2 фоиз, иқтисодий билим асосларидан 2,9 фоиз, информатика фанидан 1,7 фоизга ошгани маълум бўлди.
Таълим сифати мониторинги жараёнида ўқувчиларнинг давлат таълим стандартларида белгиланган талабларни бажариши билан бирга таълим сифатига бевосита ва билвосита таъсир этган омиллар ҳам аниқланди. Жумладан, таълим сифатига юқори таъсир кўрсатувчи асосий омил ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлик даражаси бўлиб, у педагоглардан ўз фани бўйича тест синови ҳамда сўровнома ўтказиш орқали ўрганилди.
Таҳлилларга кўра, инглиз тили, математика, биология, география фани ўқитувчилари энг юқори кўрсаткични қайд этган.
Мазкур масала бир неча маротаба видеоўқув, видеоселектор ва вазирлик ҳайъат йиғилишларида муҳокама қилинишига қарамай, ҳудудларда ижобий томонга ўзгариш қийинчилик билан кечмоқда. Зеро, мониторинг жараёнида олинган сўровномалар таҳлили айрим ўқитувчи ва мактаб раҳбарларининг ўз фани бўйича ил¬ғор иш тажрибалари ва янгиликлардан бехабарлиги, ўз устида мустақил ишламаслигини кўрсатди.
Мониторинг жараёнида иштирок этган 378 нафар мактаб раҳбарининг 75 нафари “Илғор педагогик технология асосида дарс ўта оласизми?”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан мустақил фойдалана оласизми?”, “Охирги 2 йил давомида педагогик технологиялар ва мактабни бошқаришга оид семинар ҳамда машғулотларда иштирок этганмисиз?”, “Интернетнинг қайси хизматлари, сайтлари ва ресурсларидан фойдаланасиз?”, “Таълим сифати кўрсаткичлари бўйича мактабингизнинг туман (шаҳар), вилоятдаги рейтинг ўрни қандай? Уни яхшилаш учун нима қилмоқчисиз?” каби саволларга берган жавобларининг таҳлиллари, бу борадаги раҳбар ходимлар фаолиятини такомиллаштириш, масъулиятини ошириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Энди навбатдаги кўрсаткич хусусида тўхталсак. Шу йилнинг 25–26 март кунлари 9-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг вилоят босқичи ўтказилиб, унда жами 7119 нафар ўқувчи қатнашди. Иштирокчиларнинг 5772 нафари(81,2 фоизи)ни умумий ўрта таълим, 1229 нафари(17,2 фоизи)ни айрим фанларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ҳамда 118 нафари(1,6 фоизи)ни махсус мактаб-интернат ўқувчилари ташкил қилган.
Шулар орасидан республика бўйича 1120 нафар ғолиб ўқувчи аниқланиб, уларнинг 824 нафари (73,5 фоизи) умумий ўрта таълим, 272 нафари (24,3 фоизи) ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари, 24 нафари (2,2 фоизи) махсус мактаб-интернатлар ўқувчиларидир.
Тўртинчи кўрсаткич “Инглиз тили билимдонлари” кўрик-танлови натижаларига асосланади. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини инглиз тили бўйича эгаллаган ўз билим, кўникма ва малакаларини мулоқот жараёнида қўллашга ўргатиш, қобилиятли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган мазкур интеллектуал мусобақанинг республика босқичида Юнусобод туманидаги 17-мактаб жамоаси I, Шаҳрихон туманидаги 53-мактаб ва ўиждувон туманидаги 8-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчилари II, Ҳазорасп туманидаги 11-мактаб жамоаси III ўринни эгаллади.
Бешинчи кўрсаткич “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танлови бўлиб, ҳар йили халқ таълими тизимидаги педагог ходимлар орасидан энг илғор, ташаббускор, фидойи, юксак касб маҳоратига эга ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, таълим муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг буйруғига асосан ўтказилади. Бу йил 13 та фан бўйича ташкил қилинган беллашувнинг ҳудудий
босқичларида 133413 нафар ўқитувчи иштирок этиб, улардан 182 нафари республика босқичида билим ва маҳоратини намойиш этиш имконини қўлга киритди.
Кўрик-танлов натижасига кўра 39 та совринли ўриннинг 8 таси Тошкент шаҳри, 6 таси Навоий вилояти, 4 таси Тошкент вилояти вакилларига насиб этган бўлса, Наманган, Фар¬ғона ва Хоразм вилоятлари ўқитувчилари 3 тадан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари иштирокчилари 2 тадан, қолган вилоятлардан келган педагоглар 1 тадан юқори ўринни эгаллади.
Шунингдек, Тошкент шаҳридан 6 нафар, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидан 2 нафардан, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан — жами 13 нафар иштирокчи 1-ўринга лойиқ деб топилгани ўтган йилга нисбатан мазкур ҳудудлар ўқитувчиларининг изланувчанлиги ошганидан далолат беради.
“Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови олтинчи кўрсаткич бўлиб, энг илғор, ташаббускор, ижодкор, компетентли мактаб раҳбарларини аниқлаш, уларнинг ижодий фаоллигини ошириш, ёшларни баркамол шахслар этиб тарбиялаётган, инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётган директорларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилади. Кўрик-танловнинг 2015-2016 ўқув йилидаги натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бир нафардан — республика бўйича жами 14 нафар иштирокчи “Йилнинг энг яхши мактаб директори” кўрик-танлови ғолиби деб эълон қилинди.
Еттинчи кўрсаткич, яъни таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш режасининг бажарилиши хусусида тўхталсак, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2015 йил 27 мартда тасдиқланган режага кўра 2015-2016 ўқув йилида жами 2722 та (1916 та умумий ўрта ва 806 та мактабгача) таълим муассасаси жойлардаги аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилиб, ҳужжатлари ўрнатилган тартибда Давлат тест марказига топширилган. Бугунги кунга қадар Давлат тест маркази қошида доимий фаолият кўрсатувчи ак¬кредитация комиссияси томонидан 1760 та (91,7 фоиз) умумий ўрта ва 719 та (89,2 фоиз) мактабгача, жами 2479 та (91,1 фоиз) таълим муассасаси аккредитацияланди. Қолган таълим муассасаларининг аттестация ҳужжатлари мазкур комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда. Мазкур йўналиш бўйича халқ таълими бош¬қаруви органлари рейтинги таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш йиллик режасининг сифатли бажарилишига нисбатан белгиланди.
Халқ таълими тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, таълим тизимига АКТни изчил жорий этиш ва мазкур жараёнга ўқитувчилар, ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида ўтказилган “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт-2016” кўрик-танловида ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари 3 та (“Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти”, “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” ва “Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти”) номинация бўйича иштирок этди. Жорий йилнинг 23 мартидан 12 апрелига қадар ўрнатилган тартибда вазирликнинг tanlov.uzedu.uz сайтига келиб тушган 4906 талабнома кўриб чиқилиб, улар орасидан белгиланган талабларга мувофиқлари қабул қилинди. Синов якунларига кўра, “Энг яхши мактаб веб-сайти” номинацияси бўйича Хонқа туманидаги 34-мактаб I, Қўрғонтепа туманидаги 41-ИДУМИ II, Чирчиқ шаҳридаги 21-мактаб III ўринга лойиқ деб топилди. “Энг яхши ўқитувчи веб-сайти” номинацияси бўйича Жиззах шаҳридаги “Умид” ИДУМ иштирокчиси I, Сариосиё туманидаги 1-ИДУМИ ўқитувчиси II, Учтепа туманидаги 107-мактаб вакили III ўринни эгаллади.
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танлови мактабгача таълимга қўйилган давлат талабларини ҳамда янги педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этаётган мактабгача таълим муассасаларининг илғор тарбиячиларини аниқлаш, таълим-тарбиянинг ноанъанавий усулларини жорий этиш мақсадида ўтказилади. Бу йилги кўрик-танлов натижаларига кўра, Қувасой туманидаги 28-МТМ тарбиячиси Гуласал Зайнобиддинова биринчи, Самарқанд шаҳридаги 60-махсус МТМ тарбиячиси Минаввар Қобилова иккинчи, Шайхонтоҳур туманидаги 259-МТМ тарбиячиси Муниса Олимова учинчи ўринга муносиб деб топилди.
“Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг бу йилги республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан биттадан энг обод мактаб аниқланди. Мазкур беллашувда ҳудуди ораста, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари намунали йўлга қўйилган таълим муассасаларига алоҳида аҳамият қаратилди. Зеро, обод мактабда таълим самарадорлиги ҳам эътибордан четда қолмайди. Чунки ўзи раҳбарлик қилаётган муассасанинг гуллаб-яшнашига астойдил интилган директор ўқув-тарбия сифатини ҳам, албатта, оширишга ҳаракат қилиши шубҳасиз.
Шунингдек, МТМлар ўртасида ўтказилган “Энг обод мактабгача таълим муассасаси” кўрик-танловида ҳам ҳар бир ҳудуддан энг намунали биттадан мактабгача таълим муассасаси ғолиб деб топилди.
Таълим-тарбия самарадорлигини оширишда таъсирчан руҳда, мақсадли ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти катта. Шу боис ҳар йили халқ таълими тизимида “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловини юқори савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Танловнинг жорий йилги республика босқичида Пахтакор тумани иштирокчиси биринчи, Хонқа тумани вакили иккинчи, Янги¬қўрғон туманидан иштирок этган педагог учинчи ўринни эгаллагани ҳудудларда маънавият тарғиботини самарали ташкил этишга нечоғлик аҳамият қаратилаётганидан дарак беради.
Халқ таълими тизимида узлуксиз методик хизмат самарадорлигини ошириш, ташаббускорлик ва ижодкорлик билан фаолият кўрсатаётган методистларнинг кичик гуруҳларини аниқлаш, уларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш, самарадорлиги юқори бўлган истиқболли педагогик ғояларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва оммалаштириш орқали методик хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими бошқарув органларидаги кичик гуруҳлар кўрик-танловларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан “Энг яхши таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танлови ўтказилди. Биринчи марта ташкил этилганига қарамай, иштирокчилар янги-янги ғоялари, таълим мазмунини оширишга қаратилган лойиҳалари билан ҳакамларда катта таассурот қолдирди.
Кўрик-танлов якунига кўра Самарқанд тумани ХТМФМТТЭБ жамоаси биринчи, Юнусобод тумани вакиллари иккинчи ўринни қўлга киритди. Таъкидлаш жоизки, таълим сифати ва самарадорлигига масъул бўлган кичик гуруҳ методистларининг билим ҳамда маҳоратини янада ошириш, методик хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш давр талабидир.
“Энг яхши давлат таълим стандарт¬ларига риоя этиш мониторинги методик таъминлаш кичик гуруҳи” кўрик-танловида эса биринчи ўринни Учтепа тумани иштирокчиси қўлга киритган бўлса, Самарқанд шаҳри вакили иккинчи, Олмалиқ шаҳри қатнашчиси учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Мазкур кўрсаткичларнинг таҳлили асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг рейтинг¬лари аниқланди. Унга кўра таълим сифатининг комплекс кўрсаткичлари бўйича юқори натижани Фар¬ғона, Бухоро ва Хоразм вилоятлари, нисбатан паст натижани Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари қайд этган.
Комплекс кўрсаткичлар туман(шаҳар)лар бўйича таҳлил қилинганда барча йўналишлар бўйича юқори натижаларни Навоий шаҳри, Жиззах шаҳри, Нукус шаҳри, Самарқанд шаҳри, Фарғона шаҳри, Ғузор тумани, Ғиждувон тумани, Мирзо Улуғбек тумани, Қарши шаҳри, Юнусобод тумани, Гулистон шаҳри, Китоб тумани, Зарафшон шаҳри, Жарқўрғон тумани, Хонқа тумани, Чилонзор тумани, Қизилтепа тумани, Марҳамат тумани, Бухоро шаҳри, Урганч шаҳри қайд этган.
Республикада юқори натижага эришган ҳудудларнинг кўрсаткичлари таҳлили мазкур ҳудудларнинг билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, таълим сифати мониторинги, “Инглиз тили билимдонлари”, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловлари ҳамда илғор тажрибага эга ўқитувчиларнинг иш услубларини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратгани маълум бўлди.
Таълим сифатининг комплекс кўрсаткичи таҳлиллари натижасида ҳар бир фанни ўзлаштириш даражаси, фанлар кесимида ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши мураккаб бўлган мавзулар таҳлил этилиб, айни пайтда мавжуд бўшлиқларни тўлдириш чоралари кўрилмоқда.
Мустақиллик йиллари мамлакатимизда халқ таълими соҳасида ниҳоятда салмоқли янгиланишлар амалга оширилди. Саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, деярли барча мактаблар қайтадан қурилди ёки капитал реконструкция қилинди. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув-лаборатория жиҳозлари энг чекка ҳудуддаги таълим муассасаларигача кириб борди. Яратилаётган бу имкониятлар замирида билимли, зукко, ноёб иқтидори билан жаҳонга бўйлашадиган авлодни камол топтиришдек олижаноб мақсад мужассамлигини барчамиз яхши биламиз. Шу боис мактаб партасида кўзлари ёниб турган фарзандларимизга чуқур билим бериш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун соҳада хизмат қилаётган барча педагоглар вазифасига юксак масъулият билан қараши, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшамоғи лозим. Зеро, юртимиз келажагининг қандай бўлиши бугун биз бераётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигига боғлиқ.
Шарифжон ЭРГАШЕВ,
Халқ таълими вазирлигининг
таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш
бош бошқармаси бошлиғи