Мактабнинг аҳил, интилувчан жамоаси
янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлайди
Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли ўқув муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари якунига етай деб қолди. Мактабларни жорий ва капитал таъмирлаш ишлари ниҳояланиб, синфхоналар, фан кабинетлари, лаборатория жиҳозлари шай ҳолатга келтирилди. Айни пайтда синф бурчакларини ташкил этиш, янги шиорлар билан безаш, Мустақиллик байрами ва “Билимлар куни”ни муносиб кутиб олишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Гурлан туманидаги 31-мактабда жорий таъмирлаш ишлари бу йил анча пухта ва сифатли бажарилди. Жамоадаги 67 нафар педагог ва техник ходимнинг барчаси байрамга катта тайёргарлик кўраяпти. Икки қаватли муҳташам мактаб биносига мустақиллигимизнинг 25 йиллиги, Соғлом она ва бола йили ҳамда янги ўқув йилига бағишланган паннолар ўрнатилган.
— Бу гал янги ўқув йилини ҳар доимгидан ҳам ўзгача руҳда, юқори савияда кутиб олишга астойдил бел боғлаганмиз. Чунки бу йил давлатимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллигини нишонлаймиз. “Билимлар куни”да мазкур тарихий сананинг аҳамиятини ўқувчиларга жонли мисолларда тушунтириш, истиқлолнинг нечоғлик буюк неъмат эканини фарзандларимиз онгу шуурига етказиш мақсадида барча педагогларимиз қизғин ҳозирлик кўраётир, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Манзура Раҳимбоева.
Дарҳақиқат, мактаб жамоаси ишчан кайфиятда. Баъзи ўқитувчилар фан кабинетларидаги жиҳозларни тартибга солиш, баъзилари ўқув кўргазмали воситаларни ўрнатиш, деворий газеталар чиқариш, ўқув режаларини тасдиқлатиш билан банд. Таъмирдан сўнг мактаб фойеси, синфхоналар таълимий-дидактик материал ва маълумотлар акс этган плакатлар, кўргазмали ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган. Синфхоналарнинг поли, эшик-дераза ромлари янги бўялгани боис ялтирайди. Деворларнинг текислиги, оч ранги кўзни яйратади. Мактабдаги дарс ўтиладиган 25 та синфхонанинг барчаси худди шундай кўринишда.
Мактаб коридори бўйлаб юрар эканмиз, девордаги стендларга бир-бир кўз югуртирамиз. “Ўзбекистон ифтихорлари” мавзусига бағишланган плакатда 25 йил ичида Ватанимиздан етишиб чиққан донгдор спортчилар суратлари ва улар ҳақидаги маълумотлар акс этган. “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” шиори остида ташкил этилган “Умид ниҳоллари” стендида спорт мусобақаларининг мактаб бос¬қичига доир маълумотлар ўз ифодасини топган. “Касбим — фахрим”, “Мутахассислигинг — сенинг келажагинг”, “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” мавзусидаги стендлар йўлакнинг охиригача ҳамроҳлик қилади. “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори битилган плакатлар барча синф¬ларнинг доскаси ёнидан жой олган.
Бу йил ушбу таълим муассасасига 77 нафар ўқувчи
1-синфга қабул қилинади. Уларга аталган 12 номдаги ўқув қуролидан иборат “Президент совғалари” келтирилиб, топширишга шай ҳолатда сақланмоқда.
— Бу ҳолат ҳар йили такрорланса-да, янги ўқув йилини катта ҳаяжон билан кутаяпмиз. Илк дарсларданоқ ўқувчиларнинг қалбидан муносиб жой эгаллаш, уларнинг ишончини қозониш, энг муҳими, мактаб муҳитига тез ва осон мослашиши учун психологик ва педагогик жиҳатдан пухта ҳозирлик кўрдик, — дейди бошланғич синф ўқитувчиси Зевар Дўстметова. — Йилдан-йилга 1-синфга келадиган ўқувчиларнинг мактаб таълимига тайёргарлик даражаси ошиб бормоқда. Масалан, бу йил қабул қилинган болаларнинг аксарияти ёзиш, санаш, ўқиш кўникмасига эга. Ҳозирда улар Ватан, мус¬тақиллик, мактаб, устозлар ҳақида янги шеърлар ёд олиб, байрам саҳнасида ифодали ўқишга тайёр. Бу ота-оналарнинг мактаб таълимига эътибори, болалари келажагига дахлдорлигини ҳис этиш даражаси ортиб бораётганидан далолат беради.
Мактаб ҳаётида, шубҳасиз кутубхонанинг ўрни ва аҳамия¬ти беқиёс. Биз сўз юритаётган 31-мактаб кутубхонаси дарслик, методик қўлланма ва бадиий адабиётлардан иборат 7 мингдан зиёд китоб фондига эга бўлиб, шундан 6730 тасини дарсликлар ташкил қилади. Кутубхона ходимаси М.Бойметованинг таъкидлашича, айни пайтгача барча синф раҳбарларига дарс¬ликлар топширилган.
Таълим муассасасидаги барча педагогларнинг тайёргарлиги юқори. Жумладан, болаларнинг чиниқиши, соғ¬лом ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган жисмоний тарбия фани мураббийи ҳам янги ўқув йилини янгича иштиёқ билан бошлашга тараддуд кўраяпти.
— Мактабимизда иккита спорт майдони мавжуд бўлиб, бири юқори, иккинчиси бошланғич синфларга мўлжалланган, — дейди жисмоний тарбия ўқитувчиси Умрбой Матёқубов. — Шу кунгача ушбу майдонларга тегишли чизиқлар тортилиб, тартибга келтирилди. Футбол дарвозасининг тўсинлари, баскетбол шитлари, устунлари ҳамда тўсиқлар оша ўтиш жиҳозлари бўялиб, югуриш йўлаклари чизиқлар билан белгиланди. Узунликка сакраш майдончаси қум билан тўлдирилди. Иккала майдон ҳам янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилди.
Мактабнинг ноқулай об-ҳаво шароитида машғулотларни ўтишга мўлжалланган мавжуд иккита спорт залида ҳам барча шароит муҳайё. Катта спорт зали баскетбол, волейбол ўйинларига мосланган. Бу ерда ҳам пол ва баскетбол шитлари бўялган. Аниқ ўлчамда махсус чизиқлар тортилган. Кичик залда гимнастика, енгил атлетика, кураш каби спорт турларига хос анжомлар тахт қилинган. Мактабда футбол, волейбол, енгил атлетика, бадиий гимнастика тўгараклари мавжуд бўлиб, бу йилдан улар қаторига шахмат-шашка тўгараги қўшилади.
Ўтаётган ҳар бир кун бизни мустақиллигимизнинг 25 йиллиги шодиёналари, янги ўқув йилига тобора яқинлаштирмоқда. Ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар қалбида чексиз ҳаяжон. Ҳамма энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳамда “Билимлар куни”ни ўзига хос тарзда кутиб олиш ниятида. Бу, шубҳасиз, халқи¬мизнинг азалдан маърифатга интилувчанлиги, фарзандлари камолотига юксак эътибори ва ғамхўрлигининг инъикоси, десак, муболаға бўлмайди.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири