Таълим жараёнига янгича ёндашув педагогларни муҳокамага чорлади
Юнусобод туманидаги 9-мактабда “Сифатли таълим-тарбия — бош вазифамиз” шиори остида ўтказилган Тошкент шаҳар педагогларининг август кенгаши ўтган ўқув йилининг сарҳисоби билан бошланди.
Қизғин кайфиятда муҳокамага киришган ўқитувчилар янги ўқув йили режасини тузишда ўтган йилги натижалардан тегишли хулоса чиқариш тамойилига амал қилишди. Саккизта шўъбада давом этган анжуманда барча фан ўқитувчилари, МТМ ходимлари ва раҳбар кадрлар ҳамжиҳатликда фикр алмашиш имконига эга бўлди.
— Замонавий таълим методистдан ўз фаолиятига янгича ёндашувни, касбий етук, методик жиҳатдан маҳоратли бўлишни, инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий этиш методларини пухта билишни тақозо этмоқда, — дейди шўъба тренери ¡ктамжон Тоҳиров. — Амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан методистлар ҳар 3 йилда бир маротаба тоифа (фан)лар кесимида малака оширади. Аслида, методист ҳар куни соҳа янгиликларидан хабардор бўлиши лозим. Шуни инобатга олган ҳолда ҳудудлардаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларида “Методист мактаблари” ташкил этилди.
Анжуман барча иштирокчиларнинг фаоллиги ва ташаббуси остида давом этди. Жумладан, таълим сифати мониторинги жараёнида ўқувчилар билимида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш ва салбий таъсир этган омилларни бартараф этиш бўйича шўъба қатнашчилари билдирган самарали таклиф ва мулоҳазалар салмоқли бўлди.
Қизғин руҳдаги шўъба йиғилишлари тугагач, ўтган ўқув йилида ташаббус кўрсатган илғор педагоглар муносиб рағбатлантирилди.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири