Мустақиллик дарслари
янги ўқув йилининг илк машғулотларини юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда
Мамлакатимиз таълим муассасаларида янги ўқув йилини қўшалоқ айём сифатида кутиб олиш эзгу анъанага айланган. Истиқлолнинг 25 йиллиги муносабати билан мактабларда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказиладиган илк дарсларда миллий ўзликни англаш, энг бебаҳо, энг азиз неъмат — мустақиллигимизни асраб-авайлаш ҳамда қадрлаш юртимизда яшовчи барча фуқаронинг бурчи экани яна бир карра фарзандларимиз онгу шуурига сингдирилади. Бу йил ҳам “Мустақиллик дарслари”ни ҳар йилгидан кўтаринки руҳда, кўргазмали қуроллардан фойдаланиб, мазмунли маъруза, давра суҳбати, видеолавҳа ва савол-жавоблар орқали ўтказиш кўзда тутилаётир.
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан “Ким эдигу ким бўлдик? Эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусида ўтказилган ўқув семинарида айни шу жиҳатга аҳамият қаратилди. Паркент туманидаги 7-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда қатнашган туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудирлари “Мустақиллик дарслари”ни самарали ва қизиқарли ташкил этиш ҳамда намунавий дарс ишланмаларини яратишга доир услубий тавсияларини мактаб директорлари эътиборига ҳавола этишди. Шундан сўнг семинар иштирокчилари олти шўъбага бўлиниб, фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишди. “Ўзбекистон: кеча ва бугун”, “Давлатимиз иқтисодий ҳаётидаги ўзгаришлар”, “Ўзбекистонда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар”, “Ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашга доир давлат сиёсатининг моҳияти, спорт соҳасида эришилган ютуқлар”, “Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар”, “Юксак маънавиятли авлод тарбияси” мавзусидаги маърузаларда юртимиздаги барқарор, осуда ва тинч ҳаётнинг қадрига етиш, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни ёшлар онгига сингдириш зарурлиги таъкидланди.
Вилоятда 877та мактаб, 35та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 19та “Баркамол авлод” болалар маркази мавжуд бўлиб, уларда 382987 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Ана шу ёшларни юксак маънавиятли, зукко ва интеллектуал салоҳиятли шахс сифатида тарбиялашни ният қилган ҳар бир ўқитувчи
“Мустақиллик дарслари”ни юқори савияда ўтиши шарт. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиши учун ёш авлодга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш педагогларнинг асосий вазифасидир.
Чиндан ҳам, бугун замонавий таълим стандартлари асосида билим олаётган ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилса, арзийди. Муҳташам ўқув бинолари, кенг ва ёруғ синфхоналар, сўнгги русумдаги компьютер ҳамда лаборатория жиҳозлари, кутубхона, спорт мажмуаси — буларнинг барчаси ўқувчилар ихтиёрида.
— 1629 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мактабимизда маҳоратли ўқитувчилар қатори ёш педагоглар ҳам фаолият юритади, — дейди Чирчиқ шаҳридаги 21-мактаб директори Сабура Нигманова. — Бугунги семинарда тақдим этилган методик материаллар ва тавсиялар педагогларимизнинг “Мустақиллик дарси” ҳамда маънавият соатларини яхлит тарбиявий усуллар ва таъсирчан воситалар ёрдамида ўтказишда қўл келади. Зотан, барча саъй-ҳаракатларимиз билим, шижоат ва ақл-идрок бобида ҳеч кимдан қолишмайдиган, мустақил фикрга эга, қатъиятли ёшларни тарбиялаб, вояга етказишга қаратилгандир.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири