Мактаб ярмаркалари
ўқувчиларни сифатли ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар билан таъминлашга хизмат қилмоқда
Янги ўқув йилида Андижон вилоятидаги 741та умумтаълим мактаби 400 минг нафардан зиёд ўқувчини ўз бағрига олади. Шу йилнинг 10 августидан ҳудуддаги 70та умумтаълим муассасаси қошида мактаб ярмаркаларининг фаолият бошлагани улар атрофидаги 343та ўқув даргоҳлари ўқувчиларининг сифатли ўқув қуроллари ва кийим-кечакларга эҳтиёжини таъминлаш имконини бермоқда.
Ярмаркаларда асосан 26 турдаги ўқув қуроллари, болалар спорт формалари ҳамда пойабзаллари харидорларга таклиф этилаяпти. Муҳими, маҳсулотларнинг сифати ва нархи барчага манзур бўлаётир.
— Узоқ йиллар педагог бўлиб ишлаганим туфайли набираларимнинг ўқув йилига пухта тайёргарлик кўришига жиддий қарайман. Чунки ўқувчининг дарсларни яхши ўзлаштиришида сифатли ўқув қуролларининг аҳамияти катта, — дейди фахрий педагог Анисахон Саидхонова. — Мактаб ярмаркасида харидорлар учун барча қулайликлар мавжуд. Тўлов терминаллари ўрнатилган, нархлар ҳамёнбоп. Исталган турдаги маҳсулотни топиш мумкин. Юртимизда ишлаб чиқарилган ўқув қуроллари ва кийим-кечакларнинг сифати хорижникидан кам эмас. Ўқувчилик йилларимизда қалам топсак, ўчирғич етишмас, расм дафтари олсак, циркуль муаммоси пайдо бўларди. Бугун мана шундай ярмаркалар орқали фарзандларимизнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам мушкули осон ечим топмоқда.
Андижон шаҳридаги 2-, 31-, 48-, 49-мактабларда ташкил этилган ярмаркаларни кўриб, кўз қувнайди. Ўтган йилларга таққослаганда, бу йил маҳсулот тури кўпайгани ва таълим стандартлари асосида ишлаб чиқариш асосий мезонга айланаётгани сезилмоқда. Кийим-кечаклар растасидан ўқитувчилар учун бежирим, педагогга мос либосларнинг ўрин олгани ҳам эътиборга молик. Ярмаркага қўйилган дафтар, кундаликлар муқовасида буюк аждодларимиз сиймоси ва улар ҳаётига доир қисқача маълумотлар акс этган. Бу ўқувчида миллий ғурурни ошириш баробарида қалбидаги она Ватанга муҳаббат туйғусини жўш урдиради.
Орифжон СИДДИҚОВ,
“Ma’rifat” мухбири