Ўқувчининг муваффақияти — энг катта мукофот
Сергели туманидаги 21-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Сифатли таълим-тарбия — бош вазифамиз” шиори остида анъанавий август кенгаши бўлиб ўтди. Тўрт юздан зиёд педагог 14 шўъбада ўз йўналиши бўйича тажриба алмашди.
Йиғилиш иштирокчилари ўтган ўқув йили якуни бўйича таълим сифати мониторинги, фан олимпиадаси ва билимлар беллашувида ўқувчиларнинг ўзлаштиришида аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича аниқ, самарали усулларни таклиф этди. Жумладан, ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлик кўришига эришиш, таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, фан методбирлашмалари ва методика кенгашлари фаолиятини кучайтириш, ёш педагогларга методик кўмак берилишини йўлга қўйиш, ХТХҚТМОИ билан ҳамкорлик ўрнатиб, методик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ижобий қабул қилинди.
— Ҳар бир ўқитувчи ўқувчиларининг билимидаги бўш¬лиқни аниқлаб, ўзлаштирилиши мураккаб бўлган мавзуларни тушунтиришга алоҳида ёндашиш, иқтидорли болалар билан шуғулланиш жараёнида методик ёрдамга эҳтиёж сезиши табиий, — дейди Сергели туманидаги 6-ИДУМ директори Дилором Эшмаматова. — Бу масалани ижобий ҳал этишда мактаб педкенгаши, методбирлашмаси, тумандаги тегишли фан услубчиси, вилоят ёки шаҳардаги методика марказининг ёрдами, қолаверса, ХТХҚТМОИ мутахассислари билан ўрнатилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай педагогнинг ўқувчиси, албатта, юқори натижага эришади.
* * *
Олмазор туманидаги 165-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган август кенгашлари семинарида тумандаги барча таълим муассасалари ходимларининг касбий маҳорати, масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш, маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, “Оила—маҳалла—таълим муассасаси ҳамкорлиги”ни янада самарали ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
— ¡тган ўқув йили ютуқларга бой бўлди, — дейди туман ХТМФМТТЭБ мудири ўринбосари Умида Муслимова. — Янги ўқув йилида ҳам бу муваффақиятларни давом эттириш, таълим сифатини янги босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни яратиш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш мақсадида таълим масканларида “Дарс—муқаддас”, “Ўрган-ўргат”, “Мураккаб фанни ўрганамиз”, “Соғлом муҳит — соғлом жамоа” тадбирлари ўтказилди. Ўйлайманки, бугунги анжуман янги ўқув йилини янада кўтаринки руҳда бошлашга туртки беради.
Шайхонтоҳур туманидаги 102-мактабда ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, ХТМФМТТЭБ, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси вакиллари иштирок этиб, янги ўқув йилида амалга ошириладиган ишлар хусусида фикр алмашилди. Тадбир якунида энг илғор педагоглар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Насиба ЭРХОНОВА,
Сардор МУСТАФОЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари