Энг шарафли касб эгаларига эҳтиром
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Муаллим — асрлар оша қалбларимизни илм-маърифат зиёси билан чароғон этиб келаётган мўътабар зот. Бу ёруғ оламда инсон закоси ила неки мўъжизалар яратилган бўлса, барининг наққоши устоздир. Шу сабаб ҳам халқимиз азал-азалдан устозларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келади. Айниқса, мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги энг илғор ва маърифатпарвар қатлам сифатида ўрни янада мустаҳкамланди.
Байрам тадбири Ўзбек Миллий академик драма театрида давом этди. Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Айтиш жоизки, ўтган йиллар давомида ўқитувчиларнинг самарали меҳнат қилиши, ўқувчи-ёшларнинг пухта билим эгаллаши учун замонавий шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, 2004—2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида 8501 та, 2010—2016 йилларда Инвес¬тиция дастури асосида 2255 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур таълим муассасалари замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув мебеллари билан жиҳозланди. Ҳар йили ўртача 26—28 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар умумтаълим мактабларига етказилиб, айни пайтда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш кўрсаткичи 100 фоизга етди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилаётган лойиҳалар, турли маърифий-ижодий танловлар ёшларга билим беришга доир илғор тажрибалар, инновацион ғоя ва ташаббусларнинг тобора кенг қулоч ёйиши, оммалашиши, болаларнинг ўқишга иштиёқи кучайиши, ўзлаштиришда ижобий натижаларга эришишига хизмат қилмоқда. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаб директори”, “Йилнинг энг яхши психологи”, “Йилнинг энг яхши методисти”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” каби кўрик-танловлар орқали илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар тажрибасини атрофлича таҳлил этиш ва ўрганиш, инновацион иш тажрибасини янада кенгроқ оммалаштириш орқали таълим мазмуни такомиллашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, чет тиллардан янги давлат таълим стандартлари яратилиб, ўқувчиларга 1-синфдан бошлаб хорижий (асосан, инглиз) тилларни бутунлай янгича услубда ўргатиш тизими йўлга қўйилди. Натижада ўғил-қизларимизнинг бир нечта чет тилини пухта ўзлаштириб, жаҳон илм-фани ютуқлари ва халқаро ахборот ресурсларидан бевосита фойдаланиши учун пухта замин ҳозирланди.
Истиқлол йилларида 9+3 шаклидаги узлуксиз таълим тизимининг жорий этилиши натижасида 1998—2016 йилларда юртимизда миллий меъморчилик ечимига, кучли моддий-техник таъминотга эга бўлган 1556 та янги типдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ва уларнинг 37 та филиали барпо этилди. Ушбу замонавий ўқув муассасаларида йигит-қизлар чуқур билим олиб, ўз хоҳиши ва қобилиятига мос равишда касб-ҳунар эгалламоқда. Ўтган давр мобайнида минг¬лаб ёшлар академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, айни пайтда ўзи амалиёт ўтаган ишлаб чиқариш корхонасида фаолият олиб бормоқда.
Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Жаҳондаги нуфузли олий ўқув юртларининг Ўзбекистондаги филиаллари ташкил этилиб, ёшларимизнинг халқаро таълим стандартлари асосида билим олиши учун кенг имкониятлар яратилди.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани она тилимиз ва адабиётимиз имкониятларини чуқур ўрганиб, илмий асосда тадқиқ этиш, ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.
2011—2016 йилларда Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш дас¬тури доирасида айни кунгача 24 та олий таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу объектлар энг замонавий мебель ва инвентарлар, ахборот-коммуникация технологиялари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг бошқа турдаги техник воситалари билан таъминланди.
— Жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам таълимга сарфланаётган харажат ялпи ички маҳсулотнинг 3—5 фоизидан ошмаётган бир шароитда Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳар йили 10—12 фоизни ташкил этмоқда, — дейди Жалақудуқ туманидаги 1-мактаб ўқи¬тувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Дилфузахон Умарова. — Бугун шиддат билан ўзгараётган даврга ҳамқадам бўлиб, илм-фан чўққиларини забт этаётган, барча соҳаларда дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги тенгқурлари билан рақобатга кириша оладиган, бир неча чет тилларни ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштирган, меҳнат бозори талабларига мос касб-ҳунарни эгаллаган, жисмонан соғлом, маънан баркамол авлоднинг вояга етаётгани Биринчи Президентимиз раҳнамолигида йўлга қўйилган мустаҳкам тизимнинг ёрқин самараларидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» республика кўрик-танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбирида сўзга чиққан Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси, Болгария ва Кипрда ўтказилган талабаларнинг математика бўйича халқаро олимпиадаси олтин медаллари соҳиби Ҳакимбой Эгамберганов мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, педагог ходимлар меҳнатини қадр¬лаш ва муносиб рағбатлантириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни алоҳида эътироф этдилар. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид устоз ва мураббийларни байрам билан қутлаб, уларга бағишланган янги шеърини ўқиб берди.
Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасининг «Мирзо Улуғбек» спектакли намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Арипов иштирок этди.
Ҳамза АБДУЛЛАЕВ,
Хайриддин МУРОД,
“Ma’rifat” мухбирлари