Меҳнатга ярашган мукофот
Ўқитувчи мисоли бир боғбон. Боғбонки, мевалари ўн йилларда етилиб, бутун умр элу юртни баҳраманд этади. Ҳар бир ўқувчида шаклланган фазилат ёки унинг эзгу амали, эришган муваффақиятлари устоз-боғбоннинг меҳнати ҳосиласидир.
Шайхонтоҳур туманидаги 132-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Барно Нурмуҳаммедова ҳам ана шундай тажрибали ўқитувчилардан бири. Яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани қувончли воқеалардан бири бўлди.
Барно Нурмуҳаммедова 27 йиллик педагогик фаолияти давомида янги методлар, қизиқарли ўйин ва турли кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ҳар бир мавзуни ўқувчиларга тўлиқ ва осон тушунтиришга интилиб келади. Шунинг учун ҳам ўқувчилари фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви каби турли танловларда юқори ўринларни қўлга киритмоқда.
— Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор натижасида бугун ўғил-қизларимиз кўплаб ютуқларга эришмоқда, — дейди Барно Нурмуҳаммедова. — Яқинда нишонланган 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни — умумхалқ байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси ходимларига йўллаган табригида «Ислом Абдуғаниевич Ватанимизни буюк муҳаббат билан севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш, бу йўлда бор билим ва тажрибамиз, бутун борлиғимизни сафарбар этиш борасида биз учун юксак ибрат мактабини яратиб кетдилар» дея таъкидланган. Шу маънода мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 2012 йилда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга биноан, умумтаълим мактабларида 1-синфдан бошлаб инглиз тили ўргатила бошлангани биз хорижий тил ўқитувчиларидан катта масъулият талаб этади. Сабаби, бошланғич синф¬ларга тил ўргатиш анча-мунча ижодкорликни, янгича услублардан фойдаланишни талаб этади. Шунга мувофиқ ўз устимизда тинимсиз изланиб, янгиликлар яратишга ва самарали таълим методларини кенг оммалаштиришга ҳаракат қилаяпман.
Тажрибали педагогнинг ўқувчилари орасида инглиз тилида сўзлаша олмайдиганлари кам топилади. Ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўриб, мавзуни ўзига хос усулларда тушунтириши машғулотлар самарадорлигини ошираяпти.
Юртимизда фидойи ва ташаббускор ўқитувчи-мураббийлар меҳнати муносиб рағбатлантириб келинаётгани уларни янада куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда. Бугун мактабнинг энг кичик синфидаги ўқувчи ҳам хорижий тилда ўз фикрини эркин ифода эта олаётгани, ёшларимизнинг чет эл адабиётларини бемалол ўқиш ва бу орқали чуқур мушоҳада юритиш имконига эгалиги ана шундай фидойи, изланувчан педагоглар меҳнатининг натижасидир.
Зилола МАДАТОВА,
«Ma’rifat» мухбири