«Асрлардан омон ўтган она тилим»
Мактабимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 27 йиллигига бағишлаб ташкил этилган кеча шундай номланди. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси вакиллари, туман методистлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, ота-оналар қатнашган тадбирга юртимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари ҳам таклиф этилди.
Шеър тилнинг жозибадорлигини намоён этади. Шу боис адабий кеча ўқувчилар томонидан она Ватанни тараннум этувчи шеър билан бошланди. Сўзга чиққанлар она тилимизга давлат тили мақоми берилиши йўлида кечган машаққатли даврлар хусусида гапириб, бу ютуқ миллат руҳини кўтаришда муҳим қадам бўлганини таъкидладилар. Дарҳақиқат, миллат қалбида жўш ураётган кечинмалар тил орқали ифода этилади. Ўз она тилида бурро-бурро сўзлаган кишининг қалбида ғурур ва ифтихор, эртанги кунга ишонч ҳамда юртга садоқат, Ватанга муҳаббат ҳисси кучли бўлади.
Таниқли шоирлар томонидан тилимиз ва она юртимиз ҳақида шеърлар ўқилиб, ўзбек тилининг имкониятлари, латиф хусусиятлари тараннум этилди. Тадбирда ўқувчиларимиз ҳам ўзлари ёзган шеърлардан намуналар айтиб бергани кечага янада кўтаринкилик бағишлади.
Наргиза ЭРГАШЕВА,
Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактабнинг она тили ва
адабиёт фани ўқитувчиси