«Ишонч телефони» — халқ хизматида
Мустақиллик йиллари мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан адолатли ва ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга катта эътибор қаратиб келинди. Жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2014 йил 5 майда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги, 2014 йил 3 декабрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси мамлакат аҳолисининг ҳуқуқий маданияти юксалиб, ўз бурч ва мажбуриятларини, ҳақ-ҳуқуқларини чуқур англаб етаётганида ҳам намоён бўлмоқда. Сўнгги вақтларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглар, ота-оналар ва бошқа фуқаролардан келаётган мурожаатлар оқими ортгани ҳам шундан далолатдир. Энг муҳими, жойлардан тушаётган турли мазмундаги мурожаатларнинг ҳар бири эътиборга олиниб, уларда кўтарилаётган муаммоларга ўз вақтида ижобий ечим топилаётгани аҳолининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ҳамда келажакка бўлган ишончини оширмоқда.
Вазирликнинг интернет тармоғидаги расмий сайтида (www.uzedu.uz) вазирлик раҳбарияти, шахсан Халқ таълими вазирига савол билан мурожаат қилиш имконияти яратилган. Шунингдек, вазир ва вазир ўринбосарлари томонидан ҳудудларда мунтазам равишда “Сайёр қабул кунлари” ташкил этиб келинмоқда. Барча ҳудудий халқ таълими бошқаруви идораларида “ишонч телефони”, “ишонч қутиси” каби жамоатчилик фикрини ўрганиш воситалари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 16 январида www.uzedu.uz сайти орқали Халқ таълими вазири билан онлайн мулоқот ўтказилиб, фуқаролардан келиб тушган юздан ортиқ саволларга жавоб қайтарилди.
Фуқароларга халқ таълими тизимига оид таклиф, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳамда вазирлик мутасаддиларидан тезкор жавоб олиш имкониятини яратиш мақсадида 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб 10-06 қисқа рақамли “ишонч телефони” ишга туширилди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида Халқ таълими вазирлигига юқоридаги воситалар орқали фуқаролардан 1847 та ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди. Бу мурожаатларнинг барчаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, уларда кўтарилган масалалар қонуний ечимини топмоқда.
Яқинда Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) очилгани ҳам, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганининг яққол далилидир. Бош вазир виртуал қабулхонаси орқали вазирликка жўнатилган ариза ва шикоятлар сони 300 дан ортиқ. Мурожаатлар ўрнатилган тартибда қонуний жиҳатдан кўриб чиқилиб, тегишли жавоблар берилмоқда.
2016 йил 8 сентябрь куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси О.Аҳмедова ойлик маошига қонуний 30 фоизлик устама қўшиб берилмаётгани юзасидан шикоят билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, чет тили ўқитувчилари Давлат тест марказининг тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, сертификат олган тақдирда, уларнинг ойлик иш ҳақига қишлоқ жойларда 30 фоизгача устама пуллари қўшиб берилиши белгиланган. Аниқланишича, мактаб маъмурияти томонидан О.Аҳмедованинг 30 фоизлик устама олишига асос бўладиган ҳужжатлар тарификация учун туман молия бўлимига топширилганда ҳам молия бўлими иқтисодчиси томонидан рад этилган. Олиб борилган тезкор ўрганишлар натижасида О.Аҳмедованинг қонуний ҳуқуқлари тикланди, унга 2016 йилнинг март ойидан бошлаб устама пуллари тўлаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Шарқ юлдузи” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммаджон Оллабергеновнинг жисмоний имкониятлари чекланган ўғли Ботирга уйда якка тартибда таълим бериш лозимлиги белгиланган. Бироқ мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли дарслар ўз вақтида ўтилмасдан, қолиб кетавериши оқибатида боланинг таълим олишга бўлган қонуний ҳуқуқлари бузилган. Тумандаги сансалорликдан безиб қолган М.Оллабергенов шу йилнинг 8 сентябрь куни умид билан Халқ таълими вазирлигининг “ишонч телефони”га мурожаат қилади. Олиб борилган текширув ишлари натижасида уйда якка тартибда таълим беришни тўғри ташкил этмагани учун ҳудуддаги 35-умумий ўрта таълим мактаби директори И.Жуманиязовага “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди. Ботирнинг тенгқурлари қатори сифатли таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилди, зарурий ўқув жиҳозлари ва адабиётлари етказиб берилди.
Айтиш жоизки, ҳудуднинг ўзида ҳал этилиши лозим бўлган бу каби масалаларнинг қуйида ҳал бўлмасдан Халқ таълими вазирлигига қадар етиб келиши кўп ҳолларда жойлардаги масъул шахслар, мактаб директорлари, халқ таълими тизими туман, вилоят идоралари раҳбарларининг ўз лавозим мажбуриятларини тўлиқ ҳис этмаётгани, ёш авлод таълим-тарбиясига эътиборсизлик билан қараётгани оқибатида юзага келмоқда.
Қўқон шаҳридаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Зинаида Баброванинг жорий йил 9 сентябрда Халқ таълими вазирлигига қилган мурожаати кишини ўйга толдиради. З.Баброванинг таъкидлашича, директорнинг бепарволиги сабаб мактабда ўз дарсини кўнгилдагидек ўтиш учун оддий шарт-шароит яратилмаган, фан хонаси ажратилмаган.
Мутахассислар томонидан текширув ишлари олиб борилиб, муаммо ҳал қилинди. З.Бабровага алоҳида синфхона ва 20 соат дарс ажратилди. Бугун муаллима зўр иштиёқ билан ўқувчиларга дарс ўтмоқда. Оддий ўқитувчиларни қийнаётган бундай муаммоларнинг тезкор равишда ҳал этилаётгани педагогларга ўзига хос ишонч ва рағбат бўлиб, уларни янада самарали фаолият юритишга, ёш авлодга пухта билим беришга ундамоқда.
Маълумки, ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини оширишда дарс¬лик ва ўқув адабиётларининг ўрни катта. Шу боис мамлакатимизда мустақиллик йилларида ўқувчиларни мазмун ҳамда шакл жиҳатдан янги дарсликлар билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган шундай катта имкониятдан кўзланган мақсадни, ўқув жараёнида дарсликларнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканини англамаган ёки бу ишга масъулиятсизлик билан ёндашган айрим мактаб раҳбарлари, кутубхоначилари дарсликлар учун талабномаларни ўз вақтида ҳамда тўғри шакллантирмагани оқибатида ўқувчилар ўртасида дарс¬ликлар етишмовчилиги юзага келмоқда. Бу эса ўқитувчилар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Мирзаободлик Нодирбек Жумаевлар оиласи ҳам ўз мурожаатида худди шундай муаммони кўтарган.
— Қизим Нозима тумандаги инглиз тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 6-синфида ўқийди, — дейди Н.Жумаев. — Мактаб томонидан талабнома нотўғри берилгани сабабли қизимга дарс¬ликлар етмай қолди. Мактаб раҳбарига бир неча бор мурожаат қилсам ҳам масалани ижобий ҳал этмади. Қизим “Китоб топиб беринг!” дея ҳар куни ҳоли-жонимга қўймай юрган кезлари телевизор орқали Халқ таълими вазирлигининг “ишонч телефони” эълон қилинди. Сўнгги умид сифатида шу йил 15 сентябрь куни вазирликка қўнғироқ қилдим. Натижада қизим 6-синф учун дарсликлар тўплами билан тўлиқ таъминланди. Фарзандимнинг барча қатори сифатли билим олиши учун зарур ўқув адабиётлари билан таъминланганидан мамнунман.
Чирчиқлик Истора Юсупова фарзандини шаҳардаги 31-мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш мақсадида Чирчиқ шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мурожаат қилади ва йўлланма олади. Бироқ 31-МТМ мудираси турли баҳоналар билан болани қабул қилишни пайсалга солади. Муассасага қатнайверишдан чарчаган И.Юсупова вазирлик “ишонч телефони”га қўнғироқ қилади. Масала тезда ўрганиб чиқилиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари тикланди: И.Юсупованинг фарзанди бугун 31-мактабгача таълим муассасасида тарбияланмоқда.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқаро Мавлуда Маҳмаражабова тумандаги 71-умумий ўрта таълим мактабининг ахборот-ресурс марказида ишлаб, шу йилнинг май ойида туғруқ таътилига чиқади. Аммо орадан икки ой ўтса-да, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасидан дарак бўлмагач, М.Маҳмаражабова қонуний ҳуқуқини талаб қилиб, мактаб раҳбарига учраса, у ҳисобчига, ҳисобчига борса, у туман молия бўлимига, туман молия бўлими эса уни яна мактабга жўнатади. Хуллас, М.Маҳмаражабова ойлар давомида ташкилотлар ўртасида сарсон бўлиб, мутасаддиларнинг “отангга бор, онангга бор” қабилидаги жавобларидан безиб юрган пайти вазирлик “ишонч телефони” ҳақида эшитиб қолади.
2016 йил 19 сентябрь куни фуқаро М.Маҳмаражабованинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ололмаётгани ҳақидаги мурожаати “ишонч телефони” орқали қайд этилди ва қисқа муддат ичида ўрганиб чиқилиб, шу йилнинг 23 сентябрь куни М.Маҳмаражабованинг банк пластик карточкасига тегишли пул маблағи (икки миллион бир юз эллик бир минг саккиз юз ўн бир сўм) ўтказиб берилди.
Молиявий таъминот билан боғлиқ шунга ўхшаш ҳолат самарқандлик Охунжон Хўжақулов билан ҳам содир бўлади. Самарқанд шаҳридаги 66-умумий ўрта таълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси О.Хўжақулов ўз ойлик маошини Самарқанд давлат университетида тўлов-контракт асосида ўқийдиган фарзандининг ўқиши учун ўтказиб келади. Шартномадаги пул маблағи шу йилнинг май ойигача тўлиқ тўланган бўлса-да, мактаб раҳбарияти турли баҳоналар билан май ва август ойлари учун О.Хўжақуловга ойлик маоши бермайди.
О.Хўжақуловнинг мурожаатига асосан вазият ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам фуқаронинг ойлик маоши ўз ёзма илтимосига биноан Самарқанд давлат университети ҳисоб рақамига ўтказиб келинган. Бироқ май ойида шартномадаги пул маблағи тўлиқ тўланган бўлса-да, унинг иш ҳақи олий ўқув юрти ҳисоб рақамига ўтказилаверган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу пул маблағлари мактаб ҳисоб рақамига қайтарилиб, фуқаро О.Хўжақуловга май ва август ойи иш ҳақи тўлаб берилди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Албатта, бу каби мурожаатлар ортида инсонлар тақдири турганлигини, муаммоларнинг аввало юзага келмаслиги, юзага келган тақдирда ўз вақтида уларга ечим топиш зарурлигини чуқур анг¬лаган, шу йўлда уйғоқ виждон билан фаолият юритаётган раҳбар бошқараётган жамоада соғлом муҳит, ишчан кайфият ҳамда юқори натижалар бўй кўрсатаверади. Шу маънода ёшлар таълим-тарбиясини юқори даражада ташкил этиш, жараёнга тўсиқ бўлаётган камчиликлар, муаммолар ҳамда иллатларга ўз вақтида барҳам бериш жойларда фаолият юритаётган ҳар бир масъул раҳбарнинг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи зарур. Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқимиз ҳар қандай қийинчилик ва машаққатга бардош бериши мумкин, ҳамма нарсага чидаши мумкин, бироқ бу халқ адолатсизликка чидай олмайди!”.
Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати