Бола мактабини соғиниб келсин
Дурдона бошланғич таълимни бошқа мактабда олган эди. Навоийга кўчиб келишганидан сўнг қўшни болаларга эргашиб шу томонларга йўли тушдию фусункор шаҳар оғушидаги бўстондек яшнаб турган мазкур билим даргоҳида ўқиш истаги унга тинчлик бермай қўйди. Аслида, уйларига яқин жойда ҳам мактаблар бор. Аммо шу мактабда таҳсил олса энг билимдон ўқувчига айланиши ростдек туюларди унга. Шундай бўлди ҳам. Бугун у саккизинчи синфнинг аълочиларидан. Мактабга ҳар куни гўё байрамга бораётгандек ошиқади. Сабоқларни қизиқиш, иштиёқ билан қабул қилади. Танаффусларида синфхона токчаларидаги бир-биридан хушрўй гулларга сув қуйса, янада дадил сезади ўзини.
Ҳар боғнинг ўз номи бор
Навоий шаҳридаги она тили, рус тили, инглиз тили, математика ва физика фанлари чуқурлаштириб ўқитилаётган 12-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бугун 1568 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги чоракдан чоракка, йилдан йилга яхшиланиб бораётганида яратилган имкониятлар баробарида муассасанинг маънавият-маърифат маскани сифатидаги қиёфаси тобора гўзаллашаётгани муҳим ўрин тутади. Душанба тонгида она Ватан, сешанбада ота-она, чоршанбада Ўзбекистон болаларининг бахту саодати, пайшанбада хорижий тилларда, жумада устоз-мураббийларни мадҳ этувчи тароналар оғушида дарсларни бошлаш бу даргоҳда анъана тусини олган.
Жорий йилги “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг республика босқичида ушбу таълим муассасасининг ғолиблар қаторидан ўрин олиши ҳам бежиз эмас. Бир ёнда ҳосилдор “Устозлар боғи”, бир ёнда япроқлари шабадада чапакка чоғланаётган теракзор, бир томонда гўё хайрлашишга чоғланаётгандек мевалари ерга тўп-тўп тўкилиб, ранго-ранг ғунчалари чаманзорга айланган “Битирувчилар боғи”, бир томонда турли манзарали дарахт кўчатлари, номига монанд эндигина бўй чўзаётган “Сардорлар боғи”, “Ҳуқуқшунослар боғи”, “Маънавият тарғиботчилари боғи”... барча-барчаси ёш¬ларни табиатга, меҳнатга меҳр беришга ўргатиш билан бирга мактабга — билим олишга иштиёқ уйғотаётгани ҳақиқат.
— Менимча, мактаб бошқарувини зиммасига олган шахс ҳар бир иш кунини мазкур масъулиятли вазифани менга ишониб топширишган экан, албатта, бирор янгилик қилишим керак...” дея бошлаши шарт, — дейди муассаса раҳбари, “Йилнинг энг яхши мактаб директори — 2015” республика кўрик-танлови ғолиби Азамат Азимов. — Мактаб ҳудудини ҳар тонг айланар эканман ана шу ўйлар кечади хаёлимдан. Гарчанд ниҳоллар маҳаллий иқлим шароитимизга мос равишда танланган бўлса-да, синф¬ларга ажратилган гулзор ва боғлар қандай парвариш қилинаётганини синчиклаб кузатаман. Авжи суст кўчатлар учраса, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берамиз. Мактаб фойеси ва синфхоналарда ҳам қишин-ёзин турфа гуллар яшнаб туради.
— Мактаб эшигидан киришим билан тўғриси, барча ташвишларим унутилади, — дея суҳбатимизга қўшилади математика фани ўқитувчиси Дилшода Камолова. — Бир ёнда қушлар бурчаги, бир ёнда қип-қизил хитой атиргулларининг ифори. Йўлак ва заллардаги “Мактаб ҳақида”, “Менинг мактабим — менинг фахрим”, “...Билиб қўйки, сени Ватан кутади”, “Севмай бўладими, шундай Ватанни!” сингари стендларга кўзим тушиб, ички бир шукроналик, ғурур билан синфхона томон йўл оламан. “Ана шу шароитга ва ишончга муносиб ишлаш керак!” деган ўз-ўзимга бўлган талабчанлик ортаверади. 8-«А» синфи раҳбариман. Синфимиз жорий ўқув йилида мактабимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Энг фаол синф”, “Энг намунали синф хонаси” номинациялари ғолиблигини қўлдан бермай келаётир. Ҳар шанба ободонлаштириш, тозалик куни сифатида белгиланган. Ўқувчиларимиз шу куни мактабимиз ҳовлисидаги ўзларига тегишли ҳудудда гул ва кўчатларни парваришлашга ёрдам беришади.
Фарзандингиз мактабга етиб келди...
Мактабда сармоядан таш¬қари маблағ топиш, ҳомийлар ва ота-оналар билан ишлашнинг ўзига хос тажрибаси шакл¬ланган. Саховатпеша тадбиркорлар ҳомийлиги, ота-оналарнинг мурожаатлари асосида дарсдан кейин ихтисослик фанларидан ўтказиладиган қўшимча машғулотлар эвазига мактабнинг махсус ҳисоб рақамига тушаётган маблағ моддий-техник базани мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Дейлик, 7 та видеопроекторнинг 4 таси, 27 тадан телевизор ва DVD жамламасининг 5 таси, 4 дона маркерли тақдимот тахтаси сармоядан таш¬қари маблағ ҳисобидан харид қилинган. Мактаб радиоси ташкил этилган. 16 дона видео-кузатув камералари ўрнатилган. Мактаб ҳудудининг 114 метр олд қисмини темир панжара билан ўраш учун 29,9 миллион сўм сарфланган. Махсус ҳисоб рақамига келиб тушган жами 90 миллион сўмдан ортиқ маблағ мактаб моддий-техник базасини бойитиш учун йўналтирилган. Яқинда ўтказилган “Китобсеварлар” байрамида китоб савдоси марафони ташкил этилиб, кутубхона фондининг яна 7 872 800 сўмлик 1252 дона бадиий адабиётга бойитилгани ҳам ибрат олса арзигуликдир.
Айниқса, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Турникет” мосламаси ўрнатилиб, ота-оналарнинг қўл телефонларига “Фарзандингиз мактабга келди” ва “Фарзандингиз мактабдан кетди” хабарлари бориши таъминлангани эътиборлидир.
— Қизим 3-синфда ўқийди, — дейди Нилуфар Оқбўтаева. — Мазкур мосламанинг ўрнатилиши бизнинг иш ўрнимизда хотиржам фаолият юритишимизни ҳам таъминлади. Авваллари бор хаёлим қизимда бўларди. Мактабга тез-тез келиб тураман. Дарс жараёнларини кузатаман. Ҳар гал келганимда бу ердаги гўзаллик, осудаликдан баҳра олиб нимадир ўрганиб кетаман. Фарзандимнинг уйда ҳам гуллар парваришлаши, чизаётган расмларида сўлим табиат манзараларию, бахтиёр болаликни акс эттириши, энг асосийси, қизиқиш, масъулият билан уй вазифаларини бажариб, фанларни мукаммал ўзлаштираётгани — ҳамма-ҳаммаси бу даргоҳда фидойи, ўз касбини пухта эгаллаган устоз-мураббийлар, аҳил жамоа меҳнат қилаётганидан далолат беради.
Яратилган имкониятлар таълим-тарбиянинг сифат ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда
Яратилаётган шарт-шароитлар, саъй-ҳаракатлар замирида ўқиш ва ўқитиш ишлари сифатини оширишдек мақсад мужассам. Муаллимларнинг сабоқларга ҳар томонлама тайёргарлик билан кириши ва ҳатто муассаса раҳбарининг ҳам бирор соат сабоқни бузиб, ўқитувчи ёки ўқувчини чалғитмаслиги муассасада қатъий талабга айланган. Эришилаётган муваффақиятлар оз эмас. Жумладан, билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларининг вилоят босқичида ўқувчиларнинг совринли ўринларни эгаллаб, “Инглиз тили билимдонлари”, “Ёш таржимон” кўрик-танловларида ғолибликни қўлга киритиши, 2015-2016 ўқув йилида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танловининг республика босқичида математика фани ўқитувчиси Дилшода Камолованинг 2-ўринни, Давлат ва ҳуқуқ асослари фани ўқитувчиси Бобир Қобиловнинг 3-ўринни эгаллаши фикримизнинг далилидир.
Мактабда ўғил-қизларни спортга жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг истеъдодларини кашф этиш ва тарбия¬лаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муассасада 18х36 ҳажмдаги спорт зали, футбол, баскетбол майдончалари, югуриш йўлаклари, стол тенниси хонаси мавжуд бўлиб, керакли барча спорт инвентарлари билан таъминланган. Фаолият юритаётган 12 спорт секциясига 235 нафар ўқувчи ўз қизиқиш ва қобилиятларига кўра жалб этилган. Маҳоратли мураббийлар раҳбарлигида узлуксиз машғулотларга қатнаб келаётган Беҳруз Самадов, Исомиддин Тошмуродов, Баҳодир Турдибоев, Бекзод ўуломовлар таэквондо, Озода Рўзиқулова шахмат, Шаҳина Ҳасанова, Шаҳризода Раззоқова, Зумрад Абдурайимова бадиий гимнастика, Рустам Набиев қўл жанги, Камола Тоштемирова эркин кураш, Достон Маҳаматов қўл тўпи турлари бўйича республика миқё¬сидаги спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олиб келишаётир. “Камолот” ЁИҲ, “Камалак” болалар ташкилоти ўтказаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг маънан, жисмонан етук шахс бўлиб вояга етишларида муҳим ўрин тутмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати йўналишида умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот — 2015” танловининг республика босқичи ғолиблиги шу муассаса ёшларига насиб этгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
— Айни кунда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари давом этаяпти, — дейди Азамат Азимов суҳбатимизга якун ясар экан, — Сўнгги уч йилда мактабнинг томи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун бюджет маблағлари ҳисобидан 124 миллион сўм ажратилган бўлса, 30 миллион сўм сармоядан ташқари орттирилган маблағ ҳисобидан сарф этилди. Гарчанд эшик, ромлар “қилт” этган шамолни ўтказмаса-да, ҳар эҳтимолга қарши целофан ғамлаб қўйдик. Чунки ўқувчи синфхонада енгил либосда яйраб ўтирмаса, бу дарсда иштирок этиши, ўзлаштиришига салбий таъсир этмай қўймайди. Қолаверса, шамоллаш туфайли касалликка чалиниб бир кун ўқишга келолмаса, қанча нарса йўқотишини айтиб ўтирмасак ҳам бўлади. Барча саъй-ҳаракатларимиз фарзандларимизнинг иштиёқ билан таълим-тарбия олиши учун зарур шароит, муҳит, имконият яратишга қаратилган. Токи, бола таълим даргоҳига шунчаки бориши керак бўлгани учун эмас, юрагидан талпиниб, мактабини соғиниб келсин.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири