Пухта ҳозирлик — юксак муваффақият гарови
Билимлар беллашуви интеллектуал мусобақаси иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш, фанларга қизиқтиришда муҳим аҳамият касб этиб, билимдаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали таълим сифатини оширишда муҳим жараён бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу жиҳатдан беллашув ўқитувчиларни янада кўпроқ изланиш, ўз устида ишлаш, педагогик маҳоратини мунтазам юксалтириб боришга ундаяпти. Бухоролик ўқитувчилар бу тадбирга ҳар йили жиддий тайёргарлик кўраётгани туфайли вилоят шарафини ҳимоя қилаётган ўқувчилар бир неча йилдан буён беллашувнинг республика босқичида юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Хусусан, 2015-2016 ўқув йилида ўтказилган беллашувда ҳам 28 нафар ўқувчидан иборат билимдонлар жамоаси 3 та биринчи, 4 та иккинчи ва 11 та учинчи ўринларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида юқори натижани қайд этди.
— Билимлар беллашувининг дастлабки босқичида вилоятимизда 105 минг 273 нафар ўқувчи қатнашганининг ўзи ҳам мазкур беллашувнинг йилдан-йилга нуфузи ошиб, қамрови кенгайиб бораётганидан далолат беради, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ДТС мониторинги бўлими бошлиғи Акмал Ҳамидов. — Фанлар йўналишида таҳлил қилинганда, ўз билим ва иқтидорини синаб кўришга шайланган ўқувчилар сафи кенгайгани кўзга ташланади.
Жумладан, она тили ва адабиёт фанидан қатнашаётган ўқувчилар 16 минг 254 нафарни ташкил этди. Математика, тарих, биология, география, ҳуқуқшунослик фанларига ҳам қизиқувчилар сони орт¬ган. Беллашув Низомига рус тили (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактаблар учун) фанининг киритилгани ўқувчиларимизга яна бир фан бўйича билимларини синаш имконини яратди. Ўтган йили мазкур фан йўналишида билимлар беллашувида 9562 нафар ўқувчи иштирок этди. Натижа таҳлил қилинганда, уларнинг ўртача ўзлаштириш даражаси 67,5 фоизни кўрсатмоқда. Умумий кўрсаткичларга кўра, ўқувчиларнинг билимлар беллашувининг 1-босқичидаги ўртача ўзлаштириши 68,8 фоизни ташкил қилди.
Ҳар қандай ишнинг яхши кайфият билан бошланиши унинг самарасига ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис ўтган йили вилоятда билимлар беллашувининг ҳар бир босқичини кўтаринки руҳда ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилди. Айниқса, вилоят босқичи катта тайёргарлик билан ўтди. Унда қуйи (туман) босқичда ғолибликни қўлга киритган 673 нафар ўқувчи (уларнинг 550 нафари умумтаълим мактаби, 121 нафари ИДУМ ўқувчиси, 2 нафари 2014-2015 ўқув йилида беллашувнинг Республика босқичида ғолиб бўлган ўғил-қизлардир) иштирок этди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой кечган синовлар жараёнида иштирокчилар 16 фан кесимида ёзма назорат, лаборатория ишлари ва тест топшириқлари асосида ўз билимларини намоён этдилар. Якуний натижаларга кўра, 44 нафар энг билимдон ўқувчи ғолиб деб топилди. Уларнинг 6 нафари 100 баллик имкониятдан юқори натижани қайд этди. Хусусан, тарих фанидан Олот туманидаги 14-ИДУМнинг 6-синф ўқувчиси Санжар Қурбонов ва Ғиждувон туманидаги 65-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Бекзод Орзиқулов 100 баллик натижа билан кейинги босқичга йўлланма олди. Ўқувчиларнинг юқори натижалари давлат ва ҳуқуқ асослари (97,5 фоиз), иқтисодий билим асослари (94,8 фоиз), немис тили (94,7 фоиз), она тили ва адабиёт (92,1 фоиз) фанларида ҳам кузатилди. Беллашувда айниқса Ғиждувон ва Шофиркон тумани ҳамда Бухоро шаҳри ўқувчилари фаол иштирок этди. Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича чуқурлаштирилиб ўқитиладиган фанлар кесимида умумий самарадорлик 81,8, умумтаълим фанлари йўналишида 77,8 фоизга тенг бўлди. Ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириши даражаси эса 79,8 фоизга тенг бўлди. Бу ўтган 2014-2015 ўқув йилидаги ўзлаштиришга нисбатан 1,1 фоиз юқори кўрсаткичдир.
Хўш, бундай муваффақиятларга эришишнинг сири нимада? Шу саволга жавоб излаб республика босқичида энг юқори натижаларни қайд этган Шофиркон ҳамда Ғиждувон тумани таълим муассасалари ўқитувчиларининг ўзига хос тажрибалари билан қизиқдик.
— Билимлар беллашувига ўқув йили бошланишиданоқ жиддий тайёргарлик кўрамиз, — дейди Шофиркон туман ХТМФМТТЭБ мудир ўринбосари Ҳусен Бозоров. — Дастлаб фанлар кесимида иқтидорли ўқувчилар саралаб олиниб, беллашувнинг мактаб босқичига қадар бир неча бор синовлардан ўтказилади. Ҳар бир мактабда билимлар беллашуви бурчаги ташкил этилган. Унда иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар, тайёрланган тест ва ёзма иш топшириқлари кўп вариантлилик асосида ҳар ойда янгилаб турилади. Ҳар ҳафта ва ой охирида иштирокчилар олган баҳо кўрсаткичлари махсус доскада қайд этиб борилади. Натижада иштирокчи ўқувчилар орасида соғлом рақобат муҳити кучайиб, фанларни ўзлаштиришга бўлган қизиқиш ортади. Фанлар кесимида рейтинг натижалари мониторинг қилиниб, ўқувчилар томонидан йўл қўйилган камчиликлар, билимидаги бўшлиқлар аниқланади ва жамоада чуқур таҳлил қилинади. Фан ўқитувчиларининг қўшимча дарслари янада пухта билим беришга қаратилади. Ҳеч бир ҳаракат самарасиз қолмаганидек, шофирконлик ўқитувчиларнинг изланишлари ҳам ўз натижасини кўрсатиб келмоқда. Ўтган ўқув йилида Билимлар беллашувининг республика босқичида 2та 1-ўрин ва 2та 2-ўринни туманимиз ўқувчилари қўлга киритди.
— Ўқувчим Азиза Абдуллаева уч йилдан буён беллашувнинг республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб келади, — дейди тумандаги 6-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Ойдин Аҳадова. — Аввалги йиллари кўнгилдагидек натижага эришмаган бўлсак-да, бу йилги иштирокимиз муваффақиятли бўлди. Азиза 8-синф ўқувчилари орасида энг юқори — 99 балл тўплаб, 1-ўринга сазовор бўлди. Бу биргина ўқувчининг эмас, жамоамизнинг, ота-онасининг ҳам ютуғидир. Боиси, тайёргарлик жараёнида оила ва мактаб ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратганмиз. Ўқувчиларни 5-синфдан бошлаб қизиқиши ва қобилиятига мос фанларга йўналтириб, улар билан махсус машғулотлар олиб боришда ота-оналари ҳам жалб этилади. Ҳар бир синф кесимида 10 нафардан иқтидорли ўқувчилар гуруҳи тузилиб, улар билан қатъий жадвал асосида машғулот олиб борилади. Бунда биргина дарслик билан кифояланмай, қўшимча адабиётлардан ҳам фойдаланилади. Маш¬ғулотлар жараёнида интерфаол методлардан кенг фойдаланиб, тез-тез мусобақа, викторина, беллашувлар ўтказиб турамиз.
Ўқувчиси ғолиблар қаторидан жой олган тумандаги 16-мактабнинг тажрибали француз тили фани ўқитувчиси Муҳиба Қурбонова устознинг юксак педагогик маҳорат ва бой тажрибага эга бўлиши шогирд муваффақиятининг омили эканини эътироф этади.
— Муаллим ўз билимини тўлиғича ўқувчига етказа олса, кутилган натижага эришилади, — дейди М.Қурбонова. — Бунинг учун фан ўқитувчиси малака ва кўникмаларини доимо бойитиб, маҳоратини ошириб бориши зарур. Шу боис туман ва вилоят миқёсида энг илғор ўқитувчилар билан ҳамиша мулоқотда бўлиб тураман. Айниқса, француз тили фани бўйича республикада ўз ўрнига эга Ғиждувон туманидаги 62-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқитувчилари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.
Дарвоқе, Ғиждувон тумани педагогик жамоалари ўқувчиларнинг билимлар беллашуви ва фан олимпиадасидаги кўрсаткичлари бўйича вилоятда бир неча йилдан буён пешқадамликни қўлдан бермайди. Бу борада туманда ўзига хос катта тажриба тўпланган.
— Бошланғич синфда берилган билим таълим-тарбиянинг асосий пойдевори ҳисобланади. Шу боис таълимнинг айни шу босқичига алоҳида эътибор қаратилади, — дейди туман ХТМФМТТЭБ методисти Маржона Раҳмонова. — Бўлимимизда “Бошланғич таълим фан уюшмаси” фаолияти самарали тарзда йўлга қўйилган. Унинг таркибида “Ижодкор ўқувчи” ҳамда “Ижодкор ўқитувчи” уюшмалари ҳам ташкил этилган. Бунда ҳар бир фан ўқитувчиси фаолияти ҳамда бошланғич синф ўқувчисининг билим олишига алоҳида ёндашилади. Ҳар ўқув йили аввалида “Ижодкор ўқитувчи” уюшмаси томонидан туман мактабларидаги 1-синфларга ўқитувчиларни саралаш танлови ўтказилади. Мазкур танлов 4 бос¬қичдан иборат бўлиб, ўқитувчилар диктант, тест топшириқлари тайёрлагани, АКТ саводхонлиги ва синфхонаси жиҳозлангани каби мезонлар асосида имтиҳон қилинади. “Ижодкор ўқувчи” уюшмасида эса бошланғич синф ўқувчилари илк мактаб ёшиданоқ қизиқиши ва қобилиятига мос тарзда йўналтириб борилади. Турли танлов, беллашувлар орқали ўқувчилар катта синовларга тайёрлаб борилади. 3-синф¬дан бошлаб улар ўртасида мактаб ва туман миқёсида “Кичик олимпиада” ўтказилади. Ўқувчилар матн ёзиш, тест топшириқларини бажариш, масалалар ечиш кўникма ва малакаларини шу ёшдан ўзлаштиришади. Бундай синовлар билимлар беллашуви учун асосий пиллапоя вазифасини ўтайди. 5-синфга келиб ҳар бир фан йўналишида иқтидорли ўқувчилар гуруҳи шаклланган бўлади. Сўнг фан ўқитувчилари асосий эътиборни уларнинг ўзлаштиришидаги бўш¬лиқ¬ларни аниқлаш ва тўлдиришга қаратади. Педагогика соҳасида ҳаётий аксиома мавжуд: қачонки, ўқитувчининг сабоқ беришида камчилик бўлса, ўқувчи билимида бўшлиқ кузатилади. Ўқитувчилар маҳоратини мунтазам ошириб бориш мақсадида бўлимимиз қошида “Касб маҳорати устахонаси” фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда тумандаги энг илғор ва тажрибали ўқитувчилар ёш педагогларга ўз тажрибаларини ўртоқлашади. Шунингдек, устахона қошида 10 дан ортиқ фан йўналишларида “Илғор ўқитувчилар” уюшмаси ташкил этилган бўлиб, улар томонидан ҳар икки ойда бир марта семинар-тренинг ва ўқувлар ўтказилиб, билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш жараёнини юқори савияда ташкил этиш, ўқувчи билан ишлаш методлари биргаликда ишлаб чиқилади. Беллашувнинг туман босқичи якунланганидан кейин ҳар бир фан кесимида “Илғор ўқитувчилар” уюшмаси томонидан махсус гуруҳ тузилиб, ушбу гуруҳ иштирокида вилоят босқичига қадар ғолиб ўқувчилар билан белгиланган жадвал асосида жиддий тайёргарлик кўрилади.
Юксак билим ва маънавиятли авлод мамлакат эртасининг муносиб эгаларидир. Бундай авлоднинг камол топишида педагогларнинг таълим сифат ва самарадорлигини оширишдаги фидойилиги, фарзандларимизга чуқур билим бериш йўлидаги захматлари муҳим аҳамият касб этади. Бухоролик ўқитувчиларнинг пухта билим бериш борасидаги бундай тажрибалари ўғил-қизларнинг турли танлов ва синовлардан дадил ўтиб, ғалаба қозонишини таъминламоқда.
Ирода ОРИПОВА,
“Ma’rifat” мухбири