Форум кенг кўламда давом этмоқда
Пойтахтимизда «Аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг замонавий методологияси: муаммо ва ечимлар» мавзуида аниқ ва табиий фан ўқитувчиларининг республика форуми ташкил этилган эди. Тадбирда кўтарилган муҳим масалалар, таклиф ва тавсияларни жойларга етказиш мақсадида юртимизнинг кўплаб ҳудудларида аниқ ва табиий фан ўқитувчиларининг вилоят форуми ўтказилмоқда.
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги 52-мактабда ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги мавжуд 18 туман ва шаҳардан 240 нафарга яқин аниқ ва табиий фан ўқитувчилари иштирок этди. Дастлаб ялпи йиғилишга тўпланган педагоглар форум кун тартибидан ўрин олган масалалар билан яқиндан таништирилди. Сўз олганлар аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг устувор вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Йиғилиш давомида педагог кадрлар салоҳиятини юксалтириш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш сифатини ҳамда ўқувчиларнинг мазкур фанларга бўлган қизиқишини ошириш юзасидан бажарилиши зарур бўлган ишларни янада жонлантириш борасидаги таклифлар ўртага ташланди.
Айтиш жоизки, айни кунда Тошкент вилоятидаги 871 та умумтаълим мактабида 717 нафар физика, 1724 нафар математика, 560 нафар информатика, 885 нафар география, 784 нафар биология, 591 нафар кимё — жами 5261 нафар аниқ ва табиий фан ўқитувчиси меҳнат қилмоқда. Бу кўрсаткич вилоят мактабларида фаолият юритаётган педагогларнинг 21 фоизини ташкил этади.
Йиғилиш якунлангач, форум шўъбаларда давом этди. Ҳар бир шўъбада 35 нафардан ўқитувчи таълим сифатини юксалтириш, ўқувчиларни дарсга қизиқтириш, мураккаб мавзуларни ўғил-қизлар онгига осон ва тушунарли тарзда етказиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Республика форумида ўрганганларимизни вилоятдаги ҳамкасбларимизга етказишдек масъулиятни зиммамизга олганмиз, — дейди Оҳангарон туманидаги 52-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Муборак Маматқулова. — Кўтаринки руҳда ўтаётган форумда барча педагоглар ўзини қийнаётган муаммоларни муҳокама марказига ташлаб, фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имкониятига эга бўлмоқда. Ўз ишининг моҳир мутахассислари, ёш педагоглар жам бўлган тадбиримизда вилоятимиз таълим муассасаларида аниқ ва табиий фанларни ўқитишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама этилди.
Шўъбаларда ўқувчилар билимидаги бўшлиқларнинг юзага келишига мураккаб мавзуларни тушунтириш учун дарс соатлари кам ажратилгани, давоматни жиддий назорат қилмаслик, ўқув-лаборатория жиҳозларидан самарали фойдаланишга ҳамма педагоглар ҳам бирдек эътибор қаратмаётгани сингари муаммолар сабаб бўлаётгани кўриб чиқилиб, юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш бўйича таклифлар тинг¬ланди. Иштирокчи ўқитувчилар кўмагида ҳар бир туман ва шаҳарда форумни давом эттиришга келишиб олинди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири