Билимлар беллашуви янги тартибда ўтказилади
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар қобилиятини эрта аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг фанларга қизиқишини кучайтириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган билимлар беллашуви таълим сифати кўрсаткичлари бўйича мактаблар ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларининг рейтинг ўрнини белгилашда асосий омил бўлиб қолмоқда. Шу боис кенг жамоатчилик беллашувларнинг бориши ва натижаларини диққат-эътибор билан кузатиб, баҳолайди. Натижада халқ таълими фаоллари, педагоглар ҳамда ота-оналардан синовларнинг холис, ҳаққоний ва очиқ ўтишини таъминлаш, иштирокчилар билимини адолатли баҳолаш, уларга янада кенг имкониятлар яратиб бериш юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Жумладан, “Ma’rifat” газетасида жонкуяр педагогларнинг мавзуга оид қатор мақолалари чоп этилди.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида тўпланган тажрибалар, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларига кўра, беллашувни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонларини янада такомиллаштириш, замонавийлаштириш зарурати пайдо бўлган эди. Шуни инобатга олган ҳолда 2017 йил 16 январда Халқ таълими вазирлигининг “Умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари ва таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Буйруқ асосида “Таълим муассасалари ва ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларининг рейтингини аниқлаш тартиби” ҳамда “Умумтаълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш тўғрисидаги низом” тасдиқланди ва беллашувни ўтказиш тартибига ўзгаришлар киритилди.
Жумладан, бу йилдан бошлаб, 4-синф ўқувчилари ҳам она тили, математика, чет тили фанларидан билимлар беллашувининг биринчи — мактаб босқичида ўз имкониятларини синаб кўришга муяссар бўлади. 5—6-синф ўқувчилари эса фақатгина биринчи ва иккинчи босқичда иштирок этади. Бу тадбир ўқувчиларни бошланғич синфларданоқ йирик танловлар, беллашувларга тайёрлаб боришга имконият яратади.
Аввалги тартибга кўра, иштирокчилар барча босқичларда 55 балл тўплаб ҳам ғолиб бўлиши мумкин эди. Янги қоида бўйича ғолибларни 76 ва ундан юқори балл тўплаган иштирокчилар орасидан аниқлаш жорий этилди. Ёзма ишлардаги хатоларни штрихдан фойдаланган ҳолда тузатишни тақиқловчи янги банд киритилгани ҳам беллашувнинг адолатли ўтишини таъминлайди.
Ўтган йилларда беллашувларнинг учинчи босқичи май ойининг охирги ўн кунлигида ўтказилиши бос¬қичли назорат ва якуний аттестация синовларига салбий таъсир кўрсатарди. Янги низомда ҳудудий босқичларни ўтказиш апрель ойининг охирги ўн кунлигига белгилангани бу муаммони бартараф этади.
Беллашувнинг учинчи ва тўртинчи босқичида тест синовлари онлайн тарзда ўтказилиши ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Шу чоққача учинчи босқич учун назорат материаллари (ёзма ва лаборатория ишлари) Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан тайёрланарди. Энди улар ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳамда методика марказлари ҳамкорлигида тайёрланиб, махфийлиги таъминланган ҳолда беллашув бўлаётган куни таълим муассасасига етказилади. Жараён ўқувчилар кўз ўнгида содир бўлиб, синовларнинг шаффофлиги ортади.
Бу йилдан эътиборан, барча босқичларда 1-ўрин битта, 2-ўрин иккитагача (баллар тенг бўлиши шарти билан), 3-ўрин учтагача (баллар тенг бўлиши шарти билан) даъвогарларга берилиши мумкин. Аввал республика босқичида 1 та 1-ўрин, баллардаги тафовутдан қатъи назар, кетма-кетлик бўйича 2 та 2-ўрин, 3 та 3-ўрин белгиланарди. Шунингдек, иштирокчилар қандай балл тўплашидан қатъи назар, таълим муассасалари ва халқ таълими бошқаруви идораларига чегирма баллари қўлланилмайди.
Таълим сифати кўрсаткичлари бўйича ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари ва таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби ҳам тубдан ўзгарди. Рейтингни аниқлаш шу кунгача умумтаълим мактабларида 6 та, туман (шаҳар)ларда 10 та, ҳудудий бошқармаларда 14 та кўрсаткич асосида амалга оширилган бўлса, эндиликда фаолият турларини тўлиқ қамраб олиш, яъни маънавий-маърифий тадбирлар, ўқитувчилар касбий маҳорати, кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёни ҳақидаги фикрларини инобатга олиш мақсадида умумтаълим мактаблари 22 та, туман (шаҳар)лар 26 та, вилоятлар 26 та кўрсаткич асосида баҳоланадиган бўлди.
Рейтинг ўринлари ўқувчиларнинг ўртача тўплаган баллари асосида белгиланиши тавсия этилмоқда. Янги тартиб бўйича рейтингни аниқлаш кўрсаткичлари даража(индекс)ларга ажратилди ва сифат даражасига алоҳида эътибор қаратилди. Яъни, таълим сифати даражаси индекси — 58,6 фоиз, ўқитувчилар касбий маҳорати кўрсаткичи индекси — 28,3 фоиз, таълим муассасасининг умумий фаолият кўрсаткичи индекси — 8,7 фоиз, кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг таълим муассасасидаги таълим-тарбия жараёни самарадорлигини баҳолаш индекси – 4,4 фоиз деб белгиланди. Аввал тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл белгиланмагани учун неча фоиз натижа қайд этилганини аниқлашнинг имкони йўқ эди. Бу муаммога ҳам ечим топилиб, эндиликда умумтаълим мактаблари учун энг юқори балл 4600, туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ учун 3700, ҳудудий бошқармалар учун 2800 балл этиб белгиланди. Билимлар беллашувидан бошқа кўрик-танловларнинг фақат вилоят ва республика босқичларидаги ғолиблик учунгина балл қўшиб берилиши ҳам кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётганди. Эндиликда ҳар бир кўрик-танловнинг барча босқичлари (туман, вилоят, республика) натижалари инобатга олиниб, тўпланган баллар (ёки ўртача баллар) қўшиб борилади. Ғолибларга рағбат баллари ҳам берилади.
Алоҳида эътирофга молик яна бир янгилик — кўрик-танловларда фаол иштирок этганлик учун бериладиган баллар орасида тенглик таъминланди. Яъни, авваллари ўқувчиларининг билимлар беллашувидаги натижасига кўра, мактаб 400 ёки 500 балл тўплаши мумкин эдию, лекин ўқитувчиси “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” ёки шу каби кўрик-танловларда муносиб иштирок этса, фақатгина 20 ёки 10 балл қўшиб бериларди. Табиийки, бу бошқа кўрик-танловларнинг нуфузини пасайтириб юборади. Янги тартиб бўйича мактаб, туман, вилоят, республика миқёсида ўтказиладиган ҳар қандай танловлар учун 400 балл, уч босқичда ўтказиладиган танловлар учун 300 балл, икки бос¬қичда ўтказиладиган танловлар учун 200 балл қўшиб бериладиган бўлди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, билимлар беллашувини ўтказиш ва баҳолаш, мактаблар ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқарув идораларининг рейтингини аниқлаш мезонларига киритилган ўзгаришлар таълим сифати ва самарадорлигини таъминлаш, ўқувчилар, ўқитувчилар ва халқ таълими фидойиларининг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилган.
Сафарали ҲАМРОЕВ,
Республика таълим маркази бўлим бошлиғи