Иқтидорини намойиш этётган ўқувчилар
Умумтаълим фанлари бўйича олимпиадада фаол иштирок этиб, алоҳида иқтидорини намойиш этган ўқувчилар орасидан халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаб олиш анъанага айланди. Боиси, тенгдошлари орасида ақлий салоҳияти юқорилиги билан ажралиб турадиган ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Айни кунларда жойларда танловнинг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги 1-мактабда ўтказилган вилоят босқичи баҳсларида 651 нафар йигит-қиз ғолиблик учун беллашди. Ўқувчилар 19 та фан йўналишида ёзма иш ҳамда тест саволларига жавоб ёзиб, билимларини синовдан ўтказди.
— Туман босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларнинг ёзма иши ва тест жавобларини текшириб, натижаларни таҳлил этганимизда, уларнинг билим даражаси ўтган йилгидан ошгани кузатилди, — деди математика фани бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Зангиота туманидаги 21-мактабнинг олий тоифали ўқитувчиси Озод Абдураупов. — Хусусан, ўқувчилар математика бўйича мураккаб мисол ва масалаларни турли усулларда ечишга ҳаракат қилган.
Мирзо Улуғбек туманидаги 64-мактабда ўтказилган фан олимпиадасининг Тошкент шаҳар босқичида ҳам 500 нафар ўқувчи муросасиз баҳсга киришди. Ўқитувчиси, ота-онаси, қолаверса таълим муассасаси шаънини ҳимоя қилиш учун иштирок этган ўқувчилар синовларда ўз билим ва маҳоратини намойиш этишга интилди.
— Барча фанлар бўйича баҳсларда ўқувчилар катта иштиёқ билан иштирок этди, — деди Тошкент шаҳар ХТББ она тили ва адабиёт фанлари методисти Гулчеҳра Маманбоева. — Бу босқичда ҳар бир фан бўйича энг юқори (камида 76) балл тўплаган беш нафар ўқувчи ғолиб деб топилади ва улар келгусида юртимиздаги ўзлари истаган академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларига имтиёзли тарзда қабул қилинади.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири