Таълим тизимидаги янгиликлар ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилади
Юрт тараққиётини билимли, доно, ҳар томонлама етук ўғил-қизлар белгилаб беради. Бу ўз-ўзидан мамлакатнинг таълим тизимини замонга мос тарзда янгилашни, ўқитиш сифатини оширишни тақозо этади. Бугун таълим жараёнида қатор муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда.
Миллий матбуот марказида “Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида ташкил этилган матбуот анжумани ушбу масалага бағишланди.
Анжуманда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Дониёров тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. Хусусан, яқинда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ҳамда “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларнинг аҳамия¬ти ҳақида сўз юритилди. Айтиш жоиз, мазкур қарорлар таълим тизимини мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Давлат таълим стандартлари янгиланиб, ўқув-дастурлари такомиллаштирилади, ўқитиш сифати ошади.
Янги таҳрирда қабул қилинган низомга биноан кўпчиликни ўйлантириб келаётган масалалар умумтаълим тизимида аниқлаштирилди. Масалан, тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасалари синфида ўқувчилар сони 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, 6—7 ёшли болаларни 1-синфга қабул қилиш тартибига ҳам енгилликлар киритилди. Оғзаки нутқ нуқсонлари ва талаффузида камчиликлари бўлган ўқувчиларга коррекцион-логопедик ёрдам бериш мақсадида умумтаълим муассасасида ўқитувчи-логопедлар(дефектологлар) фаолият олиб борадаган логопед шохобчаси ташкил этилади.
Умумий ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг амалдаги давлат таълим стандартлари янгиланди. ¡қув-тарбия жараёнига ўқитишнинг принципиал янги методологиясини жорий этиш, ўқувчиларда фан, маданият, техника ва технологиянинг замонавий ютуқларига мос билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари компентенциявий ёндашув асосида такомиллаштирилди. Шунингдек, ўқув режага ўзгаришлар киритилиб, информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари фани информатика ва ахборот технологиялари деб ўзгартирилди.
Анжуманда журналистлар таълим тизимидаги турли муаммолар ва уларнинг ечимлари, дарсликлардаги айрим мавзуларнинг мураккаблиги, ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича саволларига жавоб олишди.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири