Мустақил ҳаёт остонасидаги ёшлар
Ўқув йили якунига бағишланган “Хайр, мактаб — салом, коллеж!” тадбирлари 25 май куни республикамиздаги барча мактабларда кўтаринки кайфиятда ўтказилди. 2016-2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 9-синфини 467 019 нафар ўқувчи тугатмоқда. Сўровномалар натижасига кўра уларнинг 25 072 нафари академик лицейларда, 441 947 нафари эса касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагини билдирган.
Тадбирда ўқувчилар томонидан тайёрланган буюмлар, тикилган ва тўқилган қўл меҳнати намуналари, деворий газета, туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика миқёсидаги кўрик-танлов, фан ва спорт мусобақаларида мактаб жамоаси, ўқувчилар эгаллаган совринлар, 9-синф битирувчиларини касбга йўналтириш учун “Биз киммиз, кимларнинг авлодимиз, эртага ким бўламиз?” шиори остида кўргазмалар ташкил этилди. Йил давомида аъло баҳоларга ўқиган, юқори кўрсаткичларга эришган иқтидорли ўқувчилар “Олимпиада ғолиби”, “Билимлар беллашуви билимдони”, “Энг фаол ўқувчи”, “Энг аълочи ўқувчи”, “Энг фаол синф”, “Ижодкор ўқувчи”, “Инглиз тили билимдони”, “Мактабимиз фахри”, “Спорт устаси”, “Энг ораста қиз” каби номинациялар бўйича тақдирланди.
Мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси”, “Намунали она”, “Жонкуяр бобо”, “Меҳрибон буви”, “Ташаббускор буви” каби номинациялар бўйича тақдирланиб, Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқармалари, туман (шаҳар) ХТМФМТТЭБ ва мактаб директорлари номидан ташаккурнома тақдим этилди.
“Келажагимни аниқ белгилаб олганман”
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 6-ИДУМни тамомлаётган 10 та синфдаги 312 нафар ўқувчининг барчаси келажагини аниқ белгилаб, ўзи орзу қилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқишни давом эттиришга шай. Мустақил ҳаёт остонасида турган битирувчиларни суҳбатга чорладик.
— Мактабда устозларимнинг берган билими натижасида фан ва технологияларни ривожлантириш бўйича “Sakura Science Plan” дастури доирасида Японияга бордим, — дейди мактабнинг 9-синф битирувчиси Жамшид Абдумуталипов. — Нобель мукофоти соҳиби Хидики Ширакава ўтказган амалий лаборатория жараёнида иштирок этдим. Қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва саноатнинг кўплаб соҳалари тараққиётига замонавий ёндашувни таъминлайдиган полимерларнинг нур таратиши ҳодисасини кузатганимдан сўнг, ўз олдимга юртимизда ҳам шу соҳа ривожига ҳисса қўшаман, деган қатъий мақсад қўйдим. Бу ютуқларни қўлга киритишим учун мактабимизда етарли шароит яратилган. Келажакда шу йўналишдаги академик лицей ва олий ўқув юртини тамомлаб, Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида илмий изланиш олиб бормоқчиман.
Мактабнинг яна бир ўқувчиси Азамат Шомуродовга ҳам кўпчиликнинг ҳаваси келади. У — “Пахтакор” футбол клуби ёшлар жамоаси аъзоси.
— Келажакда қандай касб эгаси бўлишни мактаб давридаёқ аниқ белгилаб олганман. Болалигимдан спортга қизиққаним боис, устозларим шу йўналишда кўмакларини аяшмади. Республика Олимпия захиралари коллежида билим олиб, маҳоратли футболчи бўлмоқчиман.
Поп тумани Резак қишлоғидаги 44-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ойбек Ёрмуҳаммедов шундай дейди:
— Чодак кон-металлургия коллежида ўқишни давом эттирмоқчиман. — Чунки бизда фойдали қазилма бойликлари жуда кўп. Уларни чуқур ўрганиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш биз, ёшларнинг вазифамиз.
Ойбекнинг 4 нафар синфдоши эса темирйўлчилик касбини эгаллашни ният қилган. Чунки водийни пойтахт билан боғловчи Поп-Ангрен темир йўлининг фойдаланишга топширилиши резаклик ёшларнинг ҳам орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда.
Фарзанд камоли —ота-она қувончи
Тадбирлар нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди.
Қарши шаҳридаги 15-мактабда ўтказилган “Хайр, мактаб — салом, коллеж!” тадбирида Қарши шаҳар ҳокимлиги вакиллари, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутасаддилари, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди. Мактаб директори Чамангул Муҳаммадиева ўқувчилар эришган ютуқларда ота-оналар эътибори муҳимлигини таъкидлади.
Билимлар беллашуви, фанлар олимпиадаси, турли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган бир гуруҳ ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан қатор номинациялар бўйича фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
9-синфни битириб, таълимнинг кейинги босқичига йўл олаётган 107 нафар ўқувчи ажойиб ташаббус билан чиқди: жонажон мактаби кутубхонасига 150 дан ортиқ китоб совға қилди.
Янгибозор туманидаги 15-мактабда ўтказилган байрамона тадбирда ота-оналардан — Ширин Собирова “Меҳрибон буви”, Насиба Машарипова “Масъулиятли она”, Аким Юсупов “Жонкуяр бобо” номинациялари бўйича тақдирланди.
— Қизим Комиланинг таълим-тарбия жараёнидаги фаоллиги бугунги тадбирда эътироф этилиши мени ғоят бахтиёр этди, — дейди Насиба Машарипова. — Фарзандим билан алоҳида ишлаганим, уни уйга вазифаларни вақтида тайёрлашга, аъло ўқишга ундаганимнинг самараси бу. Кўпчилик ота-оналар орасида фарзандингиз ютуқлари эътироф этилса, киши қалбида ўзгача ғурур ва ифтихор ҳисси жўш урар экан. Бу йилги тадбирда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Ўтган йиллари қўни-қўшниларимиз ўғил-қизининг битирув оқшоми учун қанчадан-қанча сарф-харажат қилганини кўриб, бироз оғрингандим. Бу йил бундай ортиқча сарф-харажатлар ва дабдабабозликка йўл қўйилмади. Устозларга ҳаддан ортиқ қимматбаҳо сов¬ғалар улашиш одати ҳам йўқолибди. Байрам либослари ҳам ўқувчиларга хос. Биз ота-оналар бундан жуда хурсандмиз.
— Ўқувчига мактабда ўқитувчилари ўрнак бўлишса, уйда ота-она намуна бўлади, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактаб директори Шаҳноза Қосимова. — Шу боис ота-оналаримизнинг ижобий хислатлари — жонкуярлиги, илмни қадрлаши, фикр доирасининг кенглиги, бефарқ, лоқайд эмаслиги бизни хурсанд қилади. Мана шундай тадбирлардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар билдириш, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан рағбатлантириш мактабимиз анъанасига айланган. Бу ота-оналарни янада фаолликка, фарзанди камолига кўпроқ эътибор қаратишга ундайди.
Битирувчи хотиралари ноқулай вазиятлардан холи бўлсин!
Чилонзор туманидаги 103-мактабда ўтказилган тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод юрт келажаги, тараққиётини белгиловчи катта куч эканини эътироф этиб, бугун фарзандларимизнинг муносиб таълим-тарбия олиши бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлашди.
— Бу йил мактабимизда 9-синф¬¬ни 150 нафар ўқувчи тамомламоқда, — дейди мактаб ўқитувчиси Лазокат Элтоева. — Уларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, касбга тўғри йўналтириш бўйича қатор тадбирлар, машғулотлар олиб борилди. Бугун ўқувчиларимиз касб танлови бўйича қатъий тўхтамга келишган. “Хайр, мактаб — салом, коллеж!” тадбири Республика таълим марказининг тавсия¬ларига биноан мазмунли ўтказилди. Ўқувчи ва битирувчилардан пул маблағлари йиғиш, мактаб раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, хонадон, ресторан ва қаҳвахоналарда тантанали кечалар ўтказиш тақиқланди. Бу борада ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишларини олиб бордик.
Шароф Рашидов туманидаги 19-мактабнинг 9-синфини 96 нафар ўқувчи тугатаяпти. — “Хайр, мактаб — салом, коллеж!” тадбиридан сўнг ота-оналаримиз ва устозларимиз ҳамроҳлигида ўзимиз ўқишни давом эттирмоқчи бўлган коллеж ва академик лицейларга саёҳат уюштирдик, — дейди 9-синф ўқувчиси Мадина Юнусова. — Айниқса, иқтисодиётимизни ривожлантиришга хизмат қиладиган соҳаларга тенгдошларимнинг қизиқиши баланд.
“Мактабимни унутмайман!”
Пойтахтимиздаги 300-ИДУМ ўқувчиси Гулбадан Нишонова мактаб дамларини унутолмаслигини ҳаяжонланиб гапиради.
— Болалигимиз, шўхликларимиз шу мактабда ўтди. Дўстларнинг ўзаро бир-бирига ёрдам бериши, яхшиликни қадрлаш, ёмонликдан узоқ бўлиш тушунчаларини мактабда англаб етдик. Айни дамда эса устоз қадри қанчалик юқори эканлигини юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман(мамнуният кўз ёшларини яширолмайди). Биз ўқувчиларнинг билим олиб, оқу қорани танишимизда давлатимизнинг таълимга қаратаётган эътибори, устозларимиз заҳмати ва ота-оналаримиз масъулиятини англаяпман. 9 йил таълим олган мактабимни, устозларим ва синф¬дош дўстларимни асло унутмайман!
МУХБИРЛАРИМИЗ