Энг яхши дарс ишланмалари аниқланди
Ташаббускор, ижодкор, фидойи, таълим-тарбия жараёнида илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиб, ижобий натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаб берувчи “Энг яхши дарс ишланмаси” кўрик-танлови ниҳоясига етди. Халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган умумтаълим муассасалари, жисмоний ва психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар (мактаблар), ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари (мактаб-интернатлар), “Меҳрибонлик уйлари” педагог ходимлари ўртасида икки босқичда ўтказилган танлов Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти (uzedu.uz)да очилган махсус веб-саҳифа (tanlov.uzedu.uz) ва ахборот-таълим портали орқали ташкил этилди.
Иштирокчилар умумтаълим мактабларининг ўқув режасидаги барча фанлар бўйича ўз ижодкорлигини намойиш этишди.
— Дарс ишланмаларини кўриб чиқиш, холис ва адолатли баҳолаш учун 15 апрелга қадар ҳар бир фан бўйича тажрибали педагоглар, фан методистлари, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳудудий ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилди, — дейди Навоий вилояти халқ таълими бошқармасининг методика маркази раҳбари, ҳакамлар ҳайъати раиси Мадина Отаниёзова. — Уларга жараённи онлайн баҳолаб бориши учун Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан логин-пароль берилди. Мазкур логин-пароль орқали фақат ўз ҳудудлари бўйича танловга келиб тушган дарс ишланмаларини кўриш учун кириш, баҳолаш ва чиқиш имкониятига эга бўлишди. Вилоятимиздан ушбу танловда 2073 нафар ўқитувчи иштирок этди. АКТдан самарали фойдаланган ҳолда, методик жиҳатдан мукаммал дарс ишланма яратган 96 та муаллиф иши 1—5 ўринларга лойиқ топилди. Танловнинг республика босқичида эса ушбу даъвогарларнинг 6 нафари ғолибликни қўлга киритди.
Танловнинг иккинчи босқичида холислик ва адолатни таъминлаш мақсадида ҳудудий ҳакамлар ҳайъатига бошқа ҳудудлардан келиб тушган дарс ишланмаларини баҳолаш вазифаси юкланди.
— Иккинчи босқичда ҳар бир ҳудудий ҳакам томонидан дарс ишланмага қўйилган баллар дастур ёрдамида автоматик равишда умумлаштирилиб, ўртача балл чиқарилди, — дейди Республика таълим маркази методисти Қимматхон Маматқулова. — Бунда иккинчи бос¬қичнинг умумий ўртача бали қолган 13 та ҳудудий ҳакамлар томонидан қўйилган баллар асосида чиқарилди.
Иккинчи босқич натижаларига кўра, 19 та умумтаълим фани бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Андижон вилоятидан 3 тадан, Бухоро вилоятидан 20 та, Жиззах ва Навоий вилоятидан 6 тадан, Наманган, Хоразм, Қашқадарё вилоятидан 1 тадан, Сурхондарё, Тошкент вилоятидан 4 тадан, Тошкент шаҳридан 13 та дарс ишланма, жами 65 нафар ғолиб аниқланди.
— Ҳар бир ўқитувчи дарс шакли ва турини мақсадга мувофиқ танлаб, мантиқий изчилликка асосланган ишланма яратса, методик жиҳатдан мукаммалликка эришади, — дейди Бухоро шаҳридаги 13-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси, танлов ғолиби Орзигул Беганчова. — Ўтган йили 2-ўринни қўлга киритгандим. Бу йил аввалги камчиликларимни тўғрилаб, дарс ишланмасидаги тушунчаларнинг, ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма, малака, компетенцияларнинг маълумотларнинг янгилиги ва долзарблигини эътиборга олиб, илғор педагогик технология ва методлардан ўринли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Дарс босқичларида кўргазмали воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларига кенг мурожаат этдим. Танловда фанлар бўйича ғолиб бўлган муаллифлар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг дарс ишланмалари Халқ таълими вазирлигининг www.uzedu.uz расмий веб-сайти ва www.eduportal.uz ахборот-таълим порталига жойлаштирилди. Изланувчан педагоглар мазкур манбалардан фаолиятида самарали фойдаланса, тажрибасини бойитса, танлов мақсадига эришилган саналади.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири