Ижодкор ва изланувчан 74927 муаллим баҳсга киришди
“ Энг яхши дарс ишланмаси” онлайн кўрик-танлови уларни фаолликка ва ижодкорликка чорлади
Ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш ва оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган “Энг яхши дарс ишланмаси” онлайн кўрик-танлови республикамиз ўқитувчилари томонидан илиқ кутиб олиниб, уларни янада фаолликка, ижодкорликка чорлади. Бу танловда иштирок этиш учун Халқ таълими вазирлигининг веб-сайтига келиб тушган 74927та дарс ишланмасининг сифати ва ижодий ёндашувида ўз ифодасини топган.
Танловда қатнашаётган ўқитувчиларни инновацион фаолиятга жалб этиш, соғлом ижодий рақобат муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқитувчиларнинг касбий компетентлилиги ва маҳоратини ошириш, дарслар сифатини юксалтириш, илмий-методик талабларга мос дарс ишланмаларини яратиш орқали ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш, дарс жараёнини илмий-методик йўналтирилган ҳолда олиб боришни ривожлантириш, методик ишланмаларнинг электрон банкини ташкил этиш каби қўйилган мақсадлар ижроси ўз ифодасини топмоқда.
Ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан амалга оширилган дастлабки саралаш натижасида 65244та дарс ишланмаси кўрик-танловнинг асосий баҳолаш босқичига қўйилди. 9683та дарс ишланмаси белгиланган малака талабларига жавоб бермаганлиги учун рад этилди.
Низомга мувофиқ, қабул қилинган дарс ишланмалар танловнинг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари раҳбарияти томонидан тасдиқланган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Ўқитувчиларнинг ишларини баҳолашда дарс ишланмасига қўйиладиган барча талаблар инобатга олинмоқда. Хусусан, дарс мақсадларининг тўғри қўйилгани, шакли ва тури, босқичларнинг мантиқий изчиллиги, тарбиявий ва ижтимоий-педагогик аҳамияти, методик янгилиги, фойдаланиш учун қулайлиги, ўқувчиларда зарур компетенцияларни шакллантиришга йўналганлиги, кўргазмали ва ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилгани каби 11 та йўналиш бўйича 100 баллик тизимда баҳоланаяпти.
Ҳудудий ҳакамлар ҳайъати таркибига ХТХҚТМОИнинг малакали мутахассисларидан 18та асосий фан йўналишлари ва 1та бошланғич таълим йўналиши бўйича, жами 19 нафар мутахассис жалб этилади. Ҳар бир ҳакамга “логин-пароль” берилади. “Логин-парол”ларнинг махфий сақланишига вилоят халқ таълими бошқармасининг АКТ бўйича мутахассиси ва ҳакамлар масъулдирлар.
Ҳар бир ҳакам келиб тушган дарс ишланмаларининг ҳажмини инобатга олган ҳолда ўз йўналиши бўйича малакали ўқитувчиларни, мутахассисларни жалб этиши мумкин. Мутахассислар томонидан қўйилган баллар ҳакамлар ҳайъати таркибидаги мутахассис номидан порталга онлайн тарзда қўйиб борилади.
Ҳакамлар ишини енгиллаштириш учун ўз ҳудудидан келиб тушган дарс ишланмаларини кўчириб олишлари ва баҳолаш учун фан йўналишлари бўйича мутахассисларга электрон шаклда етказиб бериш имконияти яратилган.
Ҳудудларда фан йўналишлари бўйича 5тадан энг юқори балл тўплаган дарс ишланмалари якуний босқичда кўриб чиқилиб, ҳар бир фан бўйича 3тадан республика босқичи ғолиблари аниқланади ва муносиб тақдирланади.
Айтиш жоизки, танловнинг республика босқичида иштирок этган барча дарс ишланмалар вазирликнинг таълим портали — eduportal.uz ва “ZiyoNet” тармоғига жойлаштирилади.
Маъруф ВАҲОБОВ,
Халқ таълими вазирлигининг таълим стандартларини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи