Ғолиблар тақдирланди
Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайт — 2017” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда танловга жами 4830 та ариза келиб тушди. Иштирокчиларнинг веб-сайтлари халқ таълими тизими мутахассислари, экспертлар ва ўқитувчилардан таркиб топган 3 та гуруҳдан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Унга кўра, «Энг яхши таълим муассасаси веб-сайти» номинациясида 1-ўрин Юнусобод туманидаги 327-мактабга, 2-ўрин Урганч туманидаги 38-мактабга, 3-ўрин Кармана туманидаги 3-мактабга насиб этди. «Энг яхши ўқитувчи веб-сайти» номинациясида эса Дўстлик туманидаги 10-мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Нургазиев 1-, Ёзёвон туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси Қобилжон Мирзақулов 2-, Жиззах туманидаги 14-мактаб ўқитувчиси Наргиза Қаршибоева 3-ўринга муносиб кўрилди. «Халқ таълими тизимидаги энг яхши ташкилот (муассаса) веб-сайти» номинациясида ғолиблик Навбаҳор тумани ХТМФМТТЭБга насиб этган бўлса, 2-ўрин Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти 3-ўрин Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси веб-сайтига берилди.
— navtxtb.uz сайтимиз уч йилдан буён фаолият юритади, — дейди Навбаҳор тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Гулнура Элова. — Унда туманимиздаги барча мактаблар, МТМ, мактабдан ташқари таълим муассасалари ҳақида тўлиқ маълумот бериб борилади. Педагоглар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, энг яхши дарс ишланмалари, турли интерфаол методларни ҳам жойлаб борамиз. Бу каби танловлар бизни янада иштиёқ билан ишлашга ундайди.
Танлов ғолиблари вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири