Янги ўқув йили учун намунали мактаб
Айни дамда ўқувчиларнинг сифатли билим олишини таъминлаш мақсадида таълим масканларида янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Яшнобод тумани ХТМФМТТЭБ томонидан янги ўқув йилига ҳар жиҳатдан пухта ҳозирлик кўриш бўйича намунавий мактаб белгиланиб, фаолияти тумандаги таълим муассасаларига таништирилмоқда. 198-умумтаълим мактаби бу борада таянч мактаб этиб белгиланди. Ушбу билим масканида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш масаласига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда тумандаги 29 та мактабнинг директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, фан ўқитувчилари ҳамда кутубхоначилар намунавий таълим муассасасидаги шарт-ша¬роит ва илғор тажрибалар билан танишдилар. Мактаб жамоасининг муассаса ҳовлисини ободонлаштириш, бино йўлаклари, спорт зали ва синф хоналарини жиҳозлаш ҳамда ўқувчилар либоси, дарс жараёнида қўлланиладиган кўргазмали қуроллар ва техник воситаларни замон талаблари асосида тайёрлаш борасидаги илғор тажрибалари намойиш этилди. Шунингдек, 10-синфлар учун 12 та фан хонаси ҳамда ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилгани иштирокчилар диққатини тортди. Улар муассаса ҳудудини ободонлаштириш, мактаб фойеси, кутубхонаси, тиббиёт хонаси, тўгарак залларини замонавий талаблар асосида тартибли жиҳозлашга оид маълумотга эга бўлдилар.
Тадбирда тумандаги 153-, 198-, 69-мактабларни илғор мактаблар сифатида ҳар жиҳатдан намунавий тайёрлаш ҳамда Яшнобод қурилиш касб-ҳунар коллежида 12 та мутахассислик бўйича умумлаштирилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини юритиш ҳақида тавсиялар билдирилди.
Шоира БОЙМУРОДОВА