Обод мактабим — кўркам масканим
Халқ таълими тизимидаги барча мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Энг обод таълим муассасаси” кўрик-танловининг бу йилги республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
— Танловнинг ҳудудий бос¬қичларида 1746 та таълим муассасаси иштирок этди, — дейди Халқ таълими вазирлиги маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла Даминов. — Танлов низоми ва баҳолаш тизими барча мактаб раҳбарларига етказилди. Мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи низом талаблари асосида таълим муассасаларини баҳолаб борди. Унга кўра, таълим муассасасининг ташқи ва ички кўриниши, ҳудудда мевали ва манзарали дарахтлар экилгани, ободонлаштириш ишлари намунали ташкил этилгани, ёнғин хавфсизлиги бурчагидаги жиҳозларнинг тўлиқлиги, қўшимча биноларнинг санитар-гигиеник ҳолати, ичимлик суви билан таъминланганлиги ҳам инобатга олинди.
Эътиборлиси, баҳолаш жараёнида давлатимиз томонидан қуриб берилганига бир-икки йил бўлган мактабларнинг янгилиги эмас, аксинча яратилган шароитни яхши сақлагани, мавжуд имкониятдан унумли фойдалангани, асраб-авайлагани, ободонлаштириш ишларини намунали ташкил этганига алоҳида эътибор қаратилди. Республика босқичига етиб келган 28 та мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим муассасасидан энг яхшилари саралаб олинди. Унга кўра мактаблар ўртасида 1-ўрин Навоий шаҳридаги 13-мактабга, 2-ўрин Бахмал туманидаги 4-мактабга, 3-ўрин Яшнобод туманидаги 153-мактабга насиб этди.
Мактабгача таълим муассасалари ўртасида 1-ўринни Самарқанд шаҳридаги 84-, 2-ўринни Нурота туманидаги 1-, 3-ўринни Қарши шаҳ¬ридаги 17-мактабгача таълим муассасаси эгаллади.
Ғолиб ва иштирокчилар Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири