802 та таянч мактаб ташкил этилди
Халқ таълими вазирлигида аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанларини ўқитиш бўйича таянч мактаблар фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Вазирлик раҳбарияти, тегишли бошқарма бошлиқлари, Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти мутасаддилари иштирок этган йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, ҳудудий халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари, туман халқ таълими бўлими мутахассислари, методистлар, таянч мактаблар директорлари жойлардан туриб, тўғридан-тўғри кузатиб борди.
Мажлисни Халқ таълими вазири У.Иноятов олиб бориб, 2018 йил 3 январда Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, таянч мактаблар фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар, келгусидаги муҳим вазифаларга тўхталди. Таъкидланганидек, ўқитувчиларнинг методика кунлари доирасида мунтазам амалий-методик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, ўқитишнинг илғор услубларини дарс жараёнларига татбиқ этиш, фан ўқитувчилари учун доимий ҳаракатдаги ўқув-семинарлар ўтказиш бугуннинг долзарб масаласидир.
Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2018 йил 6 январда Халқ таълими вазирлигининг “Аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанларидан таянч мактабларни ташкил этиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, ҳар бир туман(шаҳар)да замонавий моддий-техник базага эга, тадбиркор, ташаббускор раҳбар бошқараётган, ижодий изланувчан, замонавий методлардан фойдаланаётган жамоаси мавжуд бўлган таълим муассасалари орасидан “Аниқ фанлар”, “Табиий фанлар”, “Гуманитар фанлар” ва “Филология фанлари” бўйича таянч мактаблар танлаб олиниши белгиланди.
Йиғилишда вазирлик бошқарма бошлиқлари Н.Рўзиқулов, А.Носиров, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Н.Раҳмонқулова, Республика таълим маркази директори М.Эсонов сўзга чиқиб, жойларда таянч мактабларни ташкил этиш, уларнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятида самарадорликка эришиш омиллари, таянч муассасаларга методик ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Айни кунда жойларда белгиланган 802 та таянч мактабга самарали методик хизмат кўрсатиш мақсадида малака ошириш институти томонидан ҳудудларда таянч мактаблар ўқитувчилари учун сайёр ўқув курсларини ўтказиш режалаштирилган. Ҳозир институтнинг масофадан ўқитиш порталида 4 та йўналиш бўйича махсус мустақил ўқув муҳити ташкил этилди. Таянч мактаб ўқитувчилари Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган ўқув материаллари асосида курс материаллари, ўз-ўзини синовдан ўтказиш назорат ишлари ва бошқа зарурий маълумотларни innovasiya.masofa.uz порталидан олиши мумкин. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар, хусусан, телеграм тармоғида очилган @avloniy_uz, @tayanch_maktab, @aniq_fan, @tabiiy_fan, @filologiya_fan каби гуруҳлар орқали ўқитувчиларнинг таълимий янгиликлардан хабардор бўлиш имконияти яратилди.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбири