Пухта тараддуд — сифатли таълим асоси
Янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш сифатли таълим пойдевори ҳисобланади. Шу мақсадда ташкил этилаётган анъанавий август кенгашларида педагоглар таълим жараёнига татбиқ этилаётган янгиликлар билан танишиб, зарур услубий-методик ёрдам олишмоқда.
Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлими томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўтказилган анъанавий август кенгашида мактаб директорлари, методистлар ва ўқитувчилар иштирок этди. Тадбирда халқ таълими бўлими мудири Рустам Мусаев янги ўқув йили янгиликлари, келгусидаги вазифалар ҳақида гапирди.
— Анъанавий август кенгашлари ўқитувчилар учун муҳим тадбир ҳисобланади, — дейди туман халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Саида Музаффарова. — Бугунги йиғилишда янги ўқув йили янгиликлари билан танишиш, долзарб вазифаларни белгилаб олиш баробарида ўтган йили йўл қўйилган камчиликларни ҳам муҳокама этдик. Мисол учун якунланган ўқув йилида барча фан ўқитувчилари тест синовлари орқали имтиҳондан ўтказилди. Уларнинг 12 нафаригина ўз тоифасини сақлаб қолди, холос. Янги ўқув йилида шу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур маслаҳатлар берилди.
***
Яшнобод ва Олмазор туманларида ҳам янги ўқув йилига пухта тараддуд кўриш мақсадида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида анъанавий август кенгаши ўтказилди.
— Таълим тизимидаги ўзгаришлар янги ўқув йилида ҳар бир ўқитувчидан ишга янгича ёндашувни талаб этяпти, — дейди туман халқ таълими бўлими мутахассиси Нодир Ҳайитов. — Ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Ёшлар иттифоқи етакчилари ва синф раҳбарлари билан алоҳида ишлаш тартибини жорий этяпмиз. Шўъба йиғилишларида ҳар бир фан бўйича ўқитувчиларга услубий-методик ёрдам кўрсатилди. Ўтган йилги хато ва камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Ўрнак кўрсатган фидойи педагоглар тақдирланди.
* * *
Пискент туманидаги 79-ИДУМда ўтказилган август анжуманида ҳам ўқитувчилар таълим сифатини оширишга доир зарур маълумотларга эга бўлишди. Жумладан, махсус таълим бўйича ташкил этилган шўъба йиғилишида болаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг жисмоний ва психологик ривожланишида муҳим омиллар баён этилди.
— Вилоятдаги 12 та ёрдамчи махсус мактаб-интернат ва 2 та меҳрибонлик уйида таълим-тарбия олаётган ўқувчилар тартиб-интизоми, билими ва саломатлигига алоҳида эътибор қаратамиз, — дейди Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси масъул ходими Яхшигул Шодиева. — Айни пайтда тажрибали ўқитувчи ва тарбиячилар томонидан имконияти чекланган ўқувчиларга дарс ўтишнинг самарали йўллари ва методлари тавсия қилинмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири