Биринчи дарс Мустақиллик ва Хотира дарслари билан бошланди
Ёз бўйи сокинлик оғушида тин олган мактаблар яна болаларнинг шодон қийқириғи билан тўлиб-тошди. Янги ўқув йилининг илк соатлари “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остидаги “Мустақиллик дарси” ва “Хотира дарси” билан бошланди.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида тадбир кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ўқувчиларни янги ўқув йили билан қутлашди. Эътиборлиси, мактабда “Мустақиллик дарси” ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этишга бағишланган “Хотира дарси”ни Халқ таълими вазири У.Иноятов олиб борди.
Дарсда мустақиллик йилларигача бўлган давр, Биринчи Президентимизнинг юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона хизматлари ёдга олинди. Бугунги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, чуқур билим олиб, юртимиз равнақига ҳисса қўшиш лозимлиги таъкидланди. Ислом Каримов хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Бу йил мазкур мактабнинг 2-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинди. 107 нафар 9-синф битирувчисининг 83 нафари ўқишни яна жонажон мактабида давом эттирмоқда.
— Таълимни яна ўз мактабимда давом эттириш имконияти яратилганидан хурсандман, — дейди 10-синф ўқувчиси Робия Тўлқинова. — Янги ўқув йилининг илк сабоқлари қалбимга ҳаяжон ва бир олам таассурот бағишлади. Халқ таълими вазири бизга Ватанни севиш, тинчликни асраб-авайлаш ва уни қадрлаш бўйича ибратли воқеалар сўзлаб берди. Мустақиллик йилларигача бўлган давр ҳамда бугунги кун ҳақида, таълим тизимидаги янгиликларни у кишидан эшитиш биз, ўқувчилар учун унутилмас дақиқага айланди.
* * *
Юнусобод туманидаги 5-, 302-мактабларда ҳам Мустақиллик ва Хотира дарслари Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тавсия асосида ташкил этилди. Машғулотлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши, слайдлар ва қўшимча адабиётлар ёрдамида ноанъанавий тарз¬да ўтилди. Ўқувчилар томонидан Ватан, истиқлол ҳақида ўқилган шеърлар дарсни янада бойитди.
— 2017-2018 ўқув йилига педагогик жамоамиз билан пухта тайёргарлик кўрдик, — дейди 5-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани муаллимаси Адолат Жуманиёзова. — Жорий йилда 1-синф¬га 252 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлса, 90 нафар йигит-қиз 10-синфда ўқишни давом эттирадиган бўлди.
* * *
Поп туманидаги 37-мактабда 1500 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Ушбу таълим муассасасида ҳам Мустақиллик ва Хотира дарс¬лари юқори савияда ўтказилди.
Тадбирда янги ўқув йилида илк бор мактаб остонасига қадам қўйган 200 нафар 1-синф ўқувчисига “Президент совғалари” тантанали равишда топширилди. Ота-оналар номидан сўзга чиққан Мавжуда Жалолова ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътибор учун давлатимиз раҳбари ва масъул мутасаддиларга миннатдорлик изҳор этди.
* * *
Янги ўқув йилида Жиззах вилоятидаги 726 та таълим муассасасида 207611 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Уларнинг 27243 нафари мактабга илк қадам қўйган 1-синф ўқувчилари бўлиб, “Президент совғалари”ни қабул қилиб олишди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ғоялари асосида бунёд этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат фойдаланишга топширилгани катта шодиёнага айланиб кетди.
— Мактаб-интернатга ўқувчилар тест синови асосида танлаб олинди, — дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи Сардор Расулов. — 150 ўринга мўлжалланган билим масканида дарс ва машғулотларни янги педагогик ва инновацион технологиялар асосида олиб бориш учун барча қулайликлар мавжуд.
Дарҳақиқат, 100 ўринли турар жой биноси, 75 ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Машғулотлар ўтказиш, бадиий ижод билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар яратилган. Ижодкорлар хиёбони, замонавий спорт майдончалари барпо этилган.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
ўанишер АКБАРОВ,
Абдусаттор СОДИҚОВ
“Ma’rifat” мухбирлари