Юксак эътибор ва эҳтиром рамзи
“Туркистон” санъат саройида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Донишманд халқимиз асрлар оша муаллим ва мураббий даҳосига юксак эҳтиром кўрсатиб, фарзандларига “Устоз отангдан улуғ” дея уқтириб келади. Дарҳақиқат, муаллим қўлимиздан тутиб, ёзишни, ўқишни ўргатади, қалбимизни илму маърифат зиёси билан чароғон этади. Шу боис ҳам боболаримиз устозлик мақомини улуғ тутиб, унга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатган. Мана шу ўлмас қадрият бу йил ҳам 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамида чуқур мазмун-моҳият касб этган ҳолда бўй кўрсатмоқда.
Мамлакатимизда 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалиётга татбиқ этилаётгани узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, таълим хизматлари сифатини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш каби кўплаб долзарб масалаларни ҳал этади.
Давлатимиз томонидан илм-фан, таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор намунаси сифатида истиқлол йилларида халқ таълими тизимидаги фидойи ва жонкуяр педагоглардан етти нафари “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига муносиб кўрди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 сентябрдаги фармонига биноан соҳада самарали меҳнат қилиб, ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглардан бир гуруҳи Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 25 ноябрдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган энг илғор ва фаол педагоглар ойлик маошининг 40 фоизигача устама ҳақ олмоқда. Сўнгги 11 йил мобайнида ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи миқдори 17 бараварга ошгани моддий фаровонлиги юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу каби эътибор ва унинг самаралари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ҳам эътироф этилди. Қизғин мулоқотда Халқ таълими вазири У.Иноятов, давлат мукофоти билан тақдирланган педагоглар, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2017” республика кўрик-танлови ғолиблари юртимизда педагоглар меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.
Куни кеча тантанали байрам тадбирида иштирок этиш учун юртимизнинг барча ҳудудидан пойтахтимизга келган бир гуруҳ ўқитувчилар Бош майдонимиздаги Мустақиллик ва эзгулик монументи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди. Ўзбекистон давлат тарихи музейида бўлиб, халқимиз ўтмиши, ўтган йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, маънавиятга қаратилаётган эътибор намуналари билан танишди.
— 32 йил ёшларга таълим-тарбия бердим. Пенсияга чиққан бўлсам-да, ҳозир ҳам ўзим ишлаган Музработ туманидаги 14-мактаб жамоасидан буткул узилганим йўқ. Тез-тез таълим муассасасига бориб, дарсларни кузатаман. Ёш ҳамкасбларимга билим ва тажрибамдан улашаман, — дейди сурхондарёлик фахрий ўқитувчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Гулжаҳон Қулмаматова. — Бугун байрам арафасида биз педагогларнинг пойтахтимиздаги диққатга сазовор гўшалар, бой маданиятимиз ва маънавиятимиз нафаси уфуриб турган масканлар бўйлаб саёҳат қилишимиз ҳам давлатимизнинг ўқитувчиларга қаратаётган эътиборидан далолатдир. Бугунги кун ўқитувчиси изланишдан тўхтамаса, халқимиз фарзандларини ўз боласидек яхши кўриб, ардоқлаб таълим-тарбия берса, уларни юрт корига камарбаста йигит-қизлар этиб камолга етказса, мана шу ғамхўрликни оқлаган бўлади.
Асосий байрам тадбири пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтди. Муҳташам кошона остонасида мўътабар устозлар карнай-сурнай садолари ва анвойи гуллар билан кутиб олинди. Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимга Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, таълим соҳаси фахрийлари, илғор ўқитувчи ва мураббийлар таклиф этилди. Тадбирда таълим-тарбия фидойиларининг хизмати алоҳида эътироф этилиб, чуқур эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
— Ўқитувчилик энг серзаҳмат, масъулиятли касб. Айниқса, бошланғич синфда болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли эканини ҳамкасбларим яхши билади. Бугун Президентимизнинг биз ўқитувчиларга йўллаган байрам табригида устоз-муаллимларга кўрсатилган ҳурматдан кўксим ғурурга тўлди. Болаларнинг таълим-тарбиясига бағишланган 34 йиллик умримдан розилик ҳиссини туйдим. Муаллимлик касбини танлаганим учун тақдиримдан мингдан-минг розиман, — дейди Кармана туманидаги 13-мактаб ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Нодира Бозорова. — Қаранг, ўқитувчилар шарафига қандай ажойиб байрам дастури тайёрланган! Бунинг ҳаммаси жонажон Ватанимизда муаллим зотига кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиром намунасидир.
Айтиш жоизки, ўтган бир йил таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳа ходимларининг ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга бой бўлди. Жумладан, Президентимизнинг “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари эртамиз эгаларини баркамол этиб тарбиялаш, тарбиячи-педагоглар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилгани билан эътиборга молик.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.
Халқ таълими тизимидаги янгиликлардан яна бири мактабларда 11 йиллик таълимнинг қайта тикланганидир. Тизимда иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, ўғил-қизлар истеъдодини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукус шаҳрида Ибро¬йим Юсупов, Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ташкил этилиб, уларга энг иқтидорли ўқувчилар саралаб олингани ёш авлоднинг интеллектуал ривожланишида муҳим қадамдир.
Таълим соҳасидаги изчил янгиланишлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ҳам муайян ўзгаришлар ясади. Умумтаълим мактабларида 10-11-синфлар ташкил этилиши туфайли касб-ҳунар коллежлари сони қисқарди. Президентимизнинг соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга доир қарор ҳамда фармонларига асосан коллежлар тармоқ вазирликлари ва давлат қўмиталарига бириктирилди.
Олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тизимни тубдан такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш мазмунини қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш бўйича энг муҳим вазифалар белгиланди.
Бешта янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этилиб, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очилгани ҳудудларни эҳтиёжи учун зарур бўлган олий маълумотли мутахассислар билан таъминлашга хизмат қилади.
Байрам тадбирида сўзга чиққан Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 40-мактаб ўқитувчиси Раъно Фозилова, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг сермашаққат меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш, ёш авлоднинг баркамол йигит-қизлар бўлиб улғайиши йўлида яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ устозларни байрам билан қутлаб, уларга бағишланган янги шеърини ўқиб берди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлигининг “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” кўрик-танловлари ғолиблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масканларининг фаол педагоглари диплом ва совринлар билан тақдирланди.
Эл суйган санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар ва ажойиб рақслар кечага ўзгача фусун, дилларга кўтаринкилик бағишлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Юнусходжаев иштирок этди.
Хайриддин МУРОД,
Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари