Ўқувчи нега дарс қолдиради?
Ўқувчи нима учун мактабга боришни хоҳламайди? Ўғил-қизларнинг сабабсиз ёки мунтазам дарс қолдириши билим савиясининг пасайишига, турли ҳуқуқбузарликларга қўл уришига сабаб бўлмайдими? Бу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида таълим муассасаларида “Давомат-рейд” тадбири олиб борилмоқда.
“Каскад” усулида тезкор мониторинг
Тошкент шаҳридаги 301 та мактабда кунлик давоматни “Каскад” усулида мониторинг қилиш йўлга қўйилган. Агар ўқувчи бир кун сабабсиз ёки етти кун сабабли дарс қолдирса, синф раҳбаридан билдирги талаб этилади. Кейин ота-оналар кўмагида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспекторига хабар берилади.
— Янги ўқув йили бошидан давомат масаласига жиддий ёндашиб, қатъий чора-тадбирлар кўрилди, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг маънавий-ахлоқий тарбия бўлими бош мутахассиси Фароғат Аҳмаджонова. — 73 нафар сабабсиз дарс қолдирган ўқувчининг машғулотларга мунтазам қатнашини таъминлашга ҳаракат қилинди. Ўрганиш натижасида уларнинг 17 нафари ота-онаси билан хорижга кетгани, 3 нафари оилавий шароитга кўра вилоятларда истиқомат қилаётгани, қолганлари сабабсиз ўқишга келмаётгани аниқланди. Уларни таълимга қайтариш учун маҳалла, туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, Ёшлар иттифоқи етакчилари кўмагида чоралар кўрилмоқда.
Баъзида ота-она фарзандини уяли алоқа воситаси билан таъминлаб, гўёки уни назорат қиляпман, деб ўйлайди. Аслида дарсга келган ёки келмаганидан бехабар қолади. Дарс қолдираётган ўқувчи телефон ор¬қали ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи ахборот ва ёт ғоялар таъсирига берилиши ҳеч гап эмас. Мониторинг жараёни ҳамда давомат-рейд тадбирларида ўқувчи қўл телефонининг русуми ҳам аниқланмоқда. Пойтахтдаги мактабларда таълим олаётган 86 минг нафардан ортиқ ўқувчининг қўл телефони борлиги маълум бўлди. Уларнинг 42 минг нафари кўп функцияли телефондан фойдаланади. Ўтган ўқув йили якунида ўтказилган оммавий рейд-сўровларда Тошкент шаҳридаги айрим ўқувчиларнинг ижтимоий тармоқдаги оқибати фожеага олиб борувчи ўйинларга қизиқиши борлиги аниқланган эди. Бундай хавф туғдирувчи ҳолатлар асосан машғулотларга бефарқ, кўп функцияли телефон ишлатадиган ўқувчилар орасида рўй берган. Шу боис жамоавий тадбирларда ота-оналарга фарзандлари учун оддий русумдаги телефон олиб бериш лозимлиги тушунтирилмоқда.
Ҳар бир муассасада мактаб ва синфнинг фаол ота-оналари иштирокида махсус қўмита ташкил этилди. Унга мактаб амалиётчи психологи, тиббиёт ходими, жисмоний тарбия ва бош¬қа фан ўқитувчилари бириктирилди. Улар тартиб-интизомга бўйсунмайдиган ёки дарс қолдирадиган ўқувчининг оилавий муҳити билан танишади. Агар дарсга бир ҳафта келмаган бўлса, уйига бориб, вазият ўрганилади.
Пайшанба — профилактика куни
— Туманимиздаги 29 та мактабда ўтказиладиган “Пайшанба — профилактика куни”, “Мактаб куни”, “Ота-оналар куни”, “Маънавият куни”, “Давомат-рейд” каби тадбирлар доирасида ҳар бир ўқувчининг дарсга келган ёки келмагани ўрганиляпти, — дейди Яшнобод тумани халқ таълими бўлими мутахассиси Нодир Ҳайитов. — Бунда оилаларни бир жамоага бирлаштирадиган маҳалланинг роли ва ўрни катта. Янги ўқув йилидан ўқувчи хулқини назорат қилиш мақсадида мактабларда маҳалла фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясининг ҳудудий вакиллари учун алоҳида хона ажратилди. Улар ўғил-қизларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, тўгаракларга жалб этиш мақсадида турли сўровномалар ўтказмоқда. Тартиб-интизом ва давомат натижалари муассасалардаги рейтинг дафтарчасига қайд этилмоқда. Маълумотлар “Давомат ва ўзлаштириш бўйича мониторинг тизими” дастури асосида ишлайдиган “davomat.uz”, “nazo¬rat.uz” веб-сайтларида ҳам акс этаётгани янада яхши бўлмоқда.
Тумандаги 149-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Васила Умарованинг айтишича, яқинда назорат жараёнида 6-синф ўқувчиси Азиз Аҳроров ҳамда Роман Кузменнинг мунтазам дарс қолдираётгани аниқланди. Уларни мактабга қайтариш учун маҳалла, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Ўқувчиларнинг оилавий аҳволи ўрганилди, ота-онаси билан суҳбатлашилди. Бундай саъй-ҳаракатлар ота-оналар масъулиятини оширмоқда. Бу борада “Бешариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Садриддин Сафаров ва профилактика инспектори Улуғбек Бадаловнинг ҳамкорлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.
— Давоматни назорат қилиш жараёнида машғулотга қатнашмаган бола уй манзили орқали қидирилади, — дейди Яшнобод туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси аъзоси Севара Саъдуллаева. — Агар топилмаса, гоҳида шу ҳудуддаги компьютер хоналари ва спорт мажмуаларида бўлади. Ота-оналар чақиртирилиб, огоҳлантирилади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири