Замонавий мактаб фойдаланишга топширилди
Бугун Учтепа туманидаги 78-мактаб ҳар қачонгидан гавжум. Ўқитувчи ва ўқувчилар байрамона кайфиятда. Бундан атиги тўрт ой аввал таъмирталаб аҳволда бўлган таълим масканининг янги ва замонавий қиёфаси кўзни қувнатади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 16 июнь куни пойтахтимизнинг Учтепа туманига ташриф буюриб, ҳудуддаги “Ватан” маҳалласида жойлашган 78-мактабни капитал таъмирлаш бўйича зарур топшириқлар берганди. Ўтган қисқа вақт мобайнида таълим муассасаси капитал реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди.
Мактабнинг очилиш маросими катта тантанага айланди. Маросимда Халқ таълими вазири У.Иноятов иштирок этиб, ўқувчию ўқитувчиларни самимий қутлади. Мактабга Халқ таълими вазирлигининг логотипи туширилган эсдалик совғаси топширилди.
Тантанали маросим якунлангач, илк дарслар бошланди. Машғулотларда фахрийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди.
— Президентимиз мактабимизга келиб, 11 йиллик таълимни қайта тиклаш борасида таклиф билдирган эдилар, — дейди 10-синф ўқувчиси Жавлон Қурбонов. — Бу мен каби 9-синфни тугатган ёшларнинг тўғри йўлни топишига сабаб бўлди. Ҳозир қадрдон дўстларим, синфдошларим билан барча талабларга жавоб берадиган таълим масканида ўқишни давом эттиряпман. Янгиланган бинодаги шароитлар билан танишиб, мактабда ўқишни давом эттириб, хато қилмаганимни англадим. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ўқув-лаборатория, компьютер, мусиқа хоналари, кутубхона ҳамда спорт залидаги шароитлар, ошхона мактабни намунавий мактаб сифатида эътироф этишга сабаб бўлди. Бунга жавобан аъло баҳоларга ўқиб, келажакда етук мутахассис бўлмоқчиман.
Мактабда 2 миллиард 322 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
— Аввал мактабда шароитлар талаб даражасида эмасди. Ўқув жиҳозлари етишмасди, лаборатория хонаси, спорт зали таъмирталаб эди, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Зебо Умарова. — Хоналарнинг яхши исимаслиги ўқувчиларнинг билим олишига салбий таъсир кўрсатарди. Бугун мактабимиз ўзгача кўриниш касб этди. Синфхоналар ёруғ ва шинам. Ўқувчиларимиз ҳам бу эътибор ва ғамхўрликдан қувонишмоқда. Уларнинг қалбидаги ғурур, шижоат янада яхши билим олишга ундамоқда. Ўз нав¬батида бу қулайликлар ўқитувчиларга ҳам қўшимча масъулият юклайди.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
“Ma’rifat” мухбири