Методист ўқитувчилар мактаби
Халқ таълими тизимида педагогларнинг малакасини мунтазам ошириш, илғор педагогик технологияларни амалиётга жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ўқув фанлари бўйича барча туман(шаҳар)ларда методист ўқитувчилар мактаби ташкил этилаётир. Маҳорат машғулотларида ўқув-методик қўлланмалар, янги дарсликлар, электрон ахборот таълим ресурслари ва методик тавсиялардан унумли фойдаланиш усуллари намойиш этилмоқда.
— Туманимиздаги мактабларда она тили ва адабиёт ҳамда ўзбек тили фанларини сифатли ўқитиш мақсадида янги лойиҳалар устида изланяпмиз, — дейди Чилонзор тумани халқ таълими бўлими методисти Нигора Ражабова. — Ҳар ойнинг охирги жума ва шанба кунлари ташкил этилаётган методист мактаби машғулотларида намунавий ўқув режа ва дастур асосида методик хизматни ташкил этиш, ўқитувчиларни тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ва компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартларидан бохабар этиш, илғор тажрибаларни саралаш ва оммалаштиришга эътибор бериляпти. Жараённи илмий-методик материаллар билан таъминлаш учун Республика таълим марказида «Методик инновациялар лабораторияси» фаолияти йўлга қўйилди.
Халқ таълими вазирлиги тавсияси билан чоп этилган «Методистлар мактаби» ўқувларини ташкил этиш методикаси» номли қўлланма ўқитувчиларга яқиндан кўмак беряпти. Қўлланмада фан методистлари ва методист ўқитувчиларнинг ўзаро ижодий ҳамкорлик педагогикаси белгиланиб, шахсий жавобгарлик, самарали муҳокама каби йўналишларда аниқ илмий методлар тавсия этилган. Эътиборлиси, жараёнда илм-фан ютуқлари, замонавий инновация¬ларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, илмий тадқиқотлар асосида янги ишлаб чиқилган ишланмалар самарадорлигини аниқлаш, тажриба-синов жараёнларини самарали ташкил этиш билан шуғулланувчи методистлар шаклланмоқда.
Чилонзор туманидаги она тили ва адабиёт фани бўйича методист-ўқитувчи Шаҳодат Абдуллаева ва ўзбек тили фани методист-ўқитувчиси Салима Қурбонова узлуксиз малака ошириш тизимига янгича технологияларни татбиқ этмоқда. Улар асосан «Тушунчалар таҳлили», «Тарғиботчи», «Тилшунос», «Билиш завқи» каби замонавий ўқитиш усулларини амалиётда қўллашда фан ўқитувчилари билан ҳамкорликда ишлашади. Масалан, «Билиш завқи» усулида ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, савол беришади. Мусобақа шаклидаги бу машғулотда мазмунли ва қизиқарли савол йўллаб, янги маълумот тўплаган гуруҳ ғолиб топилади.
Методист ўқитувчилар ўртасида «Гуруҳли тренинг» методи асосида ишлаш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳада амалиётчи ўқитувчилар ўз таклифларини билдириб, тажрибасини намоён этишади. Холис кузатув ва аниқ хулосалар тилга олинадиган тренингда жамоавий таҳлил этиш методи қўлланилади. Бу эса рефлексия — акс эттириш бўлиб, кўрсатилган тажриба асосида ўқитувчилар ўз мактабларида дарс ўтишади, кўзланган самара ва натижа ҳам шунга яраша бўлади. Муҳими, бундай соғлом рақобат муҳитида малака ошираётган педагогларнинг касбий маҳорати ошиб бораверади.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири