Тил ва таълим муаммолари
Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 7-8 ноябрь кунлари ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, дарсларда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида «Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар» мавзусида филология фанлари ўқитувчиларининг республика форуми бўлиб ўтди.
Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форум таълим-тарбиянинг барча бўғинларида она тили ва адабиёт, ўзбек тили, қардош тиллар (қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман), чет тиллар (инглиз, немис, француз), рус тили ва адабиёти фанларини ўқитишдаги долзарб масалаларга қаратилган бешта йўналишда иш олиб борди.
— Умумтаълим мактабларининг 5—9-синфлари учун «Она тили» ва «Адабиёт», таълим рус ва қардош тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 2—9-синфлари учун «Ўзбек тили» дарсликларининг янги авлоди яратилди, — дейди Республика таълим маркази методисти Қимматхон Маматқулова. — Мактаб кутубхоналарини жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир намуналари билан бойитиш мақсадида ўтган йили бошланғич синф ўқувчилари учун 27 номдаги 847293 нусха китоб чоп этилди. Жорий йилда ҳар бир мактабга лотин алифбосида чоп этилган жами 1,2 миллион нусхада 28 номдаги нодир асарлар етказиб берилди.
Ўқувчилар оғзаки ва ёзма баён кўникмасига эга бўлмай, айрим ҳолларда ўз она тилида равон сўзлаш, фикрини аниқ етказишга қийналади. Рус тилини ўқитиш борасида ҳам муаммолар мавжуд. Умумий мониторинг натижалари кейинги йилларда ўқувчиларнинг рус тили фанини ўзлаштириш даражаси пастлигини кўрсатди. Кутубхоналарнинг дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланиши, ўқувчиларнинг мутолаага қизиқиши ҳам талаб даражасида эмас. Мутахассислар, олимлар ва тренер ўқитувчилар ўтган маҳорат дарслари, ялпи ва шўъба йиғилишларида иштирокчилар филология фанларини ўқитишдаги шу каби муаммоларга ечим излашди.
— Ўзбек тили фанидан «Интерфаол таълим воситаларида тил ўргатиш жараёни самарадорлигини ошириш» мавзусида маҳорат дарси ўтдим, — дейди Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Дилафрўз Ҳидоятова. — Таълимни ташкил қилиш моделлари сифатида «Расмни қайтариб чиз», «Алифбо ҳарфлари», «Тўрт тараф» методларида ўқитувчиларга самарали ўқитиш йўллари ўргатилди. Жумладан, таълимнинг ло¬йиҳали, ўйинли, муаммоли, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида, креатив ва эвристик турлари намойиш этилди. Тренинг якунида ўқитувчилар диққатини «Билимлар дарахти”га жалб этган ҳолда «Мен ўзимга қандай методик ёрдам олдим? Қандай таклиф билдира оламан?» сўровномасини ўтказдик. Ўқитувчилар соҳани такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдиришди. Масалан, ўқитувчилар инновацион лойиҳалар асосидаги оммалашган дарс тақдимотларини онлайн тарзда узатиш, масофавий тренинг машғулотлари ўтказиш истагини билдиришди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидаги форумнинг иккинчи куни ялпи йиғилиш билан бошланди.
Унда Халқ таълими вазири У.Иноятов сўзга чиқиб, ёшларни саводли қилиб тарбиялашда тил ва адабиёт таълимининг аҳамияти ҳақида гапирди. Синфхоналарнинг жиҳозланиш даражаси, дарслик ва қўшимча адабиётлар етишмаслиги, янгича ёндашув асосида дарс ўтиш усулларини ўзлаштириш, ўқувчиларда зарур компетенцияларни шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Китобхонлик маданиятига давлат миқёсида эътибор қаратиш жаҳоннинг бошқа давлатларида кам учрайдиган ҳолат, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бош илмий ходими, академик Бахтиёр Назаров. — Биз одатда бадиий адабиётни ўқиш ва ўзлаштиришга эътибор қаратамиз. Бироқ ўқитувчи ўқувчини асар мавзусини эмас, маъносини тушунишга ўргатиб бориши керак. Китобхонликка рағбат уйғотилса, ўз-ўзидан болаларда китоб ўқишга иштиёқ ошиб боради. Масалан, «Энг кўп китоб ўқиган бола», «Энг кўп китоб ўқиган синф» каби танловлар, китоб марафони ўтказиш яхши самара беради.
Форумда фаол иштирок этган ўқитувчилар Халқ таълими вазирлигининг «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди. Шундан сўнг иштирокчилар машғулотларни шўъба йиғилишларида давом эттиришди. «Она тили ва адабиёт таълими», «Рус тили ва адабиёти таълими», «Чет тили(инглиз, немис, француз) таълими», «Қардош тиллар таълими», «Ўзбек тили таълими» каби мавзулардаги методик машғулотлар баҳс-мунозараларга бой бўлди. Жумладан, «Қардош тиллар таълими» мавзусидаги шўъба йиғилишида қардош тилда таълим олаётган бошланғич синф ўқувчиларига бир вақтнинг ўзида ўзбек, рус, инглиз тилларини ўзлаштириш қийинчилик туғдириши айтилди. Қардош тиллардаги фанларни ўқитишда дарсликлар етишмаслиги ҳам асосий муаммолардан бири сифатида кўрсатилди.
— Дарсликдаги айрим хатолар бизни ҳам чалғитиб қўяди, — дейди Китоб туманидаги 1-ИДУМнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2017» республика кўрик-танлови ғолиби Дилноза Бердиева. — 6-синф «Она тили» дарслигидаги синтактик қоиданинг мазмуни бошқа синф дарслигида бутунлай бошқача берилган. Масалан, «Феълларнинг муносабат шакллари» мавзусида «Феълларнинг муносабат шакллари феълларга қўшилиб, кесим сифатида шакллантирилади, уларга шахс-сон ва замон қўшимчалари киради» деган қоида бор. Бу меъёр 8-синф дарслигидаги 110-машқда акс этиб, «Биз уйга қайтдик ва бирга дарс тайёрладик» гапини «Биз уйга қайтиб, бирга дарс тайёрладик» гапи билан солиштириш талаб этилган. Машқ шартида ушбу гапларни жуфтликлар мисолида қўшма гапларга ажратиш лозимлиги айтилган. Иккинчи содда гапнинг «қайтиб» сўзи равишдош билан ифодаланган кесимлиги аён. Бу ерда кесимнинг ифодаланишини 6-синф дарслигида «Феълнинг муносабат шаклларига эга бўлган феълларгина гапда кесим бўлиб келади» деган қоидага зид келяпти. Бундай камчиликларга «Қўшимчалар», «Юкламалар», «Вазифадош кўмакчилар» каби мавзуларда ҳам йўл қўйилган. 7-синф она тили дарслигида «гўё» сўзи юклама, 9-синф¬да эса боғловчи сифатида келади. Бу нафақат ўқувчи, балки ўқитувчи учун ҳам муаммо туғдиради. Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидаги синов тестлари токи дарсликлар асосида тайёрланиб, ундаги ҳар бир қоида, гап, тиниш белгиси инобатга олинар экан, дарслик ўта синчковлик билан ишланиши зарур.
Шўъба йиғилишларида профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ва малакали мутахассислар томонидан соҳадаги камчиликларни бартараф этиш борасида таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Қизғин баҳс-мунозара тарзида ўтган тренинг машғулотларида педагоглар интерфаол усуллар асосида билим бериш сир-асрорларини ҳам ўрганишди. Ҳар бир шўъба йиғилишидан сўнг тегишли фанлар бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Республика форумида юртимизнинг барча ҳудудларидан илғор ўқитувчилар иштирок этгани филология йўналишидаги фанларни ўқитиш, машғулотлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги мунозаралар жойларда ҳам давом этишидан далолат.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбирлари