Таълим сифати мониторинги энди янгича шаклда
Таълим сифати ва самарадорлигини белгилашда ўқувчилар эгаллаган билим, кўникма ва малака муҳим омил ҳисобланади. Бу жиҳатлар шу кунгача бир-бирига боғлиқ уч йўналишда аниқланган. Ўқувчилар билимини синф ва мактаб миқёсида баҳолаш ўқитувчилар томонидан «Ўқувчиларнинг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом» асосида амалга оширилиб, синф журналида акс эттирилган. Иккинчи йўналишда ҳар бир мактабнинг ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идораларининг рейтинги ўқувчиларнинг билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловлардаги натижалари асосида аниқланган. Учинчи йўналишда тўрт босқичли мониторинг асосида ўқувчиларнинг билим ва кўникма малакаларининг давлат таълим стандартлари талабларига мослиги текширилган.
Сўнгги йилларда ушбу тизим янада такомиллашди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига биноан, Халқ таълими вазирлигининг Таълим стандартларини такомиллаштириш ва илғор педагогик технологияларни жорий этиш бўлими — Давлат таълим стандартларини такомиллаштириш ва таълим сифати мониторинги бошқармасига айлантирилди. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларидаги Давлат таълим стандартлари мониторинги бўлимлари Халқ таълими вазирлиги номенклатурасига ўтказилиб, Таълим сифати мониторинги бўлимларига, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларида Давлат таълим стандартларига риоя этиш мониторингини методик таъминлаш кичик гуруҳлари ҳам вилоят номенклатурасига ўтказилиб, Таълим сифати мониторинги бўлимларига айлантирилди.
Ўз навбатида, ўқув-методик жараённи ривожлантириш, ўқувчилар билимининг ДТС талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиш, таълим муассасалари рейти¬нгини аниқлаш, хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш чораларини кўриш, халқаро баҳолаш тизимига интеграциялаш каби қатор вазифалар белгиланди.
Таълим сифати мониторинги орқали ДТСда белгиланган билим, кўникма ва малакаларнинг ўзлаштирилиш динамикасини тизимли кузатиш, ўқувчилар билимидаги бўшлиқлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирлари режалаштирилади. Мониторинг уч босқичда ўтказилиб, биринчи (баҳолаш) босқичи ДТС талабларининг бажарилишини, уларга таъсир этган омилларни кузатиш, аниқлаш, натижаларни қайд этиш имконини беради. Иккинчи (таҳлил) босқичда кузатув ва баҳолаш натижаларини умумлаштириш ва мавжуд ҳолат бўйича таҳлилий маълумот тайёрлаш, аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади. Учинчи (коррекциялаш, тузатиш) босқичда ҳамкорлик педагогикаси асосида турли метод ва машғулотлардан фойдаланган ҳолда аниқланган бўшлиқлар ҳамда таълим сифатига таъсир этган омиллар устида ишланади. Мониторингнинг энг муҳим жиҳати, унинг коррекцион (тузатувчи, ривожлантирувчи) хусусиятга эгалигидир.
Ўтган ўқув йилидан бошлаб, мониторинг жараёни Республика таълим маркази ва Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан тайёрланган махсус электрон дастур асосида онлайн-тест шаклида ўтказилди. Ушбу янгилик декабрь ойида биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Нукус, Термиз, Фарғона ва Тошкент шаҳарларида тажриба-синовдан ўтказилди, айрим жиҳатлар такомиллаштирилди. Натижада ўқув йили якуни бўйича 8–9-синф¬ларда барча ҳудудлар(Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да 42 туман, шаҳарлардаги 126 мактабда блок усулида (I блок: она тили ва адабиёт, хорижий тил (инглиз, немис, француз), тарих; II блок: математика, биология, иқтисодий билим асослари; III блок: кимё, информатика, давлат ва ҳуқуқ асослари; IV блок: физика, география) онлайн-тест ўтказилди. Жараёнга 20 мингдан ортиқ 8–9-синф ўқувчилари жалб қилинди. Уларга қизиқиши бўйича ўқув фанлари блокини танлаш имкони берилгани ҳамда фанлар кесимидаги натижалар мониторда тўғридан-тўғри кўриб борилгани онлайн-тест жараёнига қизиқишни янада кучайтирди.
Шунингдек, ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни ўша куниёқ ҳудудлар ва мактаблар кесимида аниқлаш ҳамда уларни тўлдириш бўйича услубий тавсиялар яратиш имкони пайдо бўлди.
Биринчи ярим йиллик ва ўқув йили якунлари бўйича мониторинг жараёнига бир хил туман(шаҳар)лар ва айнан шу мактаблар қамраб олингани таққослаб ўрганишда холислик тўлиқ таъминланишига асос бўлди. Таълим сифати мониторинги муаммоларнинг ечими эмас, балки вазиятни ўнглашга ёрдам берадиган механизм¬дир. Бу янгилик ўқувчиларнинг билимини адолатли ва холис баҳолаш, мактабларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 16 сентябрдаги «2017-2018 ўқув йилида таълим сифати мониторинги тизимини янада такомиллаштириш ва ташкил этиш тўғрисида»ги 299-сонли буйруғи асосида таълим сифати мониторингини ўтказиш механизмига қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, назорат материаллари ва турларини ишлаб чиқишда илғор халқаро тажрибалар PISA, TIMSS ва ҳоказо)ни ўрганган ҳолда миллий мониторинг тизимини такомиллаштириш ва унинг натижалари асосида ўқув-методик жараённи янада ривожлантириш чораларини кўриш белгиланди. Шунинг¬дек, таълим сифати мониторинги жараёнига 10-синф¬ларни қамраб олиш ҳамда мониторинг ўтказиладиган фанларни блоклаш орқали олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари фан блокларига мувофиқлаштириш кўзда тутилди.
Таҳлиллар онлайн-тестга қизиқиш юқори эканини намоён қилмоқда. Аммо афсуски, ўтган ўқув йилида айрим ҳудудларда онлайн-тестни ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмади. 42 туман(шаҳар)даги 126 таълим муассасасининг рўйхати олдиндан белгиланган бўлса-да, 20 та таълим муассасасида етарли шарт-шароит яратилмади. Жумладан, Тайлоқ туманидаги 4-, 30-, 47-, Зангиота туманидаги 51-, 74-, Сайхунобод туманидаги 26-, 34-, Жондор туманидаги 14-, 36-, Нишон туманидаги 8-, 14-, Муборак туманидаги 12-, 13- Мирзачўл туманидаги 12-, Навбаҳор туманидаги 15-, Нурота туманидаги 15-, Ангор туманидаги 18-, Оққўрғон туманидаги 16-, Урганч туманидаги 10-, Хива туманидаги 20-мактабларда мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги оқибатида режалаштирилган онлайн-тест ўтказилмади.
Шунингдек, замонавий мониторинг ёрдамида ўтказилаётган сўровномалар тизимда айрим муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказилганда 47 фоиз ўғил-қиз мустақил равишда дарс тайёрлашини маълум қилди. Бу эса оилада таълим-тарбияга эътиборнинг паст¬лигини кўрсатади. Ўқи¬тувчиларнинг касбий тайёргарлик даражаси ва касб маҳорати синалганда 22,7 фоиз иштирокчи 55 балдан паст натижа қайд этди. Бундай ўқитувчиларнинг 55 нафари (38,5 фоизи) Тошкент вилояти, 58 нафари (33,1 фоизи) Сирдарё вилояти ҳамда 39 нафари (28,5 фоизи) Андижон вилояти вакилларидир. АКТ воситаларидан мунтазам равишда фойдаланмаслик, мактаб раҳбариятининг таълим-тарбия жараёнларига эътиборсизлиги (раҳбарлар биринчи ярим йиллик мониторинг натижалари билан таниш эмас), фан методбирлашмаси ва методика кенгашлари фаолиятининг қониқарсизлиги, ўқитувчиларга кўрсатилаётган методик хизмат ва малака ошириш сифатининг пастлиги ҳам аниқланди. 2310 нафар ўқитувчи ўз фани бўйича тест саволларининг ўртача 68 фоизига тўғри жавоб берган. Бу ўтган йилга (63,3 фоиз) нисбатан 4,7 фоизга ўсишни кўрсатади. 454 (19,7 фоиз) нафар ўқитувчи 86 — 100 фоиз натижа кўрсатган.
44,2 фоиз педагог ўз фани бўйича илғор иш тажрибалари ва янгиликларни билмаслиги, 32 фоизи ил¬ғор педагогик технологиялардан, 46 фоизи элек¬трон дарслик, виртуал лабораториялардан, 64,9 фоизи замонавий АКТдан, 65 фоизи бўш¬лиқ¬ларни тўлдириш бўйича фанлар кесимида берилган тавсиялардан фойдаланмаслиги маълум бўлди.
78 фоиз мактаб раҳбари ўқитувчиларнинг ил¬ғор иш тажрибасини оммалаштиришга эътибор бермаган. 44,7 фоиз мактаб директори ўқув-тарбия жараёнини самарали йўлга қўймаган, 37,6 фоиз раҳбар дарсларни таҳлил қилмаган. Аксарият мактабларда фақат математика, она тили ва инглиз тили дарсларидан қўшимча машғулот ўтказилган.
Хулоса қилиб айтганда, бугун таълим муассасаларида яратилаётган шарт-шароитдан оқилона ва самарали фойдаланиш, болаларни ДТС асосида ўқитиш, таълим сифатига ўқитувчи ҳам, муассаса раҳбари ҳам жавобгар эканини ҳис этиши лозим.
Абдураҳим НОСИРОВ,
Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-методик жараённи ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи