Янги дарсликларни чоп этиш ва етказиб бериш нега кечикмоқда?
Мамлакатимизда ўрнатилган тартибга кўра, 1-синф дарсликлари ҳар йили, 2–4-синф дарсликлари ҳар 2 йилда, 5–9-синф дарсликлари ҳар 4 йилда янгиланиб, қайта нашр этилади. Жорий ўқув йилида бу жараён мутахассислар учун янада масъулиятли бўлди. Чунки Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 3 июндаги “Умумий ўрта таълимнинг давлат таълими стандарти талаблари асосида такомиллаштирилган ўқув дастурларини тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи асосида 1–9-синфлар учун янги ўқув дастурлари тасдиқланиб, 1-, 4-, 6-, 7— ҳамда 10-синф дарсликларини янги ДТС ва ўқув дастурлари асосида такомиллаштириш ва чоп этиш режалаштирилган эди. Мазкур дарсликларни замон талаблари асосида тўлиқ қайта ишлаб чиқиш, чоп этиш қатор мураккабликларни келтириб чиқарди. Натижада айрим мактабларда дарслик таъминоти бўйича муаммолар юзага келмоқда.
Мирзо Улуғбек туманидаги 248-мактабда 1604 нафар ўқувчи билим олади. Бу йил битта 10-синф очилди. Айни пайтда 6-, 7-, 9-синфларда дарслик етишмовчилиги мавжуд. Мактаб директори Зоҳида Исмоилованинг айтишича, ўқувчилар дарслик билан босқичма-босқич таъминланмоқда. Ўқитувчилар мавзуларни тушунтиришда дарсликларнинг электрон вариантидан фойдаланяпти.
— 2017-2018 ўқув йили олдидан ДТС ва ўқув дастурларининг ўзгариши, 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг жорий этилиши туфайли дарсликлар таъминотида муаммолар юзага келди, — дейди 248-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Феруза Омонова. — Масалан, 7-синф ўқувчилари Ўзбекистон ва жаҳон тарихи фанини янги ўқув дастури асосида ўрганмоқда. Аммо вақтинчалик 2013 йилда чоп этилган дарсликдан фойдаланиляпти.
Агар биз педагоглар вазиятни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, ўқувчилар янги дарсликка киритилган қўшимча маълумотлардан бебаҳра қолишади. Бундан ташқари, 10-синфлар учун дунё динлари тарихи фанидан дарслик мавжуд эмас. Бу муаммоларга ечим топиш учун қўшимча манба ва адабиётлардан, uzedu.uz, eduportal.uz, ziyonet.uz, kitob.uz, tarixchi.zn.uz, lex.uz, multimedia.uz каби интернет сайтларида берилган маълумотлардан фойдаланяпмиз.
7-синфда турли методик қўлланма ва хрестоматия матнларини тарқатма материал сифатида беряпмиз. Мавзулар асосан Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Алишер Навоийнинг “Maжолис-ун нафоис”, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарлари, Ш.Эргашевнинг “Жаҳон тарихи” I-II қисми, А.Мўминов, Ҳ.Йўлдошхўжаевнинг “Диншунослик” (Тошкент: “Меҳнат”, 2004), Д.Раҳимжонов, М.Комиловнинг “Диншунослик” (Тошкент, 2004) китоблари асосида тушунтириляпти.
Ўқувчиларнинг мавзуларни пухта ўзлаштиришига салбий таъсир қилувчи бу муаммо Самарқанд шаҳридаги мактабларда ҳам кузатилмоқда.
— Мактабимизда 1 минг 211 нафар ўқувчи таълим олади, — дейди Самар¬қанд шаҳридаги 30-мактаб директори Гулжаҳон Раҳматова. — Ўқув йили бошига қадар ўқувчиларни дарслик билан тўлиқ таъминлаш мақсадида мавжуд эҳтиёжни ўрганиб, шаҳар халқ таълими бўлимига буюртма берганмиз. Ҳали 4-, 6-, 7-синф дарсликлари тўлиқ етиб келмагани сабабли дарсларни эски дарслик асосида ўтишга мажбур бўляпмиз.
Шаҳардаги 13-мактабда ҳам шу муаммолар кузатилиши билан бирга, синфларда “Рус тили” ҳамда 5-синф дарсликлари етишмаслиги педагогларга қўшимча мураккаблик туғдирмоқда.
— Таълим муассасаларини дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Молия, Маданият вазирликлари ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 2014 йил 20 мартдаги қўшма қарори асосида тасдиқланган «Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ тартибга солинади, — дейди шаҳар халқ таълими бўлимининг дарсликлар бўйича мутахассиси Шерзод Рустамов. — Жорий йилда 4-, 6-, ва 7-синфларнинг дарсликлари янгиланиши лозим эди. Шу боис, бўлимимиз томонидан мактабларнинг ўқувчилар қамрови бўйича имконияти, дарсликларга эҳтиёжи ўрганилиб, вилоят халқ таълими бошқармасига маълумот берилган. Бугунга қадар таълим рус тилида олиб бориладиган 4-синфлар учун 6 номдаги, 6-синфлар учун 2 номдаги, 7-синфлар учун 3 номдаги ҳамда таълим давлат тилида олиб бориладиган 4-синфлар учун 4 номдаги, 6-синфлар учун 7 номдаги, 7-синфлар учун 3 номдаги дарсликлар қабул қилиниб, мактабларга тарқатилди. Бундан ташқари, янги ташкил қилинган 10-синфлар учун 13 номдаги дарсликлар кам миқдорда келгани учун мактабларга 5-6 жамланмадан ажратилди.
Дарсликлар таъминоти борасидаги масалага ойдинлик киритиш мақсадида Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилганимизда вазирликнинг дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратишни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Азиз Ортиқов қуйидагиларни маълум қилди:
— Халқ таълими вазирлиги томонидан 2017-2018 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 1-, 4-, 6-, 7-синфларига ҳамда 5-синфлар учун чет тилидан жами 34,8 миллион нусхадаги дарслик, иш дафтари ҳамда ўқув-методик комплекслар чоп этилиши режалаштирилган. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синфлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ҳудудлардан олинган буюртмаларга асосан 9 миллион нусха дарслик чоп этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 6-, 7-синфлар учун “Технология”, 6-синфлар учун “Тасвирий санъат” дарсликлари илк марта танлов асосида яратилиб, нашрга тайёрланди. 6-, 7-синф “Мусиқа”, 7-синф “Тасвирий санъат”, “Жисмоний тарбия” дарсликлари ҳам чоп этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сонли қарорига асосан умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари тасдиқланиб, компетенциявий ёндашувга асосланган ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Жорий ўқув йилида даврийлигига кўра, 1-, 4-, 6-, 7-синфлар учун дарслик ва ўқув қўлланмалар нашр этилишини ҳамда тасдиқланган ўқув дастурлари билан мутаносибликни таъминлаш мақсадида компетенциявий ёндашувга асосланган ўқув дастурлари босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда.
Айтиш жоизки, 10-синф дарсликларини чоп этиш август ойидан бошланган. Аммо қайта нашр этилиши белгиланган 4-, 6-, 7-синф дарсликлари (эскиси) таълим муассасаларида мавжудлигини инобатга олиб, уларни чоп этиш муддати бироз узайтирилди. Бугунгача “Ўзбекистон”, “Ғафур Ғулом”, “Ўқитувчи” НМИУ ҳамда “Шарқ” НМАК томонидан 10-синфлар учун жами 6 842 768 нусха дарслик босқичма-босқич чоп этилиб, ўрнатилган тартибда жойларга етказилди.
Халқ таълими вазирлиги ва босмахоналар билан имзоланган шартномага кўра, дарсликлар шу йилнинг 15 декабригача тўлиқ чоп этиб бўлинади. Айни вақтда бошқа дарсликлар нашриёт ва босмахоналар томонидан нашрга тайёрланмоқда.
Дарсликларни чоп этиш муддати чўзилганининг яна бир сабаби — нашриётларда офсет қоғози ва матбаа материалларини хориждан харид қилишда муаммолар борлиги ва чоп этилиши режалаштирилган дарсликлар ҳажми ўтган йиллардагига нисбатан кескин ошганидир. Айтиш керакки, ҳозирги кунда бу муаммолар ижобий ҳал этилиб, нашриёт ва босмахоналарда дарсликларни чоп этиш ишлари уч сменада олиб борилмоқда.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
“Ma’rifat” мухбирлари