Янги «Kids’ English 4» дарслик мажмуаси
қуйи синфларда олинган билимларни умумлаштирган ҳолда, нисбатан мураккаб топшириқлар асосида ишлаб чиқилади
Мамлакатимизда чет тилини ўрганишга эътибор натижаси фарзандларимизнинг халқаро мулоқот тилларини мукаммал ўзлаштираётганида намоён бўлмоқда. Бир неча тилда сўзлаша оладиган ёш авлод дунё илм-фанига оид энг сўнгги янгиликлардан тез ва осон хабардор бўлиб, замон шиддати билан ҳамқадам юришга интилмоқда.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, умумтаълим мактабларида бошланғич синфларданоқ хорижий тилларни ўқитиш кенг йўлга қўйилди. Айни пайтда 1-, 2-, 3-синф ўқувчилари чет тилларни янги ўқув дастури ва давлат таълим стандартлари асосида босқичма-босқич ўрганиб бормоқда. Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида ўтказилган семинарда бошланғич синфларда инглиз тилини ўқитиш жараёни таҳлил этилиб, 4-синф “Kids’ English” ўқув мажмуасини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази мутахассислари, Давлат тест маркази, ЎзДЖТУ ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази, Абдулла Авлоний номидаги ХТХҚТМОМ институти ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда инглиз тили фани ўқитувчилари иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққан Халқ таълими вазири У.Иноятов, Британия кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М.Кросси юртимизда ёшларнинг ўзлари танлаган соҳалар бўйича пухта билим ва профессионал кўникмаларни эгаллаши билан бирга хорижий тилларни чуқур ўрганишига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Шундан сўнг иштирокчилар 4-синфлар учун “Kids’ English” мажмуасини 1–3-синф дарсликларининг узвий давоми сифатида ДТС талабларига жавоб берадиган, замонавий шаклда яратиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Хусусан, дарсликни тайёрлаш жараёнига амалиётчи ўқитувчиларни кенг жалб этиш, мавзуларни тушунтиришнинг ноодатий усулларидан фойдаланиш, 4-синфларда чет тилини ўқитиш соатларини кўпайтириш, дарслик лойиҳасини синовдан ўтказиш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, семинар қатнашчилари британиялик эксперт Венди Арнольд хонимнинг янги дарсликни тайёрлаш, уни мазмун жиҳатидан янада бойитиш, тил ўргатишнинг халқаро синалган методларидан фойдаланиш борасидаги фикрларини тингладилар.
— 4-синф “Kids’ English” дарслигини тайёрлаш жараёнига олдинги йиллардаги тажрибалар, шу жумладан, йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ёндашилмоқда, — дейди дарслик муаллифларидан бири Лутфулла Жўраев. — Бу китобдан фойдаланадиган ўқувчилар анча улғайиб, юқори синфга ўтиш босқичида эканлигини инобатга олган ҳолда мавзулар моҳиятида қуйи синфларда олинган билимларни умумлаштириш, нисбатан мураккаб топшириқларни бажариш кўникмасини шакллантиришга аҳамият қаратилмоқда. 4-синфда ўқувчилар шу пайтгача ўрганганлари асосида фикрларини ёзма баён қилиши, жамоа бўлиб ишлашга ўрганиши лозим. Семинарга нашриёт ходимлари, дизайнерлар таклиф қилиниб, дарсликнинг нашр ва дизайн масалалари ҳақида ҳам фикрлашиб олдик.
Давра суҳбатида таъкидландики, чет тилидан тайёрланган дарслик, методик қўлланма ва мультимедиали иловалардан самарали фойдаланиш ўқитувчиларнинг маҳоратига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан дарсларда замонавий педагогик технологияларни қўллаш бўйича педагогларга янада кўпроқ амалий ёрдам кўрсатиш, ўқувчилар билимини баҳолаш мезонларига алоҳида эътибор қаратиш масалалари бўйича аниқ тавсиялар берилди.
Янги дарслик мажмуа лойиҳаси тайёр бўлгандан сўнг жорий ўқув йилининг иккинчи ярмида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги таянч мактабларда тажриба-синовдан ўтказилиб, экспериментатор ўқитувчиларнинг таклифлари асосида янада такомиллаштирилади ва нашрга тавсия этилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири