«Smart-class» имкониятлари
мамлакатимиз таълим тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади
Юртимизда халқ таълими тизими модернизация қилиниб, таълим муассасалари дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги шарт-шароитлардан қолишмайдиган даражада қулайликларга эга бўлмоқда. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 327-умумтаълим мактабида умумий қиймати 211,95 минг АҚШ долларига тенг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва мебеллар билан жиҳозланган “smart-class” (“ақлли синф”) ташкил этилгани бунинг яна бир исботидир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Корея Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида имзоланган “Инновацион ахборот-коммуникация технологиялари асосида пилот синф ташкил этиш ва бошқариш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандумга асосан амалга оширилган мазкур лойиҳа икки давлат ўртасида таълим соҳасида ўрнатилган ҳамкорликнинг амалий натижасидир.
Тажриба сифатида иш бошлаган синфнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари У.Абруев, Корея Республикаси Таълим вазирлигининг ахборот хавфсизлиги департаменти бош директори Ли Кёнг Хе, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён ва бошқалар қатнашди. Тадбирда сўзга чиққанлар бу лойиҳа таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, интерфаол ўқув усулларини ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади.
Иштирокчилар инновацион синф имкониятлари намойиш этилган очиқ дарсни кузатиб, ўқувчиларнинг фаол иштироки ва ўз фикрини инглиз тилида эркин баён этаётганига юқори баҳо беришди.
— “Smart-class” ягона тармоққа уланган электрон доскалар, планшетлар, электрон қўлланма ва махсус мебель билан жиҳозланган кўп функцияли аудиториядир, — дейди очиқ дарсни олиб борган инглиз тили ўқитувчиси Мадина Абдуллаева. — Доскада намойиш этилган топшириқни ўқувчининг планшетига юбориш, топшириқ бажариб бўлингандан сўнг ўқитувчи компьютерида хато ва камчиликларини кўриб чиқиш мумкин. Замонавий ускунада бир вақтда бир қанча амалларни бажариш имконияти борлиги вақтдан унумли фойдаланишни кафолатлайди.
Мактабдаги барча компьютерлар “ZiyoNET” интернет тармоғига уланганлиги, ўқитувчилар дарсларда интерфаол усуллардан мунтазам фойдаланаётгани сабабли ўқувчилар “smart-class”даги замонавий жиҳозлардан фойдаланиш сирларини тез ўзлаштириб олишди.
Мазкур синф тажриба-синов тариқасида ташкил этилган бўлиб, келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ўқув хоналарини ташкил этиш режалаштирилган.
Икром АВВАЛБОЕВ,
“Ma’rifat” мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.