Бошланғич синфларда ўқиш куни қисқарди
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 11-сонли йиғилиш баёни асосида республикамиздаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида ўқиш тартиби 5 кун этиб белгиланди. Ушбу муҳим янгилик кенг жамоатчилик, ота-оналар ва педагоглар ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда.
— Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг таклифи билан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфларида, янги ўқув йилидан эса 2-, 3-, 4-синфларда ҳам ўқув ҳафтасининг давомийлиги 5 кун этиб белгиланди, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Саидаҳрор Сейткамолов. — Шу муносабат билан халқаро илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда умумий ўрта таълимга қўйиладиган санитария талаблари ва қоидаларига ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши режалаштирилган. Айни пайтда масаланинг долзарблиги ҳамда амалий жиҳатлари мутахассислар томонидан жамоатчиликка тушунтирилмоқда.
Бошланғич синф ўқувчилари ҳафтанинг шанба куни қизиқиш ва хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда турли фан тўгараклари, спорт секция¬лари ҳамда маънавий-маърифий тадбирларда қатнашиши мумкин. Муҳими, эндиликда ота-оналар фарзандлари билан оилавий дам олиш имкониятига эга бўлади. Бу орқали маданий, тарихий обидалар бўйлаб оилавий туризмни ривожлантириш, ота-оналар ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
— 1-синф ўқувчисининг мактабга мослашуви бироз мураккаб кечади, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Бухоро вилоят бўлими бошлиғи, психолог Файзулло Сатторов. — Айниқса, ўқув йили бошида мактабларда бошланғич синф ўқувчиларининг дарсда иштирокини кузатганимизда бу ҳолат яққол намоён бўлади. Ўғил-қизлардаги ўйинқароқлиги уларнинг психологик-физиологик фаолиятига таъсир этиб, диққатни жамлай олмаслигига сабаб бўлади. Бошланғич синфларнинг 5 кунлик ўқиш тартибига ўтиши бу муаммонинг ечимидир. Аввал 6 кун ўқиб, 1 кун дам олган бола энди 2 кун оила даврасида бўлади. Ўзи қизиққан фан ёки спорт тўгарагига қатнашади, кино, театр, истироҳат боғларида маданий ҳордиқ чиқаради. Яхши дам олган ўқувчи, табиийки, янги ўқув ҳафтасидаги дарсларда кўтаринки кайфиятда иштирок этади.
Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги томонидан бошланғич синфларнинг ўқув режа ва дастурлари 5 кунлик ўқув ҳафтасига мослаштирилмоқда.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири