“Биринчи муаллим”ни хотирлаб...
Тошкент шаҳридаги 129-мактабда устоз-мураббий Оқилхон Шарафиддиновни хотирлаб тадбир ўтказилди. “Алифбе” дарслиги муаллифи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи Оқилхон Шарафиддинов таваллудининг 120 йиллиги арафасида ушбу мактабда музей ташкил қилиниб, устоз қаламига мансуб адабиётлар, унинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи рисолалар, тарихий фотолавҳалар билан бойитилди.
Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, Оқилхон Шарафиддиновнинг набираси, профессор Тўлқин Шарафиддинов, шогирди олима Қумри Абдуллаева иштирок этди.
Йиғилганлар олимнинг қаламига мансуб “Билим ва мактаб”, “Меҳнат болалари”, “Катталар алифбеси”, “Чиройли ёзув”, “Ўқиш китоби” каби дарслик, ўқув қўлланмаларини эътироф этишди.
— Ҳаммамиз “Алифбе” ва “Ўқиш китоби”ни ўқиб савод чиқарганмиз, — дейди Учтепа тумани халқ таълими бўлими мудири Мавлон Турсунов. — Хазиналар калити бўлган дарслик муаллифи Оқилхон домланинг фаолияти ҳам кўпчиликка ўрнак.
Тадбир давомида халқ таълими ходимлари Оқилхон Шарафиддинов музейи билан танишиб, адабиёт ва қўлланмаларни кўздан кечиришди. Деворий суратларнинг бирида устознинг шундай ўгити ёзиб қўйилган: “Ўқитувчи ўқувчи йўл қўйган хатоларга кечиримли бўлади. Аммо ўқувчи ўқитувчиси хатосини бир умр эслаб қолади”.
Шоира БОЙМУРОДОВА