Ишсиз қолган чет тили ўқитувчилари
иккинчи тилни ўргатиш учун ажратилган соатлар ҳисобидан банд этилмоқда
Таҳририятимизга Қарши туманидаги турли мактабларда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ немис тили фани ўқитувчилари мактуб йўллаб, таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида фикр билдиришган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишга катта эътибор берилаётганини таъкидлаб, ўзларини қийнаётган муаммога ҳам тўхталиб ўтишган. Яъни, қарор ижросига асосан, мактабларда 1-синфдан инглиз тилини ўқитиш йўлга қўйилиши натижасида аксарият француз ва немис тили фани ўқитувчиларининг дарс соатлари қисқариб кетгани, бу муаммони бартараф этиш юзасидан республикамизда қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот беришимизни сўрашган. Мактуб муаллифларининг мурожаатига кўра, ушбу мавзу доирасида мутахассисларнинг фикри билан қизиқдик.
— 1–5-синф ўқувчилари чет тилини такомиллашган ўқув дастури ва дарсликлар асосида ўрганмоқда, — дейди Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув-методик жараённи ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Илгари 5–9-синфларда битта чет тили 510 соат ҳажмида ўргатилган бўлса, бугунги кунда чет тили таълими 782 соатга етди. Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар ва айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлари мавжуд мактабларда соатлар миқдори янада кўпроқ. Уларнинг ўқув режасига 2–4-синфларда ҳафтасига 3 соатдан, 5–9-синфларда 5 соатдан чет тили дарси киритилган. Шу боис ушбу таълим муассасаларида 1–4-синфларда инглиз тилини ўрганган ўқувчилар юқори синфларда иккинчи тил сифатида француз ёки немис тилини ҳам ўзлаштирмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида педагог кадрлар салоҳияти ҳамда моддий-техник базаси етарли бўлган умумтаълим муассасаларида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг рухсати билан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик кенгашларига дарс жадвалини тузишда таянч ўқув режадаги умумий соатлар ҳажмидан ошмаган ҳолда, маълум бир фанларни чуқурлаштириб ўқитиш мақсадида 15 фоизгача ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилган. Бу борада чет тили ўқитувчиларига янада қулайлик яратиш мақсадида ишлар давом этмоқда. Мақсад — ҳар бир чет тили фани ўқитувчисига тенг шароит яратиш.
Ўқувчиларга 5-синфдан иккинчи чет тилини ўқитиб, самарали натижага эришаётган мактаблар тажрибасини кузатдик. Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида инглиз тили фани 1-синфдан, 5-синфдан эса қўшимча француз тили ҳам ўргатилади. Иккинчи чет тилидан дарс соатлари мактабнинг ички имкониятидан келиб чиқиб, расм, технология ва мусиқа фанларидан қисқартирилган ўқув соатлари ҳисобига тақсимланган. Чунки ушбу фанлар учун тўгарак шаклидаги қўшимча дарслар ҳам ташкил қилинган. Муассасада инглиз тили чуқурлаштириб ўқитиладиган юқори синфларда ҳафтасига 4 соат инглиз тили ва 3 соат француз тили машғулотлари олиб борилади. Фан ўқитувчилари билан суҳбатлашганимизда чуқурлаштирилган синфларда иккинчи тилдан дарсликларга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Ҳозир машғулотларда, асосан, қўлланмаларга таянилмоқда.
— Боланинг иккинчи чет тилини мукаммал ўрганиши яна бир хазина эшигини очувчи калит, — дейди француз тили фани ўқитувчиси Шавкат Бафоев. — Инглиз тилини ўрганиш жараёнида тили ўқитилаётган давлат тарихи, қадриятларидан бохабар бўлган ўғил-қизлар учун француз тилини ўрганаётганда бу жиҳатларни таққослаш завқли туюлади. Бу, ўз навбатида, тил ўрганиш жараёнини осонлаштиради. Қолаверса, ҳар бир бадиий китобни аслиятда мутолаа қилган инсон кўп маълумот ва бой таассуротга эга бўлади. Ҳар бир ўқитувчи мавзуни ўргатишда дарсга ижодий ёндашиши, компетенцияга доир мисолларни содда йўл билан тушунтира олиши керак. Тинглаб тушуниш, ўқиб тушуниш, ёзма ва оғзаки нутқ асосида қурилган методлар боланинг мукаммал билим олишини таъминлайди. Масалан, 6-синф ўқувчиларига “Уй” (La maison) мавзусини ўтишда аввал интернетдан мавзуга оид аудиоматн¬ни танлаб, гапларнинг синтактик тузилиши устида ишлаймиз. Бунда тинглаб тушуниш қобилияти шаклланган бола бир вақтнинг ўзида эшитган маълумотини баён этади ва қоғозга туширади. Ўз-ўзидан оғзаки ва ёзма нутқ ҳам ривожланиб боради.
Бунга машғулот жараёнида ўзимиз гувоҳ бўлдик. Ўқитувчи болаларга келаси замон мавзусини тушунтиргач, буни ўқувчилар қанчалик ўзлаштирганини билиш мақсадида диалог ўтказди. Масалан, болалардан дам олиш кунлари қаерга бормоқчилиги, нима билан шуғулланмоқчилиги ва қачон қайтишини баён этиш талаб этилди. Мавзу бўйича видеодарс намойиш этилиб, келаси замонга мос хатти-ҳаракатлар келтирилган феълларни топиш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур муассаса Тошкент Француз альянси нодавлат ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатгани эътиборлидир. Бу ҳамкорлик ўқувчи ва ўқитувчиларни фан ва таълим соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро доирадаги янгиликлардан бохабар бўлишга ундайди. Педагоглар ўқув жараёнида ушбу ташкилотда фаолият юритаётган француз тили мутахассисларининг тажрибаси ва услубий кўмагига таянади. Қолаверса, ҳамкорлик натижасида юқори синф ўқувчилари ўқитувчиси бошчилигида чет элга саёҳат қилишади. Франциядаги ўқув-таълим муҳитини ўз кўзи билан кўрган болалар дўст орттириб, эркин ва ижтимоий мулоқот қилишни ўрганишади.
Пойтахтимиздаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида француз тили 1-синфдан чуқурлаштириб ўқитилади. 5-синфдан эса қўшимча равишда инглиз тили дарслари киритилган.
— Муассасамизда 5-синфдан бошлаб ўқувчилар 5 соат француз тили ва 1 соат инглиз тили фанини ўрганмоқда, — дейди мактаб директори Наргиза Каримова. — Чет тили машғулотлари ўқувчилар сони 15 нафардан ошмайдиган гуруҳларда ўтказилиб, янгича метод ва замонавий техник воситалардан фойдаланилади.
Биз 5-cинф ўқувчиларининг инглиз тили машғулотларини кузатдик. “Verbes” (Феъллар) мавзусини ўрганиш жараёнида ўғил-қизлар сўзларнинг французча таржимасини ҳам такрорлашди. Феъл¬ларни таққослашда иш-ҳаракатни ифодаловчи расмлардан фойдаланилди. Бошланғич синфда француз тилида сўзлашишни, тинг¬лаб тушуниш ва фикрини содда баён этишни ўрганган ўқувчилар инглиз тилини ўзлаштиришда қийналмаяпти.
Бу тажрибаларни барча ҳудудий таълим муассасаларида қўллаш мумкин. Хусусан, Қарши тумани халқ таълими бўлими мутасаддилари ҳам дарс жадвалига таянч ўқув режадаги умумий соатлар ҳажмидан ошмаган ҳолда немис ва француз тили фанини киритиб, ўқитувчиларни иш билан таъминлаш имкониятига эга.
Тизимда олиб борилаётган бу каби ишлар ўқувчиларга яна бир чет тилини ўрганиш учун йўл очиши билан бирга, қатор мактабларда дарс соатлари камайгани сабабли ишсиз қолган ёки дарс юкламаси камайиб кетган немис ва француз тили фани ўқитувчиларига қўшимча иш ўринларини яратмоқда.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири