Мукаммал ўқув дастури – таълим сифати гарови
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 187-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган адабиёт фанидан ўқув дастурини шакллантириш жараёнида етакчи олимлар ҳамда мутахассислар, тажрибали ўқитувчилар томонидан мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқув дастурлари қиёсий таҳлил қилинди, оптималлаштирилди ва имкон қадар мавзулар такрорланишининг олди олинди. Янги дастурда ўқувчиларда шакллантирилиши зарур бўлган компетенциялар билан бир қаторда мавзулар бўйича соатлар тақсимоти ҳам ўз аксини топган. Ўз навбатида, умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши фан дастурларини узвийлик ва узлуксизлик тамойили асосида қайта кўриб чиқиш, ўқувчилар эгаллаши зарур бўлган компетенцияларни такомиллаштириш эҳтиёжини юзага келтирмоқда.
Айтиш жоизки, адабиёт фанининг дастури ўқувчи билиши керак бўлган ижодкорлар ва бадиий асарлар рўйхатини келтиришдангина иборат эмас.
Уни тузишда ўқувчи шахси, ёши ва психофизиологик хусусиятлари инобатга олиниши, дастурга киритилган ҳар бир маълумот мукаммал дарс¬ликлар яратишга асос бўлиши, ўқувчининг бадиий-эстетик дидини шакллантириш, ижодий фикрлашга йўналтириш, ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоғи лозим. Аммо дастурда такомиллаштирилиши зарур бўлган баҳсталаб ўринлар мавжуд.
5-синф адабиёт фани дастурининг иккинчи бўлими “Эртаклар оламида” деб аталади. “Уч оға-ини ботирлар” эртаги билан бирга эртак халқ оғзаки ижодининг қадимги ва кенг тарқалган жанри экани, ўзбек халқ эртакларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунча берилиши назарда тутилган. Шу билан бирга “Сусамбил” эртагидан сўнг эртак ҳақида яна назарий маълумот берилиши белгиланган. Шу бўлимдан адабий эртаклар ҳақидаги назарий маълумот ҳам ўрин олган. Бизнингча, адабий эртак, эртак-достон ҳақидаги маълумотларни халқ эртакларига доир назарий тушунчаларга сингдириб фақат бир ўринда берилса, ўқувчи учун ҳам тушунарли, ҳам кейинги асарларнинг ўзлаштирилиши осон бўларди.
Адабиёт чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар учун берилган Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”идаги “Искандар Румий жаҳонгирлик даврида”, “Искандардан сўраганларида…” ҳикоятлари орқали Искандарни ижобий образ сифатида қабул қилган ўқувчи Мақсуд Шайхзоданинг “Искандар Зулқарнайн” эртак-достонини қандай тушунади? Бу ўринда Шарқ адабиётида Искандар, асосан, адолатли шоҳ қиёфасида намоён бўлгани, Шайхзода қаламига мансуб асар давр сиёсати нуқтаи назаридан ёзилганини унутмаслик лозим.
“Болаликнинг беғубор олами” бўлимидан ўрин олган “Улоқда” ҳикояси ўқувчи ёшига мос бошқа асар билан алмаштирилса, дастур янада мукаммаллашади. Чунки ҳикояда илгари сурилган ғояни 5-синф ўқувчисининг тушуниши қийин.
Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссасидан олинган “Илтижо” ва “Туш” ҳикояларида бола нигоҳи етакчилик қилмайди. Аксинча, ҳаётнинг паст-баландини кўрган фарзанднинг онага муносабати ёзувчи нигоҳи ор¬қали акс этган. Даниэл Дефонинг “Робинзон Крузо” асарида ҳам боланинг беғубор олами акс этмагани ҳолда “Боланинг кўнгли подшо” бўлимидан ўрин олган. Бу асарда болани ўзига ром этадиган саёҳат ва саргузашт мотивлари мавжуд, холос.
Бобур рубоийларига дастурда 4 соат ажратилиши бу ёшдаги ўқувчи учун кўплик қилади ва зерикишига сабаб бўлади. Негаки, рубоийлар шоир кўнглидан тўкилган дарднинг бадиий ифодасидир. Биринчидан, ҳасби ҳол тарзидаги рубоийларнинг мазмунини чақиш, иккинчидан, тўрт соат бир мавзу атрофида фикр юритиш бу ёшдаги ўқувчини зўриқтиради.
“Кечаги кун сабоқлари” бўлимида Муқимийнинг “Танобчилар” ҳажвияси ўрнига “Саёҳатнома” асари қўйилганда ўқувчига кўпроқ эстетик завқ ва тасаввур берар эди. Ўзбек адабиётида саёҳатнома жанрининг илк намунаси бўлган асар ўқувчининг ёш хусусиятига мос, ёд олиш осон.
Саид Аҳмаднинг бўлимдан ўрин олган “Қоплон” ҳикоясида ўқувчи сабоқ чиқариши учун керакли жиҳатлар мавжуд бўлиб, унда танқид остига олинган иллат ҳамма давр учун хос. Бироқ “Собиқ” ҳикоясидан ўқувчи у қадар катта бадиий завқ ёки хулоса олмайди. Ёзувчи асарлари юқори синфларда ҳам ўрганилишини ҳисобга олган ҳолда бу ўринда ўзбек болалар адабиётидан намуналар берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан олинган “Саховат ва ҳиммат бобида”, “Ҳилм зикрида”, “Сафар манофии зикрида” бобларида келтирилган фикрларни англаш ҳам 6-синф ўқувчиси учун оғирлик қилади. Бу асарни 9–11-синфларга, 6-синф ўқувчиларига эса сюжетли, мураккаб бўлмаган асарларни тавсия этган маъқул.
Саида Зуннунованинг 7-синф дастурининг “Кўзим қароғидасан, Ватан” бўлимида берилган “Ер узра қўнди оқшом”, “Қизимга”, “Бувилар дуога қўлларин очиб” шеърлари бўлим мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирмаган. Шу бўлимда Расул Ҳамзатовнинг “Кенжа неварам Шаҳризодга” шеъри берилган бўлиб, ўқувчи унда “авлодлар ўртасидаги ворисийлик, давомийлик ва маънавий жавобгарлик туйғуларининг акс этиши”ни ўрганиши кўзда тутилган. Бобо ва невара ўртасидаги ҳусни таълил санъатига асосланган суҳбат, нозик лутф ва қочирим шеърнинг бадиийлигини, гўзаллигини таъминлаган. Аммо, бизнингча, шеърда ворисийлик, давомийлик, маънавий жавобгарлик туйғулари тараннум этилмаган. Ушбу шеър “Рангин туйғулар” бўлимидан ўрин олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Асқад Мухторнинг “Туғилиш”, “Йўл”, “Ўзимники эмас бу умр...” фалсафий шеърларини ҳам 7-синф ўқувчиси англашга қийналади.
“Ҳаётий воқелик ва боланинг хаёлот олами ўртасидаги шафқатсиз зиддиятнинг кўрсатилиши. Қабоҳатлар манбаи қаердалигини билмаган ва уларга қаршилик қилишдан ожиз гуноҳсиз боланинг бу булғаниш дунёни ташлаб кетиши инсоннинг маънавий таназзулига қилинган исён эканлиги”. Бу “Оқ кема” асарини таҳлил қилиш жараёнида эътиборга олиниши керак бўлган жиҳатлар. Энди ўйланг, 7-синф ўқувчисига буни қандай тушунтириш мумкин? Бу ёшдаги бола онгида пессимистик руҳни эмас, ҳаётга муҳаббат, атрофдагиларга ва келажакка ишонч туйғуларини шакллантириш лозим эмасми?
7-синфда Шуҳратнинг “Мардлик афсонаси” асаридан сўнг баллада жанри ҳақида назарий тушунча берилгани ўринли, лекин Хайриддин Салоҳнинг “Юлдузлар афсонаси” асаридан сўнг буни яна такрорлашга ҳожат йўқ. Қолаверса, “Юлдузлар афсонаси” баллада жанри талабларига жавоб бермайди. Амалиётчи ўқитувчилар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаси бу ўринда ўзбек болалар адабиёти тарихида катта аҳамиятга эга бўлган бошқа асарларни келтириш жоизлигини кўрсатмоқда.
Достонлар — халқнинг маънавий мулки. Аммо дарсликка киритилган достонлар ўқувчининг ёшига, савиясига мос бўлиши лозимлигини унутмаслик керак. 7-синфда “Равшан” достони енгил ўқилади. Бироқ парчадаги “Қизлар Равшанни олиб келишгач, Зулхумор, аввало, узук кўзидаги ёзувни тақдирнинг битиги деб билганидан, иккинчидан, йигитнинг чин ошиқ эканини сезиб, ёқтириб қолганидан уни қабул қилади.
Бир неча кунни Равшанбек Зулхумор билан шод-хуррам ўтказди. Равшанга кўнгли кетган, лекин эътиборини қозона олмаган ҳасадгўй Оққиз Зулхуморнинг Равшан билан яшаётганини онасига айтиб беради”, сингари гаплардан ўқувчи ёшлар бир-бирини ёқтириб қолса, яширин тарзда бирга яшайверса бўлар экан, деган хулосага келмайдими?
Ҳасанхон ўғлини қутқаришга келади ва юрт подшоси Қорахонни ўлдиради. Севгилисига етишиш учун Зулхумор ҳам отасининг ўлдирилишидан манфаатдор... Бундан болалар қандай хулоса чиқариши мумкинлигини эътибордан қочириб бўлмайди. Шу боис 11-синфдаги “Гўрўғлининг туғилиши” достонини қуйи синфда, “Равшан” достонини юқори синфда ўргатиш хронологик жиҳатдан тўғри ва ўқувчи учун тушунарли бўлар эди.
Бундан ташқари, достон ва унинг турлари ҳақидаги назарий маълумот 8-синфда (“Кунтуғмиш” достонидан аввал 1 соат, сўнг 1 соат) берилгани учун 10-синфда (“Рустамхон” достонидан кейин) уни яна келтириш шарт эмас.
Мирмуҳсиннинг “Меъмор” романидан берилган парча ҳам ёзувчининг “Хўжанд қалъаси” (“Темур Малик”) романидан олинган парча билан алмаштирилса, ўқувчиларнинг машҳур саркарда Темур Малик, фавқулодда истеъдоди ва тадбиркорлиги билан Чингизхонни қўрқувга солган Муҳаммад Интизом, юрт озодлиги учун курашган Жалолиддин Мангуберди сингари шахслар ҳақидаги тасаввури кенгайган бўлар эди.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг адабиёт фани чуқурлаштириб ўқитиладиган мактабларнинг 8-синфи учун тавсия этилган “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари” драмаси мавзу жиҳатидан эскирган. Ўз даври учун долзарб мавзуни кўтарган ушбу асар ҳозирги кун нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, бадиий жиҳатдан бўш, ғоявий салмоғи анча енгил экани аён бўлади. Дастурга Ҳамзанинг ҳозирги кунда ҳам аҳамиятли бўлган бошқа асарини, балки “Майсаранинг иши” комедиясини киритиш мумкин эди.
Бундан ташқари, мавзулар бўйича соатлар тақсимотида ҳам бироз номувофиқлик кўзга ташланади. Чунончи, 6-синфда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси ҳамда Жанни Родарининг “Ҳуришни эплолмаган кучукча” эртаги учун бир хил — 3 соатдан вақт ажратилган. Бизнингча, “Шум бола” қиссасига 4 соат, “Ҳуришни эплолмаган кучукча” асарига 2 соат ажратилса, адолатли бўларди.
“Сўзда ҳикмат бор” бўлимида “Халқ қўшиқлари” мавзуси бир соатга мўлжалланган. Ўқувчи бир соат давомида “қўшиқ халқ оғзаки ижодининг кенг тарқалган жанрларидан бири эканлиги, уларнинг турлари, лирик қўшиқларда инсон ҳис-туйғуларининг ифодаланиши, мавсум қўшиқларида халқимиз эътиқодий қарашларининг, шунингдек, болаларнинг йил фаслларига бўлган муносабатларининг куйланиши” кабиларни ўзлаштириши керак. Шу ўринда халқ қўшиқларидан намуна ва назарий маълумот ҳам тақдим этилади. Бунча маълумот бир соат учун кўплик қилади. Шунингдек, бу 8-синфда Ш.Холмирзаев (адибнинг “От эгаси”, “Хумор”, “Омон овчининг ўлими” ҳикоялари ҳажман катта бўлгани боис 3 соат камлик қилади. Қолаверса, бунинг ўрнига ёзувчининг “Банди бургут”, “Чўлоқ турна” сингари асарларини ўргатиш методик жиҳатдан тўғри бўлар эди), 9-синфда Алишер Навоий (“Фар¬ҳод ва Ширин” достонини ўрганиш ва асар асосида иншо ёзиш учун жами 12 соат ажратилган. Ҳозирги тезкор замонда ўқувчининг диққатини бир мавзу атрофида узоқ вақт жамлаб туриш мураккаб, бу уни зериктиради), Фурқат ва Огаҳий (4 соатдан ажратилган, аммо ўрганиладиган материал жуда кўп), 10-синфда Ҳ.Олимжон, А.Орипов, Ў.Ҳошимов ҳамда 11-синфда Рабғузий ва Э.Воҳидов (буларга 2 соатдан ажратилгани ҳолда ўқувчи жуда катта маълумотларни ўзлаштириши талаб этилади) ҳаёти ва ижодини ўрганишга оид мавзуларга ҳам тааллуқли.
Мумтоз адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган айрим муаллифлар эътибордан четда қолган. Масалан, Навоийгача бўлган давр адабиётида Паҳлавон Маҳмуд, хонликлар даври адабиётида Машраб, Хожа ижоди алоҳида аҳамият касб этган. Аксинча, дастурда маълум бир ижодкорнинг бир жанрдаги асарларини такрор бериш ҳолатлари учрайди. 6-синфда Саид Аҳмаднинг “Қоплон”, “Собиқ” ҳикоялари, 10-синфда “Қоракўз Мажнун” ҳикояси, 8-синфда эса “Уфқ” романидан парча берилиши кўзда тутилган. Абдулла Орипов ижодига 5-синфда 3 соат, 9-синфда 5 соат, 11-синфда 3 соат ажратилган. Ёки бўлмаса, 5-синфда Бобур рубоийлари учун 4 соат, 9-синфда лирикаси (ғазаллари) ва “Бобурнома” асари учун 7 соат, 10-синфда “Бобурнома” асари учун 4 соат, 11-синфда Бобур лирикаси (ғазаллари) учун 3 соат белгиланган. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари 6–7- (“Бемор”, “Ўғри”, “Даҳшат”) ва 10-синф (“Санъаткор”) дастуридан ўрин олган. Ҳолбуки, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси ўқувчиларни ёзувчи шахсияти ва тарихий жараёнлар билан яқиндан таништириш учун кифоя эди.
Шунингдек, 5–9-синфлар дастурида бадиий санъатларга кўпроқ ўрин ажратиш лозим. Чунки бу синфларда шеъриятнинг турли жанрлари ўрганилади ва таҳлил қилинади.
Юқоридаги мулоҳазалар катта меҳнат ва тажрибалар асосида яратилган дастурни танқид қилиш эмас, балки уни мукаммал кўриш истагида билдирилди. Ўйлаймизки, бу мавзу амалиётчи ўқитувчиларни ҳам бефарқ қолдирмайди ва таклифлар беришга ундайди.
Шаҳноза ЭРГАШЕВА,
филология фанлари номзоди
Хуршида ҲАМРОҚУЛОВА,
филология фанлари номзоди