Компьютерсиз ЭҲМ оператори мутахассислигини ўзлаштириш мумкинми?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10—11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, белгиланган касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиб, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим ва 1 кун касбга доир фанларни ўрганиши белгиланди.
— Ўтган ўқув йилида Самарқанд шаҳридаги 75 та умумтаълим мактабининг 9-синфини 6375 нафар ўқувчи битирди, — дейди Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш ва методик хизмат кўрсатиш шўъбаси мудири Нодира Ҳайдарова. — Уларнинг 1868 нафари ўз ихтиёри ҳамда ота-онасининг хоҳиш-истаги билан 10-синфда ўқишни давом эттирмоқда. Ўқувчилар зарур дарсликлар билан таъминланди. Уларга дарс бераётган ўқитувчилар малакаси босқичма-босқич оширилмоқда. Бундан ташқари, 9 та касб-ҳунар коллежи ва 1 та умумтаълим мактабида ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳафтанинг белгиланган кунлари ўқувчилар бу масканларда касб-ҳунар ўрганмоқда.
Бугун ушбу ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида таълим жараёни қандай ташкил этиляпти, деган саволга жавоб топиш мақсадида жорий йилнинг 2 февраль куни Самарқанд шаҳридаги бир нечта ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида бўлиб, вазият биз кутганчалик ижобий эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига шаҳардаги 2-, 9-, 11-, 17-, 30-, 34-, 37-, 45-, 59- ва 67-мактабларнинг жами 405 нафар ўқувчиси жалб қилиниб, уларга мебель ясаш, ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, сартарошлик, зардўзлик, наққошлик ва рассомлик каби касб-ҳунарларни ўргатиш белгиланган. Дарс жадвалига кўра, машғулотлар эрталаб соат 8:30 да бошланади.
Шу куни 2- ва 17-умумтаълим мактабларининг 107 нафар ўқувчиси тикувчилик, сартарошлик, наққошлик ва рассомлик йўналишлари бўйича сабоқ олиши керак эди. Бироқ тикувчилик йўналишида 21 нафар ўқувчидан 7 нафари, сартарошлик йўналишида 24 нафар ўқувчидан 10 нафари ҳамда наққошлик ва рассомлик йўналишида 62 нафар ўқувчидан 40 нафари (жами 57 нафар) машғулотга келмагани маълум бўлди.
Шунингдек, Самарқанд транспорт ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи негизидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида пайшанба куни 43- ва 48-мактабларнинг 58 нафар ўқувчиси учун ҳайдовчилик ҳамда ЭҲМ оператори мутахассисликлари бўйича машғулот ўтказилиши режалаштирилган. Кузатиш асносида дарсга 8 нафар ўқувчи келмагани маълум бўлди. Машғулотларни кузатиш жараёнида ўқувчи ва ўқитувчилар фикри билан қизиқдик.
— ЭҲМ оператори мутахассислигини пухта ўзлаштириш мақсадида мана, бир неча ойдан буён дарсларда мунтазам қатнашяпмиз, — дейди 48-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Меҳрангиз Қурбонова.
— Афсуски, устозимиз фақат назарий маълумот бериш билан чекланмоқда. Чунки назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлашимиз учун компьютер йўқ. — Ҳақиқатан ҳам, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуамизнинг моддий-техник базасидаги камчиликлар ўқувчилар норозилигига сабаб бўляпти, — дейди Самарқанд транспорт ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Дилором Маматқулова. — Бу муаммони бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Тез орада мажмуага компьютерлар келтирилиб, махсус синфлар ташкил этилиши кутилмоқда. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ўқитувчилари учун муайян методик қўлланмалар йўқ, натижада машғулотларни қандай олиб бориш масаласида ҳам муаммоларга дуч келиняпти.
Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён ўқувчиларга ЭҲМ оператори мутахассислиги бўйича дарс бераётган Асрор Жабборов компьютер етишмаслиги боис, назарий билим бериш билан чекланаётганини, шу билан бирга, ойлик маошини ўз вақтида ололмаётганини таъкидлайди.
Самарқанд ахборот-коммуникация технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида 1-ИДУМ, 16-, 20-, 33-, 35-, 36-, 54-, 63- ва 64-мактабларнинг 409 нафар 10-синф ўқувчиси учун ЭҲМ оператори, компьютерларга техник хизмат кўрсатиш, ҳисобчи мутахассисликлари бўйича машғулотлар ўтказилиши белгиланган. Ўрганиш давомида 20-, 54- ва 63-мактабларнинг 106 ўқувчисидан 17 нафари дарсда қатнашмаётгани аниқланди. Умумтаълим мактабларидан бириктирилган синф раҳбарлари айни ҳолатни изоҳлаб, турли важлар кўрсатишди.
— Кимёгарлар шаҳарчаси ҳамда Самарқанд ахборот-коммуникация технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи ўртасидаги масофа узоқ, — дейди 54-мактаб ўқитувчиси Баҳора Бойназарова. — Машғулотлар эса 13:30 дан 17:50 га қадар давом этади. Шу боис ўқувчиларимиз уйларига қайтгунча кеч бўлиб қолади. Бу ўқувчиларнинг, айрим ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўляпти. Бу муаммони бартараф этиш учун ҳудудимиздаги Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежида ҳам ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилса, айни муддао бўларди.
Навбатдаги манзилимиз Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи бўлди. Муассасада на директорни ва на ўринбосарларни топдик. Синфлар эшигини қоқавериб, ниҳоят, 47-мактабнинг 10-«А» синф раҳбари Дилором Ҳакимовага дуч келдик. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси фаолиятини ўрганишга келганимизни билгач, ўқитувчи хоналар ниҳоятда совуқ бўлгани боис, ўқувчиларга жавоб берганини айтди. Шу куни 47- ва 75- мактабнинг 48 нафар ўқувчисига машғулот ўтказилиши лозим эди. Гарчи бу ҳолатни оқлаб бўлмаса-да, 10—15 дақиқа синфда ўтириб совуқдан бу ерда ўқиш-ўқитиш ишлари жуда қийин эканини ўзимиз ҳам ҳис этдик.
Дарвоқе, айни пайтда реконструкция қилинаётган 47-мактабнинг барча ўқувчилари Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг шундай совуқ хоналарида ўтириб таълим олмоқда. Гарчанд қалин кийинган бўлса-да, совқотганидан кўзларида милт-милт ёш қалқиётган 1-, 2-синф ўқувчиларини кўрган кишининг раҳми келади.
Мазкур ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ўрганиш мобайнида 130 нафар ўқувчи машғулотларда иштирок этмаётгани аниқланди.
Ўқувчилар ва синф раҳбарлари билан суҳбатлашганда эса, уларнинг айримларидан «10-синфни битиргач, ўқувчиларга диплом берилади», «Ўқишни битирганимиздан кейин бизга фақат сертификат берилади», «Мактабни битириб, бирор жойда ўқий ҳам, ишлай ҳам олмайман» каби фикрларни эшитдик. Бу эса, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари орасида етарлича тарғиб қилинмаганидан далолат беради.
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Абдуҳошим ЗИЁДОВ