Эркак педагоглар кўпайса...
Илк бор мактабга борган куним бувимнинг қўлидан маҳкам тутиб, синфга кирдим. Нотаниш болаларни кўриб, бувимнинг этагига ёпишиб, уйга кетаман, дея хархаша қилаётганимда ёнимизга юзларидан нур ёғилиб турган, чамаси 40 ёшлардаги ўқитувчи яқинлашди-да, “Уйга кетмайсан. Энди сен ўқувчисан, 1-“Б” синфда ўқийсан”, деди аста. Гўё қаршимдаги кишининг сўзларига сеҳрлангандек секин бориб, иккинчи қатордаги иккинчи партага ўтирдим. Кейин меҳрибон муаллим очиқ чеҳра билан гап бошлади:
— Азиз болажонларим, 1-синф¬га қадам қўйганингиз билан табриклайман! Энди танишиб олайлик. Мен — синф раҳбарингиз Қурбонов Облақул бўламан...
У кишининг ҳар бир гапи, муомаласи, ўқувчининг қалбига йўл топа билишини кўриб, болалигимданоқ ўқитувчи бўлишга аҳд қилдим. Устозимиз эркак киши бўлгани учун ҳам бошқа синфлардан ажралиб турардик. Унинг сўзларини икки қилмаслик, ёзув-чизувда, ҳисобда хато қилмасликка, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, тартиб-интизомда ҳаммага намуна бўлишга интилардик. Ўғил болалар ҳам худди устозимиз сингари оғир-босиқ эди, қизларга ҳамиша ёрдам берарди.
Аслида 1—4-синфда Облақул устознинг таълим ва тарбиясини олган эсак-да, то мактабни битиргунимизча устоздан маслаҳат, йўл-йўриқ сўраб, катта-кичик тадбирларимизга айтмай қўймасдик. Ютуққа эришсак ёки муваффақиятсизликларга дуч келсак ҳам ўша устозимиз олдида ҳозиру нозир эдик. Афсус, бугун Облақул устоздек муаллимларни мактаблардан тополмайсиз. Айниқса, бошланғич синф эркак мураббийларини саноққа олсангиз, бармоқларингиз ортиб қолади. Ваҳоланки, педагогика соҳасидаги олий ўқув юртларини ҳар йили юзлаб йигитлар битирмоқда. Агар мактабларимизда эркак педагоглар сони ортса, ўғил болалар тартиб-интизомида, тарбиясида сезиларли ижобий ўзгаришлар, юксалишлар бўларди.
Назаримизда, ҳозирги ахборот технологиялари замонида уйда ҳам, мактабда ҳам болалар тарбияси билан 90 фоиз ҳолатда аёллар шуғулланмоқда. Оталарнинг дам олиш кунларидаги «тарбия»си билан ижобий натижага эришиш мушкул. Мактаблардаги турли тўгаракларда ҳам қизлар фаол. Ўғил болалар учун ташкил этилган спорт тўгаракларидан бош¬қа машғулотлар – дурадгорлик, кандакорлик, ёш техник, электрик, пойабзал устахонаси деган қўшимча тўгарак хоналари бўм-бўш. Ачинарлиси, ҳозир ёши 20 дан ошган аксар ёшлар, ҳатто мих қоқишни, эшик қулфини созлашни, бўёқ, оҳак ишлатишни билмайди. Арзимаган юмушни бажариш учун ҳам устага чопади.
Қисқаси, оилада ҳам, мактабларда ҳам эркак ўрнини аёллар босолмайди. Мактабларимизда чинакам мард, қатъиятли ва қаттиққўл эркаклар қанча кўп бўлса, ишбилармон, садоқатли, сабрли, вазмин, шижоатли, ҳақиқий мард йигитлар сони шунча ортади.
Шаҳноза КАРИМОВА,
Учқудуқ туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқитувчиси