Мактаб битирувчилари ҳам аттестат, ҳам диплом олади
Миллий матбуот марказида Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов таълим-тарбия тизимидаги ўзгаришлар, 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизими ҳақида фикр билдирди. Таъкидланганидек, 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан 12 та умумтаълим фани бўйича ўқув режалари қайтадан ишлаб чиқилди. Ўтган ўқув йилида 9-синфни битирган 467 минг нафар ўқувчидан 284 минг нафари айни пайтда 10-синфда таълим олмоқда. Шу кунгача умумтаълим фанларидан 18 номдаги дарсликлар 7 тилда тайёрланиб, жами 9053046 нусхада жойларга етказилди.
— Ўқув жараёни ва касб-ҳунар таълими сифатини тубдан оширишда педагоглар малакасини ошириш муҳим омиллардан бири, — деди Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов. — Жойлардаги таянч мактабларда аниқ, табиий, хорижий тиллар ва бошқа умумтаълим фанлари бўйича маҳорат дарслари ташкил қилиниб, ўқитувчилар малакаси оширилмоқда. Ўрта махсус маълумотли педагоглар манзилли дастур асосида босқичма-босқич олий таълимнинг махсус сиртқи бўлимларига жалб этилмоқда. Бу йилдан ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатувчи уста-ўқитувчиларнинг маҳоратини оширишга ҳам эътибор қаратилади. Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари республикамиз бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежида ташкил қилинган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида 50 дан ортиқ касбларни ўрганаётган бўлса, кейинги ўқув йилида ушбу касблар сонини ҳудудларнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, 60 тадан оширишни режалаштирганмиз. 11-синфда “Тадбиркорлик асослари” фани ҳам ўқитилади. Касблар мураккаблигига қараб бир ёки икки йил давомида ўргатилади. 10—11-синф ўқувчилари ҳафтасига 1 кун 6 соатдан касбий таълим олади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом ҳам берилади.
Айни пайтда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, жумладан, амалий машғулот хоналарини ривожланган давлатларнинг илғор тажрибалари асосида жиҳозлаш, хом¬ашё билан таъминлаш, таълим жараёнини методик жиҳатдан кучайтириш ва ўрта махсус таълим тизими билан интеграциялаш чоралари кўриляпти.
Президентимиз фармонида соҳадаги мавжуд камчиликларни тизимли ҳал этиш, ўқувчи-ёшларда маънавий-ахлоқий фазилатларни ривожлантиришга йўнал¬тирилган педагогик жараённи янги шакл ва усуллар асосида ташкил этиш кўзда тутилган. Соҳадаги кадрлар тайёрлаш тизимини мувофиқлаштириш, мутахассисликлар бўйича замонавий билим ва кўникмага эга бўлган, камида иккита хорижий тилни биладиган малакали педагогларни тайёрлаш зарур. Ўқувчиларнинг касбга бўлган иштиёқини ошириш мақсадида 1-синфдан бошлаб касбга йўналтириш ишлари олиб борилади. 8–9-синфларда касбга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўқитилади.
Мулоқот чоғида ўқувчилар орасида ижтимоий табақалашувнинг олдини олиш, ота-оналар талаб ва истакларини қондириш мақсадида ягона мактаб формаси жорий этилаётгани қайд қилинди. Шу кунгача мутахассислар томонидан тавсия этилган 30 дан ортиқ мактаб формаларидан 4 таси танлаб олиниб, Сардоба туманидаги 4-, Тошкент шаҳридаги 91-мактаб ўқувчилари ўртасида синовдан ўтказиляпти.
— Энг муҳим вазифалардан бири ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, обрўсини ошириш, уларга имтиёзлар бериш, уй-жой шароитини яхшилаш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашдир. Бундан буён ўқитувчилар ўз соҳасига тегишли бўлмаган ишларга жалб этилмайди. Мактаб ўқувчилари томонидан топшириладиган иккиламчи хомашё, яъни темир-терсак йиғиш амалиётига ҳам чек қўйилди, — деди Халқ таълими вазири.
Шунингдек, Халқ таълими вазири Президентимизнинг юқоридаги фармони ижросини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ҳам ҳиссаси катта эканини таъкидлаб, бу борада тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни холис ёритиш ва уларга ечим топишда ўзаро ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га кўра, жорий йилда 11-синф ўқувчилари учун 20 номда 9,7 миллион нусха дарслик яратилиши, мактаблардаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг 489 та синфи 18 йўналишдаги зарур жиҳозлар билан таъминланиши кўзда тутилаётгани маълум қилинди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Шоира БОЙМУРОДОВА,
«Ma’rifat» мухбири