Муаллимнинг мавқеи оширилмаса...
“Ma’rifat” газетасининг 2018 йил 17 январь сонида чоп этилган “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” сарлавҳали мақолада ўқитувчиларни қийнаётган ўта долзарб муаммолар қаламга олинган.
Илм эгалламаган, китоб ўқимаган фарзандлар — йўқотилган болалардир. Тан олиш керак, ёшлар китобдан бироз узоқлашгандек, илм эгаллаш иккинчи даражали вазифага айлангандек. Айни шу муаммони ҳал этиш, ёшларни илмга ошно қилиш, биринчи нав¬батда, ўқитувчилар зим¬масидаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Бунинг учун, энг аввало, ўқитувчининг ҳурматини жойига қўйиш, моддий манфаатдорлигини ошириш керак. Боғча, мактаб, лицей, коллеж ёки олий ўқув юртларида қариндош-уруғчилик ва таниш-билишчиликка барҳам бериш, халқ таълими ходимларини қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этмаслик, раҳбар ходимларнинг билим ва масъулиятини янада кучайтириш, ўқитувчининг ўқувчи олдидаги, жамият олдидаги мавқеини тиклаш, тарбиясиз ўқувчига қатъий интизомий чора қўллаш, ўқув режасидаги зарурати бўлмаган мавзулардан қутулиш лозим.
Мақолада яна бир долзарб масала эътиборимни тортди. Яъни, аксарият мактабларда эркак ўқитувчиларни топиш қийинлашиб боряпти. Мен ҳам ана шу оз сонли педагоглар қаторида фикр билдирмоқчиман. Муаммонинг асосий сабаби — ўқитувчига берилаётган маош жуда кам. Эркак киши оила устуни, боқувчиси ҳисобланади. Шундай экан, мактабларга эркак ўқитувчиларни қайтариш учун уларнинг маошини янада ошириш керак, деб ўйлайман.
Азимжон ДАВРОНОВ,
Шайхонтоҳур туманидаги 145-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси